Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Канаданинг Монреаль шаҳрида давом этаётган “Мастерс” туркумига кирувчи “Rogers Cup – 2013” халқаро турнирини ғалаба билан бошлади.
Дунёнинг энг кучли ракетка усталари иштирок этаётган мусобақанинг дастлабки босқичида Денис (66) сербиялик машҳур теннисчи Янко Типсаревичга (19) қарши кортга чиқиб, 6:4, 6:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Энди Истомин кейинги босқичда канадалик Филип Пелливо ва финландиялик Яркко Ниеминен жуфтлиги ғолиби билан кортга тушади.
Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир аъзоси Фаррух Дўстов эса АҚШда ўтаётган “Челленжер” туркумидаги “Aptos – 2013” халқаро турнирининг асосий тўр баҳсларига йўлланма олди. Фаррух саралаш мусобақасида мезбонлар вакили Жордан Кеплерни 6:1, 6:1, австралиялик Брад Вестонни 6:2, 6:1, ҳиндистонлик Санам Сингҳни 6:1, 7:6, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ф.Дўстов асосий тўрнинг дастлабки учрашувини бельгиялик Оливьер Рохусга қарши ўтказади.