Статистика |
Hozirda saytda: 9 Mexmonlar: 9 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Yanvar » 28 » Интернет бу – виртуал олам
05:41 Интернет бу – виртуал олам |
олам Ёхуд интернет тизимидан оқилона фойдаланиш ўрнига қимматли вақтини беҳуда исроф қилаётганлар хусусида Бугун вақт аталмиш ҳакам инсониятга ўз ҳукмини ўтказмоқда. Соатларимиз дақиқадек, дақиқаларимиз сониядек ўтиб кетаётганини ҳис этмоқдамиз. Бахтимизга техника ривожланиб, оғиримизни енгил, узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қиляпти. Минг афсуски, табиат томонидан тараққиётимиз учун инъом этилаётган мана шундай неъматлардан беҳудага, баъзан ғараз мақсадда фойдаланаётганлар ҳам бор. Айнан ўшалар қўл телефони, интернет тизимига нисбатан салбий муносабат уйғонишига сабабчи бўлишмоқда. Интернет орқали севги дардига мубтало бўлиб ота-онасини норози қилаётган, ўқишидан, ишидан воз кечган, ҳаттоки уйдан бош олиб чиқиб кетаётган ёшлар ҳақида эшитяпмиз. Бундан ҳам ёмони, фарзандларига тарбия берадиган ёшдаги баъзи эркак-аёлларнинг ўзи интернетнинг салбий таъсирига тушиб қолаётгани янада ачинарли. Мухлис аёл мактуби "Турмуш ўртоғим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб турмуш қурганмиз. Бахтли оилалардан биримиз. Лекин сўнгги вақтларда оиламизда нотинч муҳит юзага келяпти. Эрим мен ва болаларимиз билан гаплашгиси йўқ. Уйда кам бўлади. Салга жаҳли чиқиб кетадиган, жиззаки инсонга айланди. Кундан-кунга мендан совиб бораётганини ҳис этяпман. Отасининг ўзгариб қолганидан хавотирланган қизим бир куни дадаси ухлаётганида қўл телефонини текшириб кўрди. "Ойи, қаранг, дадам қўл телефонидаги интернетдан "Одноклассники”ка кириб, бир аёл билан дўстлашган экан” деб қолди. Интернетда ўша аёлнинг сурати ҳам бор экан, ўрта ёшлардаги чиройликкина аёл. У ота- онаси, фарзандлари суратини ҳам почтасига қўйибди. Суҳбатларда ота-онасининг мақтовини келтирган, фарзандларини ниҳоятда яхши кўришини таъкидлаган, турли мавзуларда суҳбатлашишган. Хуллас, аёл ўзини ҳар томонлама етук, билимдон кўрсатишга ҳаракат қилган. Улар деярли ҳар куни соатлаб мулоқотда бўлишган. Яхши аёл оилали эркак билан дўст тутинадими? Наҳотки эрим ўша аёлни севиб қолган бўлса? Фарзандларим келажаги энди нима бўлади, деган ҳадик мени хавотирга солмоқда. Нима қилай, билиб қолганимни эримга айтайми ёки уни хиёнатдан қайтаришнинг бошқа йўли борми? Илтимос, маслаҳат беринг. Муҳаббат НУРМАТОВА, Фарғона вилоятидан: – Аёл киши мумдан, эркак тошдан яралган дейдилар. Аёл киши бари бир оиласи, фарзандлари учун эрийверади, ҳар қандай разилликни кечираверади. Унинг адашган эри оила деган қўрғоннинг туйнугида ўтирибди. Орқага қараса, фарзандлари бор, улардан кўнгил узолмай турибди. Аёл эрини тушунишга ҳаракат қилсин, унга ҳечам ёмон гапирмасин, воқеа ҳақида оғиз очмасин. Аввалгидан ҳам ўта самимий, меҳрибон бўлсин. Шундай қилсинки, эри ўзга маконга учиб кетишига имкон бермасин, ушлаб қолсин. Айниқса, жанжалли рашк деган нарсанинг кераги йўқ. Чунки рашк ўртада низо чиқаради. Интернетдаги аёл ўта пулдор ёки қандайдир жозибаси ортиқроқ. Эрини оилада ушлаб турган нарса фарзандлару шунча йил қилинган рўзғордаги меҳр-оқибат ва атрофдаги катталар. У қандайдир сабабни кутиб турибди. Бегона аёл эса ўша сабабнинг эгаси бўлиб қолмаслиги керак. Болалари бахти учун эрни ушлаб қолишни матонат, жасорат дейдилар. Аёлга мана шундай матонат, жасорат, сабр тилайман. Жумагул Юсупова, Андижон