Главная » 2014»Fevral»5 » Ярим ялонғоч Нюшани ўзбек сахнасида талаб кетишди
20:39
Ярим ялонғоч Нюшани ўзбек сахнасида талаб кетишди
Нюшанинг концерти 2 соатда ўтди-кетди. Бироқ, мана шу икки соатлик концертни томошабинларга кўнгилдагидек тақдим этгунга қадар салкам икки ойлик меҳнат сарфланди. "Арт модерн мюзик” продюсерлик маркази ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтиб, ҳар қандай молиявий муаммолар бўлмасин, бартараф этиб, ўзбекистонлик мухлислар интиқ кутган концертни амалга оширди! Халқаро тоифадаги продюсер Фируза Мурадова ваъдасининг устидан чиқди! Келинг, яхшиси, тафсилотларга тўхталсак. Зал совуқ, йўқ, жуда совуқ эди. Иситиш тизими ишдан чиққан шекилли, (қачон янгиланаркин?!) ташқаридаги совуқ етмагандай, залнинг ичида ҳам аёз ҳукмрон бўлди. Таъбир жоиз бўлса, Нюшанинг олов рақсларининг кучи бутун зални иситишга етмади, бироқ, кайфиятга илиқ ҳарорат бахш этди! Агар, шу ҳам бўлмаганида, совуқ томоша залида ўтиришга ҳам ҳожат бўлмасди.
Иссиқ кийимларга ўраниб олган томошабинлар, саҳнада деярли ёзги соҳил либосларида намоён бўлган хонанданинг совуқ устидан ғалаба қозонганини кўриш ҳақиқий шов-шув эди. Совуқ ўлканинг қизига биздаги совуқлар таъсири умуман сезилмаган бўлиши мумкин ё-да, Нюша турне учун тайёрлаган либосларидан воз кечиб бўлмаслигини аниқ билган...балки, залда иситиш тизими ишламаслигини хаёлига ҳам келтирмаган! Нима бўлганда ҳам, у совуқотганини сездирмади!
Нюша Майкл Жексонни ҳам хотирлади. Ҳаммадан кўра кўпроқ, 4200 томошабин орасидаги Жексоннинг ўзбек шогирди - Райҳон ғойибона устози ёд этилганидан боши кўкка етган бўлса, ажабмас.
Барча мусиқа фонограммада (электрон мусиқани жонли чалишнинг иложи ҳам йўқ-да!) янграган бўлса ҳам, хонанда ёлғон овоз билан мухлисларини алдамади. У тўлиқ жонли куйлади.
Ўсмирлар Нюшанинг асосий мухлислар аудиториси бўлгани учун кўплаб хонандалар фарзандлари илтимосини инобатга олишига тўғри келди. Тоҳир Содиқов қизларини ўз ўринларига жойлаштириб кетди, Дилфуза Исмоилова қизи билан бирга яқин дугоналарининг қизларини ҳам олиб келиб, улар билан бирга концерт томоша қилди. Райҳон сингли билан 11-қаторнинг қоқ ўртасида мириқиб дам олди. Россиялик юлдузлар концертида умуман кўринмайдиган Анвар Санаев, Дилфуза Раҳимова, Шуҳрат Воҳидов, Сайёра Қозиевалар негадир Нюшанинг концертида томошабин бўлишди. Янгилик излашгандир-да! Жасур Умиров мухлис бўлиб, Нюшадан концерт сўнггигача кўз узмади. "Тантанам”чи Нилуфар концерт олдидан Нюша билан суҳбатлашиб, унга гулдаста улашди. Нилуша ва Нюша эсдалик учун суратга тушиб, ижод борасида фикрлар алмашишди.
Нюшанинг мато кам ишлатилган либослари ҳамманинг оғзидаги муҳокамага айланди. Бундай либосларни Тошкентдаги концерти учун у лозим топмаган, билъакс хонанданинг турнеси учун атайлаб тикилган бу кийим-кечаклар барча концертлар учун мўлжалланган. Шундай экан, танасининг ярми ё ундан кўпроқ қисмини кўрсатиб турувчи бу "очиқлик”ни "ёпинтириш” бобида маслаҳат бериш калтафаҳмликдан далолат бериши турган гап эди. Россиялик юлдузлар ҳам Ғарб каби саҳнада ярим ялонғоч кийинишни хуш кўрувчилардандир!
