Одатдаги кунлардан бири. Шаҳардан чиқиб кетаверишда жойлашган "стоянка”да ғужғон одам ўйнайди. Ҳар ким ўз ташвиши билан ҳар жойга шошган, қайси бир йўловчилар ҳайдовчилар билан борадиган манзилигача йўл ҳақини келиша олмасдан, бошқа машинага чопган, айрим ҳайдовчилар эса машинасини тўлдиролмай, мижоз умидида ҳар тарафга саросар бўлиб турган палла. Яна кимлардир мижоз кутиб, пашша қўриб ўтирибди. Ана шундай ҳайдовчилардан бирининг ёнига елкасига бироз каттароқ сумкани осиб олган, кўринишидан бу ерликларга сира ўхшамайдиган ва чеҳрасидан қандайдир ташвишнинг ифодаси шундоққина сезилиб турган бир киши яқинлашди. – Ассалому алайкум... Кечаги маишат бироз чўзилиб кетганидан тонготарда уйига қайтиб, бунинг устига эрталабгача ором нималигини билмаган ҳамда ланж бўлса-да, мажбуран йўлга чиққан Азамат келувчига бошдан-оёқ бир разм солган киши бўлди-да, қўлларини истар-истамас қимирлатгандек унга узатди. – Ваалайкум, келинг ака. Хизмат... – Кечирасиз, мен бу ерларда меҳмон эдим. Бошимга бир ташвиш тушиб қолди. Шунга сиздан бир нарса сўрасам майлими? Азамат "атрофда шунча машина қуриб кетгандек менинг олдимга келганини қара” деб ўйлади ва энсаси қотганини яшириб ўтирмай: – Хўш, нима экан? – деб сўради. Ҳалиги одам эса ўзининг ҳайдовчига очиқ-ошкора ёқмаганлигини аниқ-тиниқ билиб турган бўлса-да, чиқмаган жондан умид, деганларидек, дардини баён этишга киришди. – Бу ерга минг километрлик йўлни босиб келгандик. Акам бир неча ойдан бери оғир хасталикдан дард чекар эди. Болалари ёш, ҳали ақлиям кирмаган. Ҳамма оғирлиги менга. Ота-онамиз эса ёшлигимизда ўлиб кетишган. Иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Ўз шаҳримизда кўрсатмаган табибу дўхтиримиз қолмади. Қариндош-уруғлардан бири сизнинг шаҳрингизда шу касалликни даволай оладиган яхши дўхтирлар бор, дейишганди. Шунга акамни бир ўзим бўлса-да, бундан бир ойча олдин олиб келгандим. Афсуски, касаллик вақтини анчагина ўтказиб юборган эканмиз. Келганимиздан бери бироз яхши бўлиб қолганларига қарамай, куни кеча тўсатдан акам вафот этиб қолди. Жудаям мушкул аҳволда қолдим. Қариндош-уруғлардан бирортасини бу ерга чақирай, десам, йўл анча олис. Бунинг устига олиб келган пулларимнинг ҳаммасини акамнинг тузалиши учун дори-дармонга ишлатиб юборибман. Энди ҳатто уни қайтариб олиб кетишгаям етадиган пулим тугади. Шунга... агар сиз билан келиша олсак, манзилга етганимиздан сўнг йўл ҳақини икки баравар қилиб тўлардим. Нима дейсиз? Азамат аввалига унинг гапларини эътиборсиз туриб эшитган бўлса-да, бирдан бироз сергак тортиб, ўзини инсофга чақирди. Мусофир одамнинг мушкулини енгиллатиш ҳам бир савоб. Қолаверса, буёғига икки баравар қилиб тўлайман ҳам деяпти. Шу нарсаларни хаёлидан ўтказар экан, қаршисидан ўзига умид билан тикилиб турган одамга яна бир бор синовчан разм солди. Кўринишидан бу ҳолга ўзидан-ўзи тушиб қоладиган