Замон тезлашяпти, техника ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал кириб борган, унингсиз бир қадам ҳам босмаслик даражасига етганмиз. Мана шу шафқатсиз жараённинг дастлабки қурбонларидан бири инсонга минглаб йиллар давомида беминнат хизмат қилган отлар бўлди.
Аввалига жангу жадалларда тенгсиз йўлдош, кейинчалик юк ташиш ҳамда манзилга етказишда улов, маълум муддат ҳатто гўшт ва кейинчалик шунчаки ҳавасга айланган ОТ бугун ҳайвонот боғига тушар даражага етди, кўчадан ўтса биз шошилиб кўрсатган болаларимиз нималигини билмай ҳайратланадиган бўлишди.
Албатта, бевосита мақсад бўлмаса, от боқиш, сақлаш анча мураккаб жараён. Унга алоҳида жой ҳозирлаш, емиш топишга ҳамманинг ҳам ҳамёни дош бермайди. Лекин не ажабки ҳар бир маҳалланинг кўрки бўлган баланд хонадонларда ҳам от кишнамай қўйган. Бой қизиқмаганидан кейин...
Наҳот йўлдошимиз ҳақида фақат эртакда ўқиб, суратини томоша қилсак?