Ўзбекистон Интернет кириб келиши бўйича Осиё қитъасида 17-ўринни эгаллайди. Internet World Stats веб-ресурси ана шундай маълумот келтиради. IWS маълумотига кўра, Ўзбекистонда 8 миллион 575 минг 42 нафар интернетдан фойдаланувчи бор бўлиб, улар мамлакат аҳолисининг 30,2 фоизини ташкил қилади. Нашр мазкур рақамлар 2012 йилнинг 30 июнига қадар олинганини қўшимча қилади. Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялар қўмитаси маълумотларига кўра эса, 2012 йил охирига келиб мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 9 миллион 815 минг кишига етган. 2013 йил бошида Ўзбекистонда маълумот етказиб бериш, шу жумладан, Интернет тармоғига уланиш бўйича хизмат кўрсатадиган хўжалик субъектлари сони 930 тага етган. Ўзбекистон Интернет ёйилиши бўйича қўшнилари бўлган Тожикистон ва Туркманистондан олдинда бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистондан ортда қолмоқда. IWS маълумотига кўра, Туркманистонда аҳолининг 5 фоизи (252 минг 741 киши), Тожикистонда 13 фоизи (1 миллион 12 минг 220 киши), Қирғизистонда 39,9 фоизи (2 миллион 194 минг 400 киши), Қозоғистонда эса 45 фоизи (7 миллион 884 минг 905 киши) Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Шу тариқа, аҳолисининг қарийб ярми Интернетдан фойдаланадиган Қозоғистон глобал тармоқдан истеъфода этиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Мазкур рўйхатда собиқ СССР таркибига кирган Арманистон 60,6 фоиз билан 9-ўринни, Озарбайжон эса 50 фоиз билан 10-ўринни эгаллаган. Осиё қитъасида Интернет ёйилиши бўйича биринчи ўринни эса 82,5 фоиз билан (40 миллион 329 минг 660 киши) Жанубий Корея банд қилиб турибди. Иккинчи ўринни эгаллаган Японияда аҳолининг 79,5 фоизи (101 миллион 228 минг 736 киши), учинчи ўринни эгаллаган Бруней қироллигида эса аҳолининг 78 фоизи (318 минг 900 киши) Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Рўйхат қуйисини аҳолисининг 1 фоизигина Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган Мянма ва Шарқий Тимор ўлкалари эгаллаган.