Ўтган шанба куни Афғонистонда сайёранинг энг кекса аёли - 136 ёшли Хасано вафот этди. Бу ҳақда Риа Новости хабар берган. Дунёдаги энг кекса ушбу аёлнинг етти нафар қиз фарзанди бўлиб, уларнинг иккиси 70 ва 68 ёшда вафот этган. Нангархор провинцияси полиция инспектори - марҳуманинг эвараси Хожи Валининг матбуотга маълум қилишича, аёлга 465 нафар авлоди билан юз- кўришиш насиб этган. Аёл дафн этилган Нангархор провинцияси махаллий хокимияти раҳбари Малик Муҳаммад Аслам ҳам Хасанонинг 136 ёшдалигини тасдиқлади. Бунгача дунёда энг узоқ умр кўриш бўйича рекорд натижа франциялик Жанна Кальманга тегишли эди, у 1997 йилда 122 ёшида вафот этган. Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистоннинг Тўрткўл шаҳрида 2013 йилнинг 1 июлида 133 ёшини нишонлайдиган Тўти Юсупова (суратда) исмли аёл яшайди. Дунёда айни дамдаги энг кекса аёл бўлиб турган Тўтиая 17 ёшида турмушга чиққан ва икки нафар фарзандни дунёга келтириган. Бироқ, 1940 йилда турмуш ўртоғидан, орадан сал ўтиб ўғлидан айрилган. Унинг қизи ҳозир ҳаёт бўлиб, 100 билан юзлашди. Ўғли ва қизининг болалари бутун бир шажарани ташкил қилади. Нима учун Тўтиаянинг Гиннес рекорлар китобига киритилмаётгани хали ҳам номаълум. Бундан айниқса, унинг қариндошлари ва махаллий ҳокимият вакиллари норози бўлишмоқда.