Мексика ёшлари ўзларини дунёдаги энг бахтли инсонлар, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳақда «Viacom» компанияси томонидан чоп этилган сўров натижалари гувоҳлик беради.
Маълумотларга кўра, бундай сўровнома беш қитъанинг 24 мамлакатида тўққиз ёшдан ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган. Сўровда қарийб 15 минг киши қатнашган.
Тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, Мексиканинг 93 фоиз ёшлари ўзларини бахтли ҳисоблашар экан. Иккинчи ўринни 87 фоиз бахтиёр ёшлари билан Аргентина эгаллади. Бразилияда эса ёшларнинг 84 фоизи ўз ҳаётидан мамнун эканини билдирган.
Мексикаликларнинг сўзларига кўра, улар учун бахт кучли оилавий ришталарда, оптимистликда, яшаётган ҳудудининг тараққий этишида ва ҳаётда омадга эришишда акс этади.
Экспертларнинг сўзларига кўра, илгари Лотин Америкалик кўплаб ёшлар оилага нисбатан ортиқча ташвиш, дардисар матохдек қарашар эди. Ҳозир эса бу ғоя бутунлай ижобий томонга ўзгарган: ёшлар оилани бахт қўрғони, дея таъкидлашмоқда.