Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида жорий йилда ўқишга қабул қилинган курсантларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Б.Матлюбов ва бошқалар ички ишлар идоралари фаолияти замон талаблари асосида такомиллаштирилгани ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши самарали курашиш, жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ички ишлар органлари учун етук мутахассис кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида мамлакатимиздаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан.
Мазкур даргоҳда тергов, тезкор қидирув, жиноятларнинг олдини олиш, эксперт-криминалистик фаолият йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланмоқда. Жорий ўқув йилида ҳам мазкур мутахассисликлар бўйича билимли ёшлар академияга ўқишга қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент олий ҳарбий-техник билим юрти ва Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ҳам курсантларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.