Чекиш соғлиққа зарар эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин ҳамма ҳам бунга амал қилавермайди. Биттаси - ўзим... Шу касофатга қандай ўрганиб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Ҳар куни кечки пайт ётиш олдидан балконда очиқ дераза олдида битта сигарета тутатмасам ухлолмайман. Тўққиз ёшли қизим неча марта сигаретамнинг қутисини яшириб қўйди. Чекиш соғлиғим учун зиён эканин яхши билади, бу одатдан воз кечишимни жуда-жуда истайди. Куни кеча дераза олдида ўтириб энди сигарета тутатганимда, қаршимга келиб ўтириб олди. - Хонанингга бор, ухла, - дедим қош чимириб. - Ёнингизда ўтиргим келяпти, дада, - деди қизим ерга қараб. - Ҳозирмас, бу заҳар, тушуняпсанми? Чекаётганимда сенларни ёнимга яқинлаштирмайман, биласан-ку? - Бундан кейин ҳар доим чеккан пайтингизда ёнингизда бўламан, - деди қизим йиғламоқдан бери бўлиб. - Заҳар бўлса нега чекасиз? Сиз ташламас экансиз, мен ҳам ёнингизда ўтираман, заҳарни тенг бўлишамиз.
Бўғзимга нимадир тиқилди. Сигаратнинг кулдонга босиб ўчириб, қизимни бағримга босдим...
|