вилоятидан: – Сезишимча, аёл эрини рашк қиляпти. Гумонлари, рашки билан эрининг баттар ғашига тегяпти. Эркаклардаги бундай ўзгариш, яъни уйдан безиш, турмуш ўртоғига нисбатан беэътибор бўлиб қолиш, одамовилик табиий ҳол. Агар аёл оқила бўлиб, бундай вазиятда эрини тергайвермасдан, ҳадеб қадамини текшириб, саволга тутавермасдан ўз ҳолига қўйса, аввалгидан ҳам меҳр кўрсатиб, ширин гаплар билан кўнглига қараса, эркакдаги ўткинчи ҳолат вақти билан ўтиб кетади. Бугун интернет орқали бир-бири билан танишиб суҳбатлашаётган эркагу аёлар кўп. Уларнинг барчасини ҳам қоралаб бўлмайди. Иш юзасидан, тўғри маънода суҳбатлашаётган бўлиши ҳам мумкин. Аёлга маслаҳатим – эрингизга интернет ҳақида оғиз оча кўрманг. Аввалгидек яхши гапиринг, ширин-ширин овқатлар пишириб олдига қўйинг. Ўзингизни бахтиёр кўрсатиб, соч турмагингизга, либосингизга янаям эътибор беринг, токи эрингиз ташқи кўринишингиздан камчилик топа олмасин. Бугун эрингизнинг кўзига интернетдаги аёл чиройлироқ, ақллироқ кўринаётган бўлса, бу ўткинчи ҳолат, эртага ўша аёлнинг бари бир бирон камчилигини илғайди ва аста-секин кўнглини узади. Токи ундан совигунича сиз сабрли бўлинг, рашкингиз билан баттар ўзингиздан узоқлаштирманг. Фарзандларингизга ҳам хавотирингизни билдирманг, аксинча, уларга тинмай оталарини мақтаб туринг. Фарзандларингизни узатиб, уйлантирадиган, ўғилларга уй-жой қиладиган вақтда эрингизнинг ташвиши шунчалар кўпаядики, кўрасиз, ўз-ўзидан ҳавойи ўй-хаёлларни миясидан чиқариб ташлайди. Аёл шунча ҳаракат қилса-да, эрининг хатти-ҳаракати янада ёмон томонга ўзгариб бораверса, албатта малакали психологга мурожаат этсин. ИККИТА ҚАЙИҚҚА ОЁҚ ҚЎЙГАН СУВГА ҒАРҚ БЎЛАДИ Усмонжон ЙЎЛДОШЕВ, журналист: – Фан-техника тараққиётининг мўъжизавий маҳсули бўлган телефон аслида инсониятнинг мушкулини осон, оғирини енгил қилиш учун ихтиро қилинган. Интернет ҳам шу мақсадда ўйлаб топилган. Интернет жуда катта уммондек гап. Унда инсон ақли бовар қилмайдиган даражада кўп маълумотлар мужассам – исталган ёш ва жинсдаги киши ўзи қидирган манбани топа олади. Бироқ ўша маълумотлар сараланса- чи? Статистикага кўра, глобал тармоқдаги маълумотларнинг атиги ўн фоизигина ҳаққоний, холис маълумотлар ҳисобланаркан. Қолган 90 фоизи маънавий таҳдидларга хизмат қиладиган, одамларни йўлдан оздирадиган, айтиш жоиз бўлса, чиркин маълумотлардир. Ачинарлиси, ҳар куни кимдир шу ердаги ёлғон маълумотларга қалқиб қоляпти. Буни мухлис опамиз дуч келган оғриқли муаммо тез-тез қулоққа чалиниб қолаётганидан ҳам билса бўлади. Бу инсонлар тарафидан фан-техника ютуғи қайсидир маънода суиистеъмол қилинаётганидан ҳам далолат. Интернет бу – виртуал олам. Ақли бор одам реал ҳаёт билан виртуал оламни адаштирмайди. Тўғри, интернетдаги танишув сайтлари орқали бир-бирини топиб, оила қуриб бахтли бўлаётганлар ҳам бор. Мен ўзим ҳам шундай оилаларни биламан. Энди бу оила қурмаган ёшларга ярашадиган жиҳат. Опанинг муаммосига келсак, кимгадир четдан туриб маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш балки ғалатироқдир. Аммо бу аёл айни дамда жўялироқ фикрга муҳтож бўлиб турибди. Келинг, муаммога чуқуроқ ёндашиб кўрайлик. Балки оиладаги бу муаммо анча йиллардан бери мавжуд бўлгандир, фақат опамиз буни сезмай келгандир. Чунки бу каби масалага айрим ўзбек аёллари, бола-чақа, рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, вақтида эътибор беролмай қолади. Эҳтимол турмуш ўртоғини қандайдир