Статистика |
Hozirda saytda: 22 Mexmonlar: 22 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Fevral » 24 » Достон Убайдуллаев Дубайда хавфли вирус юқтириб олдими?
00:03 Достон Убайдуллаев Дубайда хавфли вирус юқтириб олдими? |
Даракчи" газетасининг "Чув тушди” лойиҳаси яна ўқувчилар эътиборига ҳақола этилди. Ушбу лойиҳа меҳмонлари бўлган кўплаб таниқли кишилар таҳририят ҳазилига ишониб, ҳақиқий маънода чув тушишганди. Бу сафар "Тангалик болалар” фильми ва жарангдор овози билан болалигиданоқ барчага яхши таниш бўлган хонанда Достон Убайдуллаевга тузоқ қўйдик. Достон Убайдуллаевга қўнғироқ қилиб, ундан интервью олмоқчилигимизни айтиб таҳририятга таклиф этдик. Хонанда таҳририятга кириб келиши билан уяли телефони жиринглади. — Ассалому алайкум. Сиз, Достон Рустамовичмисиз? — Ҳа, мен. — Сизни Хавфли вируслар бошқармаси (аслида бунақа бошқарма йўқ) бошлиғи Малика Ҳасанова безовта қиляпти. 21 январь куни 334HY Дубай-Тошкент рейси билан Дубайдан учиб келган экансиз, шундайми? — Ҳа... — Унда зудлик билан Республика Қон марказига келиб, анализ топширингиз лозим! — Нега, тинчликми?.. Тушунтириб гапиринг, нима бўляпти ўзи? — Достон Рустамович, бу телефонда айтиладиган гап эмас. Етиб келсангиз, ҳаммасини шу ерда тушунтирамиз. — Хўп-хўп, бораман... — Бир соат ичида сизни Усмон Носир кўчасидаги "Қон маркази”да кутамиз! — Ие, опа, нима деяпсиз? (жаҳли чиқиб). Мен бир соатда етиб боролмайман, ахир. Ишдаман-ку! — Рейсдагиларнинг деярли ҳаммаси келиб кетишди, фақат тўрт-беш киши қолди. Бугун соат биргача барчадан анализ олиб улгуришимиз керак. Буйруқ шунақа!
Гапни охиригача эшитмай, гўшакни қўйган аёлдан қаттиқ жаҳли чиққан Достон жиғибийрон бўлиб: — Тушунмадим? Бу аёл жуда ғалати экан-ку! Нега мен билан бундай оҳангда гаплашади?.. Боролмайман десам ҳам, эшитмай гўшакни қўйиб қўйганини-чи! Э-э, бормайман! Қачон вақтим бўлса, ўшанда бораман!
Интервью олишга "тайёрланиб” турган Алия: — Тинчликми, Достон ака? — Билмасам, тинчлик бўлса керак. Яқинда Дубай сафаридан келгандим. Тинчлик бўлсин, деб турибман ўзим ҳам... (хавотирланиб). Бир соатда қон марказига етиб келинг дейишяпти. Ҳайронман... Асабийлашиб кимгадир қўнғироқ қилган Достон: — Абдурашид ака, сиз айтган аёл менга ҳам қўнғироқ қилди. Сизга нима деди? Абдурашид Йўлдошев: — Биз учиб келган самолёт рейсини сўраб, қандайдир вирус ҳақида гапирди. — Вирус? Қандай вирус? — Билмадим, менга яна қўнғироқ қилиши керак, ўзим ҳам кутяпман. — Тинчлик бўлсинда ишқилиб...
Хонанда Абдурашид Йўлдошев билан гаплашган Достон қаттиқ ваҳимага туша бошлади. Унинг кўнглиги янада кучлироқ ғулғула солиш учун Алия:— Яқинда телевизорда кўргандим, хорижда қандайдир кучли грипп вируси тарқалгани ҳақида гапиришаётганди. Сиз ҳам эшитгандирсиз? Балки шу масаласида чақиришаётгандир. — Билмадим, нега айнан мени? Яна қачон, қаердан келганимгача билар экан! — Майли, хавотир олманг. Суҳбатни бошлаймизми? — Албатта. — "Юрагим бўм бўш” қўшиғингиз билан ҳаммани эътиборини тордингиз. Қўшиқ хит даражасига етяпти... Хонанда "Ҳа, бу қўшиқ ўзим кутганда-да машҳур бўляпти”, деб энди оғиз жуфтлаган ҳам эдики, яна уяли телефони жиринглай бошлади.
— Достон Рустамович, келяпсизми? — Опа, мен бир соатда етиб боролмайман дедим-ку. — Нега? — Тушунинг, "Даракчи” газетасидаман, интервью беряпман! — Қаерда дедингиз? "Даракчи”да? Бўлди, ундай бўлса ўзимиз етиб борамиз. Бизга бугун ўша рейсда учганларнинг барчасини топиб, қонини текшириш топширилган. Мени ҳам тўғри тушунинг. Кела олмайдиганларнинг ёнига ўзимиз боришимиз шарт. "Даракчи”даман деяпсиз... Лекин бу ҳаммага билдириладиган гап эмас-да, агар "майли, келаверинглар” десангиз, бораверамиз. — Тавба... (ваҳима билан) Опа, олдин нима гаплигини тушунтиринг, илтимос. Одамни бундай қўрқитманг. — Телефон орқали айтиладиган гап эмасди-ю, аммо сизни тинчлантириш учун айтаман. Сиз учиб келган самолёт йўловчиларидан бирида "драгнфлай” яъни ниначи вируси чиққан. Гап шундаки, бу грипп ҳаво орқали юқади, асоратлари оғир. — Ниначи гриппи дедингизми? У қандай грипп экан? — Вируснинг шакли ниначига ўхшагани учун шундай деб номланган. Аломатлари икки ҳафтдан кейин билинади, юқумли бўлгани учун йўловчиларнинг қон таркибини текширяпмиз... Бироз ваҳимаси босилган Достон: — Шундай денг? Бир соатда боришим шартми? — Шарт! Бу жиддий масала! Алия: — Достон ака, жуда хавфлига ўхшаяпти. Бора қолинг, суҳбатни кейин давом эттираверамиз. Ўн дақиқага қолмай манзилга етиб борган хонандани ваҳима билан кутиб олган йигит, тўғри қон топшириш бўлимига олиб кирди.
Малика Ҳасанова: — Хайрият, етиб келдингизми? — Менга сиз қўнғироқ қилганмидингиз? — Ҳа. Келинг, марҳамат! Охирги марта қачон қон топширгансиз? — Эсимда йўқ... Ишқилиб ваҳимали вирус эмасми, опа? — Сизга боя тушунтирдим-ку, вирус тарқамаслиги учун унинг олдини олишимиз керак. — Лекин менда грипп аломатлари сезилмади... — Охирги пайтларда томоғингиз оғриб, ҳароратингиз ошмