Франция пойтахти Париж шаҳрида якунланган дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумидаги халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари биттадан олтин ва бронза медаль жамғарди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқишида муҳим омил бўлаётир. “Катта дубулға” Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан ўтказиладиган энг нуфузли тўрт халқаро турнирдан иборат. Париждаги мусобақа улардан дастлабкиси бўлиб, унда элликдан зиёд мамлакатдан тўрт юз нафарга яқин энг кучли дзюдочи куч синашди. Халқаро дзюдо федерацияси томонидан қабул қилинган янги қоидалар асосида ўтган спорт анжуманида 81 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан Яҳё Имомовнинг маҳорати кўпчилик мухлису мутахассислар эътиборини қозонди. Ўзбек полвони финалгача ўтган учрашувларда испаниялик Хавьер Франциско Мадера, туркиялик Танжу Сорли, венгриялик Ласло Цокняи ва россиялик Мурод Хабачировни катта устунлик билан мағлубиятга учратди. Финалда грузиялик Автандил Тчрикишвилини соф ғалаба – “иппон” баҳоси билан енгган Яҳё Имомов олтин медалга сазовор бўлди. 90 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда жаҳон чемпионати совриндори Дилшод Чориев франциялик Винсент Массимино, испаниялик Алберто Арнал, япониялик Хиротака Като устидан зафар қучиб, ярим финалда грузиялик Варлам Липартелианига ютқазди. Учинчи ўрин учун баҳсда мезбонлар вакили Александр Иддирни мағлуб этган ҳамюртимиз бронза медални қўлга киритди.