SHERLAR.BIZ Payshanba, 26.12.2024, 13:38
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 285
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 5
Mexmonlar: 5
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Mart » 26 » ЯНГИ келин, куёв, қайнона, қайноталарга 5 маслаҳат
16:26
ЯНГИ келин, куёв, қайнона, қайноталарга 5 маслаҳат
Бу мавзудаги мақолага кириш сўз ёзиш ниҳоятда осон: Янги келин бир ниҳолдек гап, унинг бегона тупроқда ўзини тутиб кетиши учун кўпчиликнинг ёрдами зарур. Унинг ўзи ҳам ҳаётга интилиши, катта дарахтга айланиш учун илдизини чуқурроқ отиши керак… Йўқ, бу гаплар кўп айтилди, мен жуда янги бўлмаса-да, янги келин мавзусига сал янгироқ фикр айтмоқчиман: Янги оила қурилдими, унинг атрофидаги эски одамлар ҳам ЯНГИ бўлиши керак. Бунинг учун ҳамма ўз масъулиятини ҳис қилиб, янги оилада янгича, яъни ижобий яшашга ҳаракатни бошласин!

КЕЛИНга 5 маслаҳат

1. Келинпошша, ойпошша, орзуларингизнинг ушалгани мана шу-да! Қаранг, ҳамма нарсангиз янги, соч тўғноғичингиздан тортиб, оёғингиздаги шиппагингизгача! Уй жиҳозингиздан тортиб, тахловдаги сочиғингизгача! Ота-онангиз йиллар бўйи сизга деб йиққан мол-дунёсини қўш қўллаб топширди. Уй-жойингиз янги, оилангиз янги! Ана энди ўзингиз ҳам янгиланишингизга тўғри келади. Зоҳирий янгиланиш ўз йўлига, ички дунёнгизни қайта кўриб чиқиб, олиб қолиш керак бўлган хислатларингизу тарк этиш керак бўлган одатларингизни санаб чиқинг. Пишириқларни яхши пиширасизми, баракалла, шундай давом этинг! Эрталаб ухлаб қоладиган одатингиз борми, тўйдан олдин курашинг! Эрта ётиб, барвақт туришни машқ қилинг! Эркаланиб ёқиб қолиш ортда қолди, ана энди меҳнату иззат орқали ёқиб қолиш учун курашинг.

2. Бу янги уйда ким қайси ўринда туришидан қатъи назар, ҳамма бирдек ва ҳамма вақт ҳурмат қилиниши керак. Қайнона борида қайнукага овқат сузиб бериб, йўғида хонангиздан чиқмай ўтириш яхши эмас. «Эрим индамайди» деб қайнотанинг олдида очиқ либос кийиш яхши эмас. Ёки «қайнсингил ким бўпти, қайнонаммиди у менинг» деб ўзингиздан кичик қиз билан гап талашиш умуман яхши эмас!

3. Эркакнинг мушаги кучли, иродаси кучли, ақли кучли, аммо, асаблари ниҳоятда бўшанг. Унга гап чақишдан олдин яхшилаб ўйланг, оқибати кимга яхши бўлади? Шунчаки енгиллаб олиш учун ниманидир гапирмоқчи экансиз, шу ишни 2-3 кун кейинга қолдиринг, вақт ўтгач, аламлар ҳам, норозиликлар ҳам тугаб, бўшашиб қоласиз ва «бўлди-деди»ларнинг 80 фоизи ёдингиздан чиқиб кетган бўлади. Шу сабр орқали кўпчиликнинг асаблари асраб қолинади!

4. Эринчоқлик — келинчакнинг душмани. Эринганингиздан ўзингиз билган нарсаларни билмасликка олманг! Ўзингизни аввалдан суғурталагандек «мен бу ишни аввал қилмаганман» дейдиган оппоқ қизнинг расмини чизманг. Нима бўлган бўлса, очиқ айтинг: «манти қилиб кўрганман, лекин ёнимда катталар бор эди, мустақил компот ёпиб кўрмаганман, аммо ҳар доим қарашиб турганман, қайси бири бегона ўт, қай бири гул эканини кўрсатсангиз, томорқани ўтаб бераман». Одам ўз ғайратини ўзи ўлдирмаса, унда меҳнатга бўлган иштиёқ сўнмайди.

5. Кўп келинлар ўзининг «ёқиб олиш миссияси»ни бир томонлама ривожлантиради. Ё эрига, ё қайнонасига ўзини бағишлаб, оиланинг бир устунини мустаҳкамлаб, бошқа устунини омонат қўяди. «Эрим мен томонда» деб, онаси ўртасида қози қилиб қўйиб, хотиржамликка берилмасдан қайнонанинг ҳам дилидагини топишга ҳаракат қилинг. У кўп нарса сўрамайди: вақтида супурилган ҳовли, дамланган чой, ёзилган дастурхон, йиғиштирилган ошхона, ювилган кир, қилинган табассум ва қурилган суҳбат! Унутманг, ҳаммаси вақтида бўлиши керак!

