Йигитлар кўзлари билан яхши кўришади, лекин бу улар сизни эшитишмайди, дегани эмас. Шундай сўзлар ва иборалар борки, биринчи учрашувда уларни тилга олмай қўйган маъқулроқ. Шу ҳақда гаплашамиз…
"Ўзингиз ҳақингизда икки оғиз гапириб беринг”
Агар йигит билан совчилар ёки дўстларингиз орқали танишаётган бўлсангиз, бу гап ўринли. Бироқ учрашувингиз тасодифий тарзда амалга ошаётган бўлса, биринчи тўқнашувдаёқ уни тадқиқ ва таҳлил қилишга уриниб, қўрқитиб юборманг. Бу талаб рўпарангиздаги инсоннинг қулоғига "бўлар-бўлмас гапларни бас қилинг-да, бўладиган гапга ўтинг, ўзингизни таништиринг” дегандек эшитилади. Эркаклар жиддий муносабатларнинг асоси ҳисобланган ушбу мавзудаги савол-жавобни биринчи ўзлари бошлашни истайдилар. Бу хоҳиш туғилмагунича андак сабр қилинг. Арзийдиган, жиддий йигит сизни узоқ вақт чалғитишга уринмайди.
"Қизиқишларимиз бир хил экан”
"Сиз билан худди аввалдан танишдекмиз”, "Ўйлайманки, биз бир-биримизга мосмиз…” — бундай жумлалар билан самимий муносабат ўрнатаман, деб овора бўлманг. Бу сўзларингиз ҳам эркаклар онгида "Мендан қочиб қутулиб бўпсан!” дея таржима қилинади. Нимага дейсизми? Инглиз руҳшунослари ўтказган тажриба натижалари билан танишинг: Эркакларни икки гуруҳга бўлиб, иккала гуруҳга ҳам жуда жозибали аёлларнинг суратини беришди. Биринчи гуруҳга шу аёлларнинг қайси бири билан танишмоқчи бўлсалар, ўша суратни белгилашни сўрашди. Иккинчи гуруҳдан эса ярим соатдан кейин танлашни илтимос қилишди. Бу орада уларга жозибали аёллар суратидан ташқари болалар, тўй расмлари, оилавий ҳаёт манзараларини кўрсатишди. Иккинчи гуруҳдагилар биринчи гуруҳ эркакларига нисбатан камроқ аёл билан танишиш истагини билдирганлар. Эркак тушмагурлар оддий хаёлий тасаввурдан шунчалик қўрқадилар-у, сиз бўлса "биз, бир хилмиз, бир оиламиз” деб ўтирибсиз!
"Мен шунақа аҳмоқман-да!”
Аслида сиз ўзингизни камситиш орқали қувноқ, ҳазил суҳбат уюштиришни, ўзингизга йигитни хайрихоҳ қилишни истайсиз. Руҳшунослар ким билан суҳбатлашишдан қатъи назар киши ўзидаги тентаклик, эси пастлик, хаёлпарастлик каби "хислат”лардан сўз очмаслик керак, деб уқтирадилар. Бунинг ҳеч кимга фойдаси йўқ, қайтага асл баҳойингиздан ҳам пастини олиш эҳтимоли кўпаяди. Кейин минг чиранманг, кичкина хатоингиз ҳақидаги бир оғиз гапингиз катта ютуқларингизнинг юзини тўсиб қўяди.
"Даҳшат”, "синдирадиган”, "ўзини олди”!
Бугунги филологларни ёшларнинг луғат бойлигидан аҳолининг барча ёш қатлами бирдек фойдаланаётгани ташвишга солади. Социологлар эса бунинг сабабини қуйидагича баҳолайди: "Бугунги дунёда энг қадрли нарса, бу — ёшлик”. Руҳшунослар ҳам учрашувда "кўча тили”дан воз кечишни маслаҳат беришади. Нутқингиз қанчалик чиройли бўлса, суҳбатдошингизда ҳам худди шундай чиройли тасаввур қолади. Аёллар шаҳзода ҳақида, эркаклар маликани орзу қилганидек, иккингизнинг суҳбатингиз сарой мулозимлариники каби бўлгани маъқул. "Наҳотки шундай бўлса”, "ниҳоятда ажойиб” дейиш қийин эмас-ку!
Бундан ташқари...
Жуда тез гапириш ва жумлаларни узоқ тузиш, саволга узоқ жавоб бериш киши ўзини ўзи назорат қилолмаслигидан дарак беради. Овозни жуда ширали қилиб кўрсатишга уриниш, кераксиз жойда хўрсиниш, овозни атай пасайтириш қиз боланинг тарбияси ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилади. Ўта қатъий ва кескин сўзлаш ҳам қиз болага хос эмас. Овоздаги титроқнинг аниқ билиниши ҳам қиз боланинг ўта заиф, ниҳоятда кўнгилчан кўрсатади. Хўш, унда қандай сўзлаб, нимани гапириш керак, дерсиз? Рўпарангиздаги инсон ўзининг сўзамол ёки камгаплиги, қатъий ёки мижғовлиги, ўйноқи ёки жиддийлиги билан сизни қанча, қандай гапиришингизни ҳал қилиб беради. Бу одам билан муносабатларингиз қанчалик жиддий ва муваффақиятли бўлишини аниқламоқчи бўлсангиз, уни астойдил тингланг. Таклиф сўралганда, фикрингиз бўлса айтинг. Шунчаки гапириш керак бўлгани учун гапиришингиз шарт эмас!