— Турмушга чиққанимдан сўнг ҳомиладор бўлавермагач, шифокорга учрадим. Текширувлардан сўнг бачадоним керагидан кичиклигини айтишди. Яъни «сизда детская матка экан», дейишди. Менда бундай муаммо бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди, энди хавотирдаман. Нега бундай бўлди? Муолажалардан кейин ҳам фарзандли бўлолмасам-чи? Уни турмушга чиқишимдан аввал аниқлашнинг имкони бормиди?
Нигора Акбарова, Андижон шаҳри
Бачадон гипоплазияси аёллар орасида «детская матка» номи билан юритилади. Бу бачадоннинг ривожланишдан ортда қолиши дегани. Бунда бачадон меъёрий ўлчамдан (7-8 см.) кичик бўлади. Бачадон шиллиқ қаватининг жуда нозик, гормонлар таъсирини сезувчанлиги суст бўлиши уруғлана олмасликни келтириб чиқаради.
Юзага келиш сабаблари
Бачадон ривожланмай қолишининг бир қанча изоҳи мавжуд. Баъзи вақтларда бу патология туғма бўлиб, организмнинг яхлит ҳолича ривожланишдан ортда қолиши билан ифодаланади. Аксарият ҳолларда бачадон гипоплазияси ўсмирлик даврида юзага келиб, бир қатор сабаблар таъсирида пайдо бўлади. Булар:
иммунитет сустлиги;
вазн, бўй ўлчамларининг ёшга мос келмаслиги (вазн ташлаш, анорексия);
сурункали ва инфекцион касалликларга тез-тез чалиниш;
Аслида бачадон гипоплазияси у қадар аниқ белгилар билан кузатилмайди. Асосан, балоғат ёшига етган қизлардаги баъзи ўзгаришларда мазкур патологияни тахмин қилиш мумкин. Айтайлик, 14-15 ёшли қизда ҳали ҳайз бошланмаган ёки жуда кам ё кўп миқдорда келаётган бўлса, бу жинсий аъзоларда ўзгаришлар борлигидан дарак беради. Жинсий аъзо ривожланишдан ортда қолса, ўз навбатида ташқи муҳит таъсирига чидамлилиги камаяди. Бу эса турли яллиғланиш ва инфекцион касалликлар хавфини оширади. Агар қизлардаги бу каби ўзгаришларга вақтида эътибор қаратилмаса, кейинчалик бепуштликни келтириб чиқариши мумкин. Ташхис
Бачадон гипоплазиясига тахмин қилинса, қуйидаги текширувлар амалга оширилади:
Агар текширув давомида жинсий аъзонинг ривожланишдан ортда қолиши туғма нуқсонлилиги, бачадон ёки қиннинг йўқлиги аниқланса, муолажалар наф бермайди. Аммо организмдаги ўзгаришлар сабаб юзага келган ҳолатларда давомий муолажалар ёрдамида бачадон ўлчамини меъёрга келтиришга эришиш мумкин.
Қандай даволанади?
Бачадон гипоплазияси ташхиси қўйилгач, ушбу касалликни келтириб чиқарган сабабга кўра беморга даво муолажалари буюрилади. Натижада бачадон ўлчамини керакли меъёргача ўстириш мумкин. Бунда муолажа тартиби ҳар бир аёл учун индивидуал равишда белгиланади. Агар касаллик ўз вақтида аниқланиб, даволанмаса, бепуштликка олиб келиши мумкин.
Асоратлари
Бачадон гипоплазияси ташхиси аёлларда бепуштлик, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, ҳомила тушиши, кучли токсикоз кўринишлари билан бирга кечувчи ҳомила тута олмаслик каби оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ҳолатда бачадон фаолияти нормал ҳолатда уруғланиш учун тайёр бўлмайди. Шу сабаб бундай муҳитда ҳомила ривожланиши ҳам мушкул. Оналар диққатига!
Қиз фарзанд ўстираётган бўлсангиз, ундаги ҳар бир ўзгаришга эътиборли бўлинг! Она сифатида қизингиздаги жинсий муаммолар билан ҳам қизиқинг. Бордию бирор ҳолатидан безовталансангиз, аёллар шифокорига учрашдан чўчиманг! Унутманг, кимларнингдир гап-сўзи қизингизнинг келажакда она бўлиш бахтидан устун эмас! Ҳозирги кунда ҳар бир туман поликлиникасида болалар гинекологи фаолият юритмоқда. Балоғат ёшига етгач, қизингиздаги ўзгаришлар меъёрида эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳам шифокор билан суҳбатлашиш зарур.
Олий тоифали акушер-гинеколог
Юлдуз ЭШАНОВА тавсиялари асосида Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.