КУЁВга 5 маслаҳат

Мазза-мазза, сизга мазза! Янги сарполарни кийиб, ҳаётдан мамнун кўчага чиқиб кетаётганингизда оила аъзоларингизни бирма-бир кўз олдингиздан ўтказинг: «Ҳеч кимни унутиб қўймаяпманми, беэътибор қолдирмаяпманми, олдин укам билан кўп уришардим, энди дўст бўлишим керак, синглимнинг туғилган кунида совға бермасдим ҳам, энди бир эмас, иккита қилишимиз керак, онам-чи онам, мени зимдан кузатаётган онамнинг кўнгли ҳамма нарсадан тўқми, у кишига диққатим бўлингандек туюлмаяптими, отамга маошимнинг ҳеч бўлмаса ярмини бериб қўйсам бўларкан, ҳар ҳолда ёнига кирадиган вақтим етди...» Ҳа, куёв бола, булар ҳақида ўйлаш ва ишга киришиш вақти етди. Энди катта оила бағрида ўзингизнинг кичик қўрғонингиз бор. Қўрғонингиз бутунлиги учун атрофдагилардан ҳар қанча миннатдор бўлиб, кўнглини олсангиз арзийди.

Янги куёвнинг чойхонаю гаштаклари кўпайса-кўпаядики, ҳеч камаймайди. Шундай пайтларда эртаю кеч хонадонингизнинг иссиқ-совуғида жон олиб, жон бериб хизмат қилаётган ва сизни кутиб, кўзларига уйқу келмаётган келинчагингизни ўйланг. Бу вақтлар ғанимат, чойхоналар эса туну кун, яна 10 йилдан кейин ҳам очиқ бўлади. Уйга вақтли қайтишга ҳаракат қилинг! Аммо кун бўйи уйда изғийвермаслик ҳам керак!

Ўз уйидан бегоналашган қизга ўз хонадонингизни таништириш учун албатта вақт ажратинг. Кимга нима ёқади, ким нимани хоҳламайди, эринмай тушунтиринг. «Дадамга чойни аччиқ дамла, ойим эса аксинча кўк чой ичади, синглим ялтироқ нарсаларни яхши кўради, укам эса футбол кўраётганда бошқа каналга олишларини ёқтирмайди...» Кўп ахборотга эга бўлган одам дунёни бошқаради, деганларидек, келинчагингиз ҳам уйингизни ўзиники қилиб олиши осонлашади.

Келин учун қайнона-қайнота қанчалик муҳим шахслар бўлса, сиз учун ҳам улар — иккинчи ота-она. Уларни ҳурмат қилинг! Қайнотангизнинг қон босими ошганини индамай эшитиб ётмасдан, ярим дақиқага бўлса-да қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб қўйсангиз, кифоя. Келин ҳам, унинг ота-онаси ҳам бундан қувониб, кўнгли кўтарилади.

Келиннинг кўнглингизга ўтиришмаган бир жиҳати бўлса, дарров текислашга киришманг. Қўлидан телефонини шартта олиб қўйиб, «бир йилдан кейин оласан», дейишдан олдин «гап орасида қистириб ўтиш», «тушунтириш» ва «3 марта огоҳлантириш» каби тарбиялаш усулларни қўллаб тарбияланг. Ўхшамаслиги мумкин эмас, ахир у сўзингизни ҳурмат қиладиган, ўзингизни севадиган келин-ку!

ҚАЙНОНАга 5 маслаҳат

Янги келинни навниҳолга ўхшатишган, палахмон тошига менгзашган. Мен эса сизга уни хамир деб тасаввур қилишни таклиф этаман. Қўлингиздаги зувала хамир ҳам қаттиққина, пишиққина бўлиши, ҳам чиройли ёйилиши учун уни бир-икки «муштланг». Аммо бу «мушт» тарсаки ё шартаки гап кўринишида эмас, тушунтириш орқали амалга ошсин. Янги келин «ойим нима деркин?» деб кўзингизга қаролмай, дарахт баргидек қалтираб туради. Мақтов, маслаҳат, тартибга чақириш — ҳаммаси бир хил оҳангда бўлсин, оловингиз бир хил маромда ёнсин. Шунда у икки юзи ол ранг, сизга ёқадиган ширмой нон бўлади, пишмай, аро йўлда қолиб кетмайди, ё таги олиб, тандирга йиқилиб тушмайди.

Бошқа болаларингизга ва ўғлингизга келиннинг заиф тарафларини айтманг, ҳурмати ва ихлоси камаяди. Она — уйнинг қуёши! У кимга кўп нурини сочса, ҳамма ўшанга талпинади ва яхши кўра бошлайди.