одамга ўхшамас, юзида жиддийлик, қисқаси, таг-туги ҳам гўёки бақувватдек кўринди. – Хў-ўш, ака, – деди у салмоқлаб. – Биринчидан, сизнинг шаҳрингизга бу ердан тўғри борадиган бирор киракаш машинани топишингиз жуда мушкул. Иккинчидан, бориб келишнинг ўзи икки кунлик вақтни олади... – Ҳа, мен буларни жуда яхши биламан. Шунинг учун ҳам икки баравар ҳақ тўлайман, деяпман. Фақатгина шаҳримизга етиб олсак бўлгани. Агар дардимиз бўлмаганида сизни лойиқ меҳмон ҳам қилиб, совға-саломимизни ҳам қуюқ қиладиган одамларданмиз. Бизга шунақа тарбия беришган. Энди... нима дейсиз, қазога чора йўқ экан. Қолаверса, машинасига ўликни ортишга рози бўладиган бирорта мард ҳайдовчини топишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Мен бунақа нарсаларни жуда яхши тушунаман. Ўзимнинг ҳам уёқда машинам бор. Шошма-шошарлик билан келганимиз, машинамни узоқ йўлга тайёрламаганим учун ҳам кира қилиб келгандик. Энди начора... Бу гаплардан сўнг Азамат яна бироз мулоҳаза қилган бўлди-да, розилигини билдирди. Улар йўл ҳақини келишдилар. Аслида бу одам бераман, деган пулга икки марта ўша шаҳарга бориб, яна қайтиб келиш мумкин эди. Лекин Азаматнинг ҳам нафси яна бироз ҳакалак отди ва буни тўрт марта бориб, қайтиб келишга етадиган қилиб келишувни маҳкам қилдилар. Хуллас, икки томон ҳам бир-бирларидан мамнун бўлиб, машинага ўтиришди. Ўтиргач: – Кечирасиз, мен бирров уйга кириб, болаларимга қаерга кетаётганим ва бир-икки кун уйда бўлмаслигимни айтиб чиқишим керак, – деди Азамат. – Ҳа, албатта. Бемалол. Йўл-йўлакай уйига қараб бораркан, бу "ёғлиққина мижоз”нинг яна бир дарди чиқиб қолди. Аввалига Азамат қўл силтаганча уни машинага миндирган жойига қайтариб олиб бориб ташламоқчи бўлди-ю, яна бир нарсаларни хомчўт қилиб, бу фикридан қайтди. Хуллас, меҳрибон ука акасининг ўлганига қарамасдан, шунча кундан бери унга жонини койитиб қарашган дўхтирларни ҳам рози қилиб кетмоқчилигини айтди. Шунга уйига бориб яна қайтиб келгандан кўра агар Азамат фалон пулни шу ернинг ўзидан топиб бера олса, унга бу пулни ҳам икки баравар қилиб қайтаришини қўшиб қўйди. Чунки бошида дўхтир билан келишилган экан-у, энди ўша миқдорнинг ярмини бериб кетай, деяпти инсоф юзасидан. Ҳар ҳолда акасининг жони омон қолиши учун шунчалик хизматларини аяшмади. Буни у унута олмайдиганлар тоифасидан эмиш. Сўралган пул анчагина салмоқли эди. Аммо унинг орқасидан келадиган фойдаси ҳам шунга яраша-да. Ахир икки баравар қилиб қайтараман деяпти-ку. Қолаверса, бу унинг ўзига нисбатан миннатдорчилигини билдиришини ҳам қистириб ўтган "ёғлиққина” йўловчисининг юзига қарамай, кулимсираб қўйди. Хуллас, пулни топиш керак. Азамат уйига етиб боргач, йўловчини машинада қолдириб, ярим соат йўқ бўлиб кетди. Сўнг узоқ йўлга тайёргарлик кўргандек сафар халтасига ўхшаш бир нарса олиб чиқиб, машина юкхонасига ортди ва салонга газета қоғозига ўроғлик