Главная » 2013»May»12 » Euronews’да Ўзбекистон ҳақида реклама роликлари намойиш этилади
17:11
Euronews’да Ўзбекистон ҳақида реклама роликлари намойиш этилади
Euronews халқаро телеканалида Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган реклама кампанияси старт олди. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.
9 майдан эътиборан Euronews телеканалида тонгги ва кечки соатларда, кунига уч марта, «прайм-тайм» рукнида 35 сонияли «Welcome to Uzbekistan» реклама ролиги инглиз ва рус тилларида намойиш этилмоқда. Реклама роликлари YouTube видеохизматига жойлаштирилган (рус тилида, инглиз тилида).
Ушбу реклама кампанияси SAIPRO ахборот-рейтинг агентлиги Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги кўмагида ташкил этган Олтинчи Тошкент халқаро инвестиция-молия форуми доирасида ўтказилмоқда. Эслатиб ўтамиз, халқаро форум 24-28 апрель кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган эди.
UzReport’нинг қўшимча қилишича, кейинчалик бошқа халқаро телеканалларда ҳам худди шундай реклама кампанияларини ўтказиш режалаштирилмоқда. Реклама кампанияси роликлари ким (қайси ташкилот) томонидан тайёрлангани, шунингдек, Euronews’даги кампания қачонгача давом этиши тўғрисида маълумот берилмаган.
Euronews халқаро телеканали 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ўз дастурларини 15 тилда (жумладан, араб, турк, форс) олиб борадиган Euronews’ни жаҳоннинг 155дан ортиқ мамлакатидаги 350 миллиондан ортиқ хонадонда, хусусан, Европадаги 170 миллион хонадонда томоша қилиш мумкин. Бу унинг асосий рақобатчилари – CNN International, BBC World ва CNBC’нинг кўрсаткичларидан сезиларли юқори.