Главная » 2013»Mart»15 » Иссиқ ҳаммом ёки сауна буғхонасида буғланиш
00:03
Иссиқ ҳаммом ёки сауна буғхонасида буғланиш
Иссиқ ҳаммом ёки сауна буғхонасида буғланиш чарчоқ ва стресслардан халос этувчи ёқимли муолажа эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У ерга тез-тез ташриф буюриб турган инсонлар соғлигидан деярли шикоят қилишмайди, улар кам хасталанади. Эътибор берган бўлсангиз, буғланишни хуш кўрувчиларнинг териси ҳам соғлом кўринишга эга, таранг тортилган бўлади. Хўш, иссиқ ҳаммом ва сауна ҳаммага ҳам бирдек шифобахш таъсир қиладими? Кимларга ва қандай ҳолатларда буғланиш тавсия этилмайди? Буғланишнинг қандай қоидалари мавжудки, уларга амал қилиш муҳим? Бугунги мавзуимиз шу ҳақида. Иссиқ ҳаммом ва сауна - қандай фарқи бор? Кўпчилик улар орасида қандайдир фарқ борлиги ҳақида билишмаса керак ёки бу ҳақида ўйлаб кўришмаган бўлиши мумкин. Лекин фарқи мавжудки, уларни билиб қўйсангиз фойдадан холи бўлмайди. Демак, иссиқ ҳаммомда саунага нисбатан ҳаво ҳарорати икки баробар паст бўлади, одатда бу кўрсатгич 40-45 даражани ташкил этади. У ердаги ҳаво намлиги юқори бўлиб, асосан қуюқ буғдан иборат бўлади. Саунада эса ҳаво ўта иссиқ ва қуруқ эканлиги маълум, ҳарорат тахминан 70-90 даражани ташкил этади. Ҳар иккаласида буғланиш одам организмини ўткир респиратор вирус касалликларидан ҳимоялаб, қон айланишини яхшилайди, иммунитетни оширади. Организмга таъсири Буғланиш юқори ҳароратнинг таъсири орқали одам организмини чиниқтиради, шунингдек, организм учун ўта муҳим бўлган сув-туз алмашинувининг яхшиланишини таъминлайди. Ёғ, тер ва кир қолдиқларидан тозаланган тери орқали эса токсин ва тошқол (шлак)лар ажралиб чиқиб, организм тозаланади. Шу билан бирга саунада буғланиш марказий нерв системасига ижобий таъсир этиб, жисмоний куч- қувватни тиклашга, стресс ва чарчоқлардан халос бўлишга ёрдам беради. Буғхона максимал даражада даволовчи таъсир кўрсатиши учун у ердаги ҳаво ҳарорати 80-90 даражани ташкил этиши, намлиги эса 25 % дан кам бўлмаслиги лозим. Буларга амал қилинг! Уч ёшга тўлмаган болаларни сауна буғхонасига олиб кириш мумкин эмас. Бу ёшдан ўтган каттароқ болалар учун ҳам буғхонадаги ҳарорат катталарга мўлжалланганига нисбатан паст бўлиши лозим. Шунингдек, ҳатто оз миқдорда спиртли ичимлик қабул қилган инсонлар буғхонага кириб буғланиши ман этилади. Буғланишни аввало тиббий муолажа сифатида қабул қилиш лозим, тиббий муолажалар эса ҳушёр ҳолатлардагина амалга оширилади. Буғхонада 10 дақиқадан ортиқ вақт ўтириш ярамайди. Довюраклигини кўрсатиб, у ерда ярим соатгача қолиб кетган «ботир»лар эса соғликларига зарар етказишдан бошқасига эришмайдилар. Энг тўғри йўл – саунага 3 марта 10 дақиқадан кириб буғланишдир. Буғхонага кириш олдидан… Бошингизга сочиқ ёки чит рў мол ўраш ёдингиздан чиқмасин. Шунингдек, буғланиш олдидан тери совун ёки махсус тозаловчи воситалар ёрдамида тозаланиб, қуруқ қилиб артилиши лозим. Баданга асал суриш мумкинми? Буғланишни хуш кўрувчилар орасида буғхонага баданга асал суриб кириш одати бор. Асал — кучли терлатувчи хусусиятга эга, тернинг меъёридан ортиқ ажралиб чиқиши эса организмдан юрак мушакларини «озиқлантирувчи» микроэлементларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлади. Тавсия этилади… Қуруқ буғхона, яъни сауна турли хил яллиғланиш касалликларида, буйраклардаги шамоллаш, тез- тез такрорланиб турадиган ўткир респиратор касалликлари, шунингдек, сийдик йўллари яллиғланишида тавсия этилади. Бунда буғхонадаги барча қоидаларга сўзсиз амал қилиш буюрилади. Буғхонадан сўнг… Иссиқ ҳаммом ёки саунадан сўнг тери ёғсизланиб, сувсизланади. Шунинг учун барча буғли муолажалардан сўнг баданингизга озиқлантирувчи крем ёки лосьондан суриш тавсия этилади. ТТТаҚиҚланади… Қуйидаги хасталиклар билан касалланган инсонларга саунага кириш ман этилади: сил касаллиги, юқори қон босими, сийдик-тош касалликлари, атеросклероз, оғир кечаётган асаб касалликлари, юқори нафас йўллари касалликларининг сурункали кечиши. Буғхонанинг фойда ва зарарлари борасида шубҳа пайдо бўлганида, албатта, даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг. Тақиқлар бўлмаса, буғхонага марҳамат қилиб, қушдек енгил бўлинг