пулни қўйди. Орқасидан уни кузатиш учун чиққан хотини ва болалари билан хушҳол хайрлашаркан, келгунича эҳтиёт бўлиб ўтиришларини тайинлади. Ниҳоят машина жойидан қўзғалди. – Энди касалхонагами? – деб сўради йўловчи ясама ҳорғин бир товушда. – Йўқ, – деди Азамат. Сиз сўраганчалик пул уйда йўқ экан. Ҳозир яна бир жойга кириб чиқамиз. Мен сўраб қўйдим. Топилади, хавотир олманг. – Сизга мингдан-минг раҳмат. Болаларингизнинг умри зиёда бўлсин. Менга қилган бу яхшилигингиз Худодан қайтсин илоҳим, – деб узундан-узоқ дуо қилган йўловчининг ўзига қараб негадир мийиғида кулиб қўйганини Азамат пайқамади. Яна бир жойга кириб чиқдилар. Қўлида бир боғлам пул билан чиққан Азамат салондаги газетага ўралган пулни ҳам қўшиб йўловчининг қўлига тутқазди. – Мана ака, сизнинг ҳам мушкулингиз осон битди. Худо деган одам экансиз. Энди касалхонага борсак бўлади. Касалхонага етиб келдилар. Машинани ичкарисигача ҳайдаб кирган Азамат кириб чиқа қолинг, дегандек мижозига қаради. У мен ҳозир, деб пулни қўлтиқлаганча тушиб кетди. Касалхонанинг ҳовлисию ташқариси жуда гавжум. Кимдир бу ерда ётган яқинларидан бир хабар олай, деб келган бўлса, яна кимдир ўз дарди билан овора бўлиб келган. Хуллас, ҳар доимгидек кечалари сокин, кундузлари бесаранжом бир маскан. Орадан бир соатча вақт ўтди. Азамат тараддудланиб соатига қараб-қараб қўярди. "Ишқилиб, узоқ йўлга эртароқ чиққанимиз маъқул эди-да. Нега бунча кечикди экан. Битта ўликни бир соатда ҳам қайтариб беришмайдими-а?!” У зерикиб, машинадан тушди ва эшик ёнига қистирилган латтани олиб машинанинг у ёқ-бу ёқларини арта бошлади. Бу машғулот ҳам нари борса, ўн дақиқа давом этгандан сўнг Азаматнинг кўнгли негадир ғаш бўлиб яна машинага қайтиб ўтирди. "Кеча ўзиям роса маишат қилибмиз-да. Энди кун бўйи аҳволим шу...” деган ўйларни хаёлидан кечираркан яна бир бор қўл соатига қараб қўйиб, бошини орқага ташлади... Во ажаб, орадан икки соат ўтди ҳамки, бу "ёғлиққина мижоз”дан дарак бўлмади. Аксига олиб, исминиям сўрамабди-я. Ёнида қўл телефони бўлса, ҳеч бўлмаса, шунинг рақамини олиб қолмайдими? Вақт учинчи соатга яқинлашганида бирдан Азаматнинг ланж ва карахт бўлиб турган миясига бир фикр зарб билан урилдию шоша-пиша машинадан туша бошлади. Машина эшигига калит солишни ҳам унутиб, касалхона биносига қараб югурди. Афсуслар бўлсин, энди унинг барча саъй-ҳаракатлари зое эди. Касалхонанинг-ку кирмаган эшиги қолмади ҳисоб, на анави мижоз айтган шаҳардан келган беморни бирор тирик зот билади, на у айтган ўликни. Аслида бу ерга у шаҳардан ҳеч қандай бемор келиб даволанган эмаслигини ҳам айтишди. Додини кимга айтишни билмай, ичи куйиб, зириллаб касалхона ҳовлисида тентираб юрган Азаматнинг бу аҳволини билган кулди, билмаган тушунмасдан лабини жийириб қўя қолди... Хуллас калом, шу ерда ҳаммасига нуқта қўямиз. Чунки бундан буёғига ҳам на ўлик топилди, на тирик.