Телебошловчи Ойбек Рихсибеков туркиялик хонанда Мустафо Сандалнинг концертида томошабинларга «авом» дея мурожаат қилган. Бу ҳақда концертда бўлган томошабинлар маълум қилишди.
4 май куни Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройи ёзги майдонида, Туркия Бош вазир девони ҳузуридаги Танитиш Фонди, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда «Фонд Форум» ҳамкорлигида, турк эстрада хонандаси Мустафо Сандалнинг концерт дастури бўлиб ўтган. Концертда телебошловчи Ойбек Рихсибеков бошловчилик қилган.
Концертда бўлган томошабинлардан бирининг маълум қилишича, Рихсибеков «концерт бошида ташкилотчилар ҳақида ижобий гаплар айта туриб, томошабинларга қарата, баралла овозда: «Қарсаклар, қарсаклар, қарсаклар, эй авом!», – деб мурожаат» қилган. Бундан ташқари, бошқа томошабинларнинг қайд этишларича, туркиялик созандаларни таништираётганида, бошловчи бир неча бор «Туркия шаҳри» деган жумлани ишлатган.
Маълумот ўрнида, ўзбек тилининг изоҳли луғатида «авом» сўзи оддий халқ оммаси, «қора халқ», ўқимаган, саводсиз кишилар маъноларини бериши ёзилган.
29 ёшли Ойбек Рихсибеков, Bazm.Uz сайти маълумотларига кўра, актёр (у бир неча сериаллар ва, KinoPoisk.Ru маълумоти бўйича, «Зумрад ва Қиммат» фильмида суратга тушган) ва бошловчи бўлиб, ҳозирги вақтда TVM телеканалидаги бир қатор дастурларда, жумладан, «Dog’da qoldirdim» кўнгилочар кўрсатувида бошловчилик қилади. 2012 йилги MTV&A тақдимотида Ойбек Рихсибеков йилнинг энг яхши телебошловчиси дея эълон қилинган эди.
Туркия элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Мустафо Сандал Тошкент шаҳрида берадиган концертидан сўнг, «Фонд Форум»нинг йирик лойиҳаларидан бири – «Асрлар садоси» олтинчи анъанавий маданият фестивалида меҳмон сифатида қатнашади ва фествал бўлиб ўтадиган Навоий вилоятида кичик бир концерт дастурини намойиш этади.
|