Анора: Бугун қайнсинглимнинг телефонда ҳовлиқиб айтган гапи менинг ҳам юрагимга ғулғула солди... - Янга асло интернетга кира кўрманг. Ўзингиз ишонмаган одамга телефон рақамингизни ҳам берманг, - деди ваҳима билан. - Тинчликми? - Вой, мен айтмай, сиз сўраманг. Бир дугонамникига катта жанжал бўлибди. Эри ҳайдаб юборай дебди. - Нега? - ҳайрон бўлдим мен. - Эрининг хуштори бор экан. Буни биларкан, ҳатто ўша аёлни таниркан ҳам. Кўп уришар экан. Охири ҳалиги қиз унга қанақа душманлик қилибди, денг. Ҳар доим шундай қиламанки, эринг сени осонгина ҳайдаб юборади. Ўзинг ҳам индамай кетасан, деб айтаркан. Шунчалар пасткаш эканки, танишув сайтларидан бирида дугонамнинг номидан профил очиб, яна дугонамнинг телефон рақамини ёзиб хоҳловчилар бўлса, шу рақамда бўламан, деганмиш. Юрагим орқага тортиб кетди: - Худо жазосини берсин, ҳали телефонига қўнғироқ бўлсайди... - Бўлибди-да! Ҳар куни эркак ва йигитлар телефон қилиб, нархингиз қанча? дермиш. Бундан хабар топган эри уни роса калтаклабди. Мен билмайман, айбим йўқ, деса ҳам ишонмабди. Менга қасд қилиб хуштор топгансан, деганмиш эри. Шу билан уни уйдан болалари билан қувибди. Илоҳим, ким менга душманлик қилган бўлса Худодан топсин, бошқа нарса демайман. Қарғамайман! дебди дугонам юм-юм йиғлаб. Лекин уйига келганидан кейин эри телефон қилиб орқага қайтишини сўрабди. Чунки икки кун олдин ҳалиги қиз автоҳалокатга учраган экан. Айбини тан олибди. Ана шунда эркакнинг кўзи очилибди. Сен менинг ҳалол аёлимга шунақа туҳмат қилдинг, эртага менга ҳам бирор нима қилишдан тоймайсан, деб у қизни ташлаб кетибди. Ҳар нарсада ҳикмат бор дегани ростда! Қаранг, дугонам жуда ёмон туҳматга қолибди. Лекин шу орқали эри хатосини тушунган. Қайнсинглимнинг гаплари менга шу қадар таъсир қилдики, шу билан бирга ҳадикка ҳам қўйди. Бундан буён рақамимни сир сақлашга, ҳеч бир танишув сайтларига аралашмасликка қасам ичдим. Ҳар бир одамга Худонинг ўзи инсоф берсин! Аммо ёмонлик жазосиз қолмаслигини ҳам билдим. Ўзингизга раво кўрмаган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрманг, азизлар! Ушбу воқеа ҳақида сиз қандай фикрдасиз, азиз ўқувчи? Фикрларингизни кутамиз