Ухламаганларни, ҳали уйғоқларни табриклаймиз! Ухлаб қолганлар эса, ушбу шарҳни эрта туриб ўқиётганларга эса айтар гапимиз: алам қилсин, шундай даҳшатли "классико"ни ўтказиб юбордингиз!
Яқин орада бўлиб ўтган "классико"ларда дарвозаларга 7та гол киритилмаганди. Яқин орадаги азалий тўқнашувда жамоаларнинг ҳар бири икки мартадан ҳисобда олдинда бормаганди! Яқин орада битта "эл-классико"да 3та пенальти белгиланмаганди, назаримизда. Якунда эса ғалабани кўпроқ истаган, совуққонликни йўқотмаган "Барселона" 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Лионель Месси "хет-трик"ка эришди ва голларининг иккитасини пенальтидан урди. Унинг "эл-классико"лардаги голлари сони 22тага етди ва бу мутлақ рекорддир. Ушбу баҳсда Роналду-Месси тўқнашуви бўлиши кутилганди. Криштиану ҳам майдонни голсиз тарк этмади, ўзи пенальти ишлади, ўзи гол урди. Аммо бугун Лео ундан яхшироқ, самаралироқ ўйнади. Аксинча, "Мадрид" сафида Ди Мария ва Бензема жуфтлиги анча яхши ўйин кўрсатишди. "Сантяьго Бернабеу" эгаларининг дастлабки иккита голи мана шу жуфтлик ҳисобига ёзилди. Карим бу ўйинда "хет-трик", "покер" муаллифига ҳам айланиши мумкин эди, агарда бироз аниқроқ ҳаракат қилганида.
"Реал" рақибдан асло қолишмади. Анчелотти ишлаб чиққан тактика асосида ҳаракат қилишди. Улар тезкор гол ўтказиб юборишганига қарамай, 20-дақиқа келиб, ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Иккинчи бўлим бошида иккинчи марта олдинга чиқиб олишди. Аммо, лекин, бироқ... Тенгма-тенг кетаётган ўйиннинг бурилиш нуқтаси сифатида Мессининг чиройли паси, Неймарнинг дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориши ва Серхио Рамоснинг қизил карточка олиши бўлди! Бу воқеа учрашувнинг 64-дақиқасида содир бўлди.
Ҳисобни тенглаштириб, майдонда бири киши кўп бўлиб қолган "Барса" руҳий устунликка эга бўлиб олди ва ўйин тугашига 6 дақиқа қолганида ғалабани ўз томонига оғдириб олди. Иньеста жарима майдончаси ичида Варан ва Карвахаль орасидан ўтиб кетаётганида, улар ярим ҳимоячини ўрталарида сиқиб йиқитишди. Ундиано Мальенко ўйинда учинчи марта пенальти белгилади. Месси эса таваккал қилиб ўтирмади ва кучли зарба билан Лопес дарвозасини ишғол қилди.
Буёғига "Мадрид"да куч ҳам, иштиёқ ҳам, вақт ҳам қолмаганди....
Энди, "Атлетико" — 70, "Реал" — 70, "Барселона" — 69 ҳолатида Испания чемпионати давом этади. Кузатишда давом этамиз.