Нюшанинг томошабинлар билан самимий мулоқотга киришганини кузата туриб, унинг асл қиёфаси сал бошқачароқ эканлиги хаёлдан ўтди. Камина унинг саҳна орти ҳаётини кузатиб шундай фикрга келди. Журналистлар йиғилиб, бир оғиз гап олиш илинжида Нюшанинг хонадан чиқишини роса пойлашди. Сабрли қаламкашларга Нюшанинг интервью бериши, фақат бунинг учун 5 дақиқа вақт ажратишини айтишди. Ясама киприкларини пирпиратиб эшикдан ташқарига чиққан россиялик ойимчага саволлар "қор”и ёғдирилди. Савиясиз, ҳаддан зиёд жўн саволлар унинг энсасини қотирди шекилли, жавоблар жуда қисқа ва энсақотар бўлди! Ким унинг қандай учиб келганини сўраса, бошқа биров пойтахтимизда нима егани билан қизиқди... Севара Назархонни таниши ё танимаслиги билан қизиққанларга аввал танимаслигини, кейин кетма-кет "Севарани-я?!” деган пичингларга у гўё мажбурият юзасидан "ҳа, танийман” дейиши кераклигини англагандай, худди шундай жавоб ҳам берди. Шаҳзодани сўрашди...Яна шу йўсиндаги жавоб. Кейин, яна бир дақиқа ўтар-ўтмас, "узр, биз 5 дақиқага келишгандик” дея бўёққа тўлган юзида ясама табассум зоҳир қилиб, ё яна чапланишга ё устидаги шубасини ечиш учун хонага кириб кетди. Ваъда қилинган 5 дақиқа 3 дақиқалик олди-қочди савол-жавоб билан якун топди! Журналистлар тарвузи қўлтиғидан тушди. Қай журнаслист уни кўрганидан хурсанд, қай бири аҳмоқона икки дона савол берганидан мамнун...Яна айримлари "бунча ўзини олмаса, Нюша бўлсанг, ўзингга!” деган норозилик билан томоша залига қайтишди. Ҳақиқатан ҳам ғалати. Бу журналистлар ичида дунёнинг "манаман” деган мегаюлдузларини ҳам кўрганлари бор. Суҳбатлашиб, оммага асл қиёфаларини очганлари бор. Уч ё тўртта хит яратиб, Россиянинг қаерларидадир омадли концерт бериш – "менсимаслик учун чипта” дегани эмас-ку!? Нюшанинг ўзини юлдуздек тутиши, характеридаги манманлик ва кибр бир куни келиб, самимийликка ўрин бўшатади. Фақат унда кеч бўлади...Ўзини бошқалардан устун тутиб, шунча суратга тушиш илинжидаги мухлислар ва журналистларга паст назар билан қараган хонанда кийиб чиқан матоҳларига бир назар ташласа бўлармиди? Чин сўз билан айтганда, Нюша саҳнада намоён бўлаётган либосларни, ўзбек хонандалари ҳожатхонага боришга ҳам киймайди. Оёғидаги ранги урниққан қора этикни эса аллақачон ахлатга ташлаб юборишган бўлур эди. Аччиқ гаплар, бироқ ҳақиқат. Бу фикрлар журналист аҳлини менсимагани учун эмас, тавалло қилиб интервью берилганида ҳам айтилган бўлур эди.
Нюшанинг рақс борасидаги маҳорати унинг дунё юлдузларидан кам эмаслигини исботловчи яна бир жиҳатидир. Россия шоу-бизини обдон кузатсангиз, ҳам профессионал рақсга тушиб, ҳам жон бериб куйлаш бўйича ҳозирча Нюшага етадигани йўқ. Ўзбек шоубизида бу борада Райҳон илдамчи эканлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Нюшанинг яна бир ютуғи – отапарварлигида. Хонанда инглиз тилида ёзган шеърига унинг отаси мусиқа басталади. Айнан шу қўшиқни қиз-ота куйлаганида, экранда ота-қизнинг эсдалик суратлари намойиш этилди.
Ҳар бир қўшиқ алоҳида меҳр билан олқишланди. Ё музлаб қолган қўлларни ҳаракатга келтириб овунтиришгани учун шундай туюлди ё ҳақиқатан Нюшанинг барча қўшиқлари мухлисларга ёд бўлиб кетган. Хонанданинг омма биладиган "Наедине”, "Выше” каби 4-5 хит қўшиғини инобатга олсак, тахминимизнинг биринчиси ҳақиқатга яқинроқ.
Муҳими, Россиялик юлдуз юртимиздаги мухлислари учун концертини тақдим этди. Уларни озми-кўпми хурсанд қилди. Ҳаво ҳарорати аномал даражада пасайиб кетганига қарамай, "Истиқлол” тўлди! Барча ташкилотчиларга ва совуқ ҳаво шароитида ёздагидай жазирама улашишга ҳаракат қилган Нюшага миннатдорчилик билдириб қоламиз. Маслаҳатимиз эса, бу гал юртимизга бурнингизни сал пастга тушириб, "юлдузлик касали”дан даволаниб келинг, Нюшахон. Шундоғам, ўзбек шоубизида ҳам босар-тусарини билмай қолган, Сиздек чала-юлдузликка даъвогарлар етарли...