...Йўлдан чарчаб келдим. Уйқу бўлмади.Ойнаи жаҳонга тикиламан, зерикиб. "Ёшлар” телеканали. "Қалпоқ” деган кўрсатув бошланди. Ҳажвий теледастур. Номи қулоққа таниш. Бошланди. Дақиқалар ўтган сайин асабни баттар таранглаштиряпти...Актёр ва актрисаларни маҳалла-куйдан илтимосга чақиришганига шубҳам қолмади. Тавба, биронта таниқли қиёфа йўқлиги етмаганидай, ролини қойилмақом бўлмаса-да, ўхшатиброқ ҳам ўйнаётгани йўқ. Чиқди, биттаси, сал юзи таниш, қорнига алламбалолар тиқиб, дўмпайтириб... На сценарий устида ишланган, на воқеалар ривожи, на бундоқ монтаж қилинган. Назаримда, вилоятдаги кичик-кичик телеканаллар ҳам бундай телешоуларни кўрсатишни наинки ўзига эп кўрмайди, балки шармандалик деб билса керак! Қани телесоҳада силжиш? Бу ғариблик шунча йилдан бери ҳам барҳам топмадими? Қўпол қайнона туш кўради. Тушнинг номи "Тўй”. Самандар Ҳамроқуловнинг акаси (исмини эслолмадим, узр) бош ролни, куёв образини талқин этмоқда. Келинини ҳайдаб солиб, бошқа қизга уйлантиришмоқчи. Хуллас, қандайдир куракда турмайдиган бачкана кадрлар, сўнг собиқ қайнота собиқ куёвининг тўйи куни сочини кал қилади. Куёвжўраларни ҳам... Сартарошхонада куёв навбат кутаётган икки хонанда Самандар Ҳамроқулов ва Даврон Эргашевларга мурожаат ҳам қилади. Улар бир нечта тўйлари борлигини, шошишаётганини айтишади (умуман кадрларга тушунмайсиз, ямоқ-ямоқ чопонни эсланг!!!) ...Хуллас, бўлажак келиннинг севгилиси бўлади. У тўйни бекор қилиш учун тўй куни ёш фарзанди борлиги ҳақида машмаша ўйлаб топади...Хуллас, гўзал келин ва калбош куёвнинг тўйи бўлмайди. Ресторанга келин ва севгилиси кириб келади. Калбош куёв Болливуднинг "Ўғирланмаган келин” фильмидан ҳиндча қўшиқ куйлаб, рақсга тушади. Яна атрофида нима кийиб олганини ўзлари ҳам билмайдиган раққослар. Хуллас, ёзган сайин на кулишимни, на асабимни тинчлантиришни билмаяпман! "Ёшлар”дек нуфузли телеканал томошабинларга нима бераётганлигига қизиқиб ҳам, ҳажвий дастурни (ҳайф бўлсин!) охиригича томоша қилдим. Балки, қизиқарлироқ нималардир чиқиб қолар... Афсус, "Табассум” тўйхонасининг рекламаси ва ёқимсиз қиёфалардан бошқа ҳеч нарса! Балки, эфирнинг тунги , "ҳеч ким кўрмайдиган” пайтини номига тўлдириш учун телеканал раҳбарияти бошқа чора ўйлаб тополмагандир?! Тўғри, бу пайтда эфир кўрадиган томошабин саноқлидир. Бироқ, телеканал нафақат саноқли, атиги битта томошабин маънавиятини қашшоқлаштиришга ҳаққи йўқ! "Ёшлар” – ёшлар маънавиятини бойитишдаги ҳиссасини унутиб қўйяптими? Ё ёниб ишлаш "чўғ”и қочдимикан? Балки, журналистлар, муҳаррирлар, ходимлар йиллар давомида "қаттиқ” ишлаб, чарчадимикан? Балки, таниш-билишчилик, "суриб қол, даврингни!” қабилида ишёқмасликка, лаганбардорликка ошно тутинишгандир?!
Ўйлаб кўриш фурсати келгандек. Биров учунмас, ўз виждонингиз ҳаққи ўйлаб кўрсангизмиди? Пешонангиздаги тер, кўзингизни қувнатадиган маош ҳақи ҳалол бўлармиди?
Жасур ҲАМРОЕВ
|