ташвиш қийнаётгандир ва у ўзига интернет орқали ҳамдард, ҳамфикр топишни маъқул кўргандир. Агар шундай бўлса, эркакни тушуниш мумкин, лекин бари бир оқлаб бўлмайди. Сабаби – ҳақиқий эркак ўз ташвишига бегоналардан, айниқса аёл кишидан юпанч изламайди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томондан қарасак ҳам эркакнинг бундай йўл тутиши оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Опамизнинг айтиши бўйича турмуш ўртоғининг ёши катта, оқ-қорани ажрата олади. Шундай ёшда бутун бошли оиласини, пуштикамаридан бўлган фарзандларини интернет орқали топган номаълум бир аёлга осонлик билан алмаштириб юбориши ўтакетган аҳмоқлик. Юқорида айтиб ўтдим, интернет бу – виртуал олам деб. Бу ерда ҳар ким ўзининг яхши фазилатларини кўрсатишга ҳаракат қилади, салбий жиҳатларини ҳеч қачон ошкор қилмайди. Интернетдаги аёл ҳам шундай жўнгина йўлни топган. Эркакдаги қандайдир камчиликними, оиласидан қониқмасликними англаб олиб, ўзини идеал аёл сифатида намоён қила олган. Мақол бор-ку, "Ёғочнинг бўшини қурт ейди” деган. Шу ерда бир савол туғилади. Хўп, ўша аёл идеал экан, нега интернетда ўтирибди? Бахтини реал ҳаётдан эмас, виртуал оламдан қидиряпти? Ва энг ачинарлиси, билиб-кўриб туриб бир катта оилани бузилишига сабабчи бўляпти. Интернетга кирадиганлар жуда яхши билишади, танишув сайтларида ўзининг анкетасини очиб, суратларини жойлаб қўйган қиз болага ёки аёл кишига нисбатан ҳеч қачон яхши кўз билан қаралмаган бизда. Интернет пайдо бўлибдики, ўзгармай келаётган тушунча мавжуд: яхши қиз танишув сайтларида ўтирмайди. Опамизнинг турмуш ўртоғи шунга ақли етмаяпти ёки буни тан олгиси келмаяпти. Опа билиб қолганимни эримга айтайми, дебди. Вазият жудаям нозик бу ҳолатда. Чунки эркак шундоғам оиласидан узоқлашган. Бунақа ҳолатда у ҳар қандай вазиятда оиласидан, фарзандларидан камчилик қидиришга ҳаракат қилади. Балки шундай жанжалли вазиятни у кутиб ҳам юргандир. Қизининг ўз телефонини текширганини билиб қолгани ҳам отага жуда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тутаб турган оловга керосин сепгандек бўлади. Бундай пайтда арқонни узун ташлаш керак. Опамиз биринчи ўринда эрининг яқинларига маслаҳат солса, балки тўғрироқ бўлар. Ўз яқинларига айтса, қалтис вазиятда туҳматчига чиқиб қолиши мумкин. Чунки ҳеч қайси эркак аёлининг яқинлари, қариндошлари олдида мулзам бўлишни хоҳламайди. Бу бари бир оилавий сир. Турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-ука, опаларига вазиятни ётиғи билан тушунтириш керак ва бу ҳолат улар томонидан эркакка айтилса, таъсирлироқ ва самаралироқ бўлади назаримда ("Келинлар қўзғолони”даги оиласидан кўнгли совиган ўғлининг таъзирини берган Фармонбибини бир эслайлик). Оилада эса эркакка нисбатан яхши муносабат давом этавериши керак. Бизда интернетда танишиб, бировнинг оиласини бузаётган аёлга нисбатан жавобгарлик белгиланмаган. Буларнинг барчаси виртуал муносабатлар маҳсули. Мабодо ўша эркак шу мақолани ўқиб қолса, унга айтадиган гапим бор. Акагинам, ўзбек эркаклари азалдан ўз оиласининг паноҳи ҳисобланган. Оилани жудаям муқаддас билишган. Оиласининг шаънига қандайдир гард тушиши ўзбек оталари учун иснод. Қўпол қилиб айтганда, номаълум (тайинсиз дейишга тилим бормади) бир аёлга бутун бошли оилангизни алмаштириб юборишингиз НОМАРДЛИК!
|
Категория: Qiziqarli malumotlar |
Просмотров: 916 |
| Рейтинг: 5.0/5 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|