Главная » 2013»May»12 » Google Орол денгизининг қуриши тарихини кўрсатувчи лойиҳани тақдим этди
17:10
Google Орол денгизининг қуриши тарихини кўрсатувчи лойиҳани тақдим этди
Google компанияси Ер шари минтақалари манзараларининг сўнгги 28 йилдаги ўзгаришларини билиш имконини берадиган Timelapse лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Google’нинг расмий блогида хабар берилган.
Timelapse HTML5 форматидаги интерфаол суратларни ўз ичига олган. У Landsat сунъий йўлдоши томонидан 1984 йилдан 2012 йилгача олинган суратларнинг хронологик кўринишда бир-бирини алмаштиришидан ташкил топган. Лойиҳа асосида Google Earth Engine платформаси туради.
Интерфаол суратлар орқали, мисол учун, Амазония ёмғирли ўрмонлари қандай кесилганини, Лас-Вегас шаҳри қандай катталашганини, Дубайдаги Пальма ороллари қурилиши ва Орол денгизининг қуришини томоша қилиш мумкин. Фойдаланувчига Google томонидан сараланган саккиз минтақа суратлари таклиф қилинади (улар орасида Орол денгизи ҳам бор), бироқ Ернинг бошқа нуқталаридаги ўзгаришларни ҳам кузатиш мумкин.
Лойиҳа Google’нинг АҚШ Геология хизмати, NASA, Time журнали ва Карнеги-Меллон университети билан ҳамкорлиги маҳсули ҳисобланади. Компания Timelapse устида ишлашни 2009 йилда бошлаган эди. Google учун суратлар сунъий йўлдош томонидан олинган 2 миллиард фотосурат коллекцияси орасидан саралаб олинган.
Google Earth Engine – сунъий йўлдошда олинган фотосуратларни қайта ишлаш имконини берадиган «булутли» ҳисоблаш платформасидир. У Ер сатҳини мониторинг қилиш ва ўрганиш учун фойдаланилади – мисол учун, унинг ёрдамида ўрмонларнинг кесилиши ва жаҳон сув ресурслари харитасини тузиш мумкин