Келинни ўзи эшитадиган қилиб мақтанг, ёмонламоқчи бўлсангиз, ўзингиздан бошқа ҳеч ким эшитмасин. Албатта, бу қийин масала, лекин кўчадаги одам келинни сиз истаган шаклга солиб беролмаганидан кейин натижасиз ишга гап кўпайтириб, чакак оғритиб нима қиласиз?

Янги келин уйингизни тўлдириб келди, кўнглингизни тўлдирадиган бўлиши учун унга истакларингизни очиқ айтинг. У башоратчи Ванга эмас, ёки 20 йиллик қизингиз эмас, кўзингиздан билиб ололмайди. Айтилмагани учун бажарилмаган истак, буюрилмагани учун қилинмаган иш туфайли келинни айблаб бўлмайди. Билиб-билиб қиладиган даражага етиши учун ҳали озгина вақт бор.

Янги келинга ҳамма сирларни айтиш яхши эмас, аммо у яхши сирлардан бохабар бўлсин, сўнг ўзини сизга яқин одам деб тасаввур қилсин. Яқинлашсангиз, келин ўзини олиб қочмайди. Плюс ва минус бирлашсагина, симдан электр токи келади. Унга том маънода яқинлашинг, шахс сифатида ҳурмат қилинг, меҳрингиз албатта ўзингизга қайтади.

ҚАЙНОТАга 5 маслаҳат

Ўғлингиз сиз учун ҳали ҳам ёш бола бўлса-да, уни оила аъзолари, айниқса, янги келин олдида уришманг. Янги келин учун ўғлингиз ҳамма нарсага қодир шахсдек кўринади. Келиннинг ихлоси қайтмаслиги ёки сизга нисбатан фикри ўзгариб қолмаслиги учун бу ишни бошқалардан холи пайтда амалга оширинг.

Келиннинг ошхонадаги ишларига аралашмасликка ҳаракат қилинг, кўрсатмаларингизни аёлингиз — қайнона орқали ҳам етказишингиз мумкин.

Янги келин олдида қайнотанинг обрўси аслидан-да кўра баландроқ бўлиши, ҳеч бўлмаса шундай туюлиши керак. Чунки сизни бошқалар қандай ҳурмат қилишига қараб, келин тасаввурида ўғлингизнинг оиладаги ўрни ҳам белгиланади.

Қайнота ва қайнонанинг янги келин олдида гап талашиши, қайнотанинг сўконғич, ичувчи бўлиши яхши манзара эмас.

Қайнотанинг талаблари ақл доирасида, имкон даражасида бўлиши керак. Обдастага сув қуймагани учун келинни «иймонсиз, келинликка ярамайди»га чиқариш мумкин эмас, пашша тушгани учун овқат тўла косани эшикка қаратиб отиш ҳам мутлақо ярашмаган иш.

ОВСИНга 5 маслаҳат

Ҳамманинг ўзига ва замонасига яраша ақлий-моддий бойликлари бўлади. Бунинг учун янги овсин билан ғойибона душманлашиш яхши эмас. Сизнинг сервантингиз 5 йил олдин энг сўнгги урфда бўлган, янги келинники ҳам 5 йилдан кейин урфдан қолади, ҳеч сиқилманг.

Қайнонангиз сизни унутиб, унга кўп эътибор қаратаётгани ғашингизни келтирмасин. Ҳозир янги келинга ҳақиқатан ҳам кўпроқ эътибор даркор. Ўзингиз ҳам келинчаклик пайтингизни бир эслаб кўрсангиз, овсинингизнинг ҳолатини тушунасиз.

Қайнонага қарши янги овсин билан биргаликда тил бириктиришга ҳаракат қилиш, курашиш ҳам мантиқдан эмас. Исталган пайт душманлар дўстга, дўстлар ғанимга айланиши мумкин. Яхшиси, янги келин билан ҳамкасблардек ҳамкорлик қилинг. Вақт ўтгач, дўстлашасиз, эҳтимол опа-сингил тутинарсиз.

Янги келинга ҳамма вазиятда маслаҳат даркор. Баъзан ошхонадан тортиб, хобгоҳ мавзусигача. Ёрдамингиз, маслаҳатингизни аяманг, ахир у ҳам синглингиз тенги бир қиз.

Янги овсиннинг доимий пардозда юриши, ўзига қарашидан ўрнак олинг, сизга ўхшаб ўзини унутиб қўймаслиги учун у сизнинг сафингизга қўшилмасидан аввал сиз унинг қаторига қўшилинг.



Азиза ҚУРБОНОВА
Manba: SUGDIYONA sayti.
Категория: Shou biznes olami | Просмотров: 918 | | Рейтинг: 5.0/4
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz