Фарғона вилоятида куз- қиш мавсумини муаммоларсиз ўтказиш учун 1 млрд. 313 млн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Бу ҳақда "Фарғона электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” очиқ акциядорлик жамияти директори Н.Омонов маълум қилади. Айни пайтда шаҳар ва туманлардаги 50 та кўп қаватли уй, 28 та қозонхона, 39 та иситиш қозони, 11,5 км иссиқлик, 9,8 км ичимлик суви, 12,5 км табиий газ тармоқларини мукаммал таъмирдан чиқариш ишлари ниҳоясига етказилаётир. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларига 240,7 минг тонна кўмир, 9461 тонна суюлтирилган газ, 13 минг тонна мазут етказиб бериш ишлари якунланмоқда. "Фарғона электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” очиқ акциядорлик жамиятида ҳам мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари тугалланмоқда, дея хабар беради ЎзА. Корхонага қарашли 2725,5 км узунликдаги электр энергиясини узатиш тармоқлари ва 250 км юқори кучланишли линиялар мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда. Шаҳар ва туманлардаги электр тақсимловчи 711 та трансформатор эса мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Шунингдек, кам қувватли 41 та трансформатор катта кучланишлиларига алмаштирилди. Қиш кунлари электр узатишда аварияларнинг олдини олиш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилди. Жойларда 25 авариядан кейин тармоқни тиклаш бригадаси ташкил этилди. Шу билан бирга истеъмолчиларга электр энергиясини тежаш, ундан самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб бориляпти.