"Kanebo” косметик фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган терини оқартирувчи воситалардан минглаб киши жабрланган.
Фирма вакилларининг қайд этишича, улар шикоятларни кўриб чиқишда давом этмоқда, ҳозирнинг ўзида шикоятлар сони 8,6 мингдан ошиб кетган. Уларга кўра, ушбу компания маҳсулотлари харидорларда тошма ва бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқараётган экан.
"Kanebo” фирмаси таркибида "4HPB” моддаси бўлган 54 номдаги ўз маҳсулотини қайтариб олишини билдирган. Фирма вакилларининг фикрича, истеъмолчилар айнан шу моддадан жабрланган бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, ушбу модда табиий компонентнинг компания томонидан ишлаб чиқилган синтетик аналоги ҳисобланади. "Kanebo” фирмаси юз терисини оқартириш ўрнига уни куйдириб юборган мижозларнинг тиббий харажатларини қоплашини ваъда қилди. Қайд этиб ўтамиз, оқартирувчи косметика Осиё мамлакатларида жуда оммабоп бўлиб, бу ерда истиқомат қилувчи аёллар терисини оқартиришга жуда қизиқади.