Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг 2012 йил учун солиқ тўлови қиймати миллиард АҚШ долларидан ошиб кетиши эҳтимоли бор. Бу хақда CNN Money хабар бермоқда. 2012 йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган IPOда (акцияларнинг бирламчи жойлашуви) Цукерберг 60 миллионлик акция опционнинг ҳар бирини 6 центдан жойлаштиришга муваффақ бўлган эди. Айтиш жоиз, ижтимоий тармоқ асосчисининг опционлари тури оддий даромад каби солиққа тортилади. Бу дегани ҳатто қимматли қоғозлар сотилмаган тақдирда ҳам опцион эгаси уни жойлаштирган кунда даромад олган ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, ўшанда Facebook акцияларининг донаси 38 доллардан жойлаштирилган. Шу йилнинг 28 март кунги савдоларда эса қимматли қоғозларнинг баҳоси деярли икки фоизга тушиб кетган ва 25,6 долларни ташкил қилган. Натижада ўтган йилнинг якуни бўйича Цукерберг фақатгина опционларининг ўзидан 2,3 миллиард доллар даромад олган тарзда ҳисобот бериши зарур бўлади. Ушбу маблағлар федерал солиқ билан 35 фоизга, Калифорния штати солиғи билан 13,3 фоизга қопланади. Натижада якуний йиғинди 48,3 фоизни ташкил қилади. Демак солиқлар 1,11 миллиард долларга тенг бўлади. 2012 йилда солиқчиларнинг ҳисоб-китоблари бўйича Цукерберг ўзининг опционларини жойлаштириши бўйича 1,5-2 миллиард доллар миқдорида солиқ тўлаши кераклиги маълум қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, инвесторлар компанияни 104 миллиард АҚШ долларига баҳолашган эди. Шу йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, Цукербергга 632 миллион Facebook акциялари - компаниянинг 29,3 фоиз қимматли қоғозлари тегишли. Тармоққа асос солинган кундан бери асосчининг компаниядаги улуши 1,1 фоизга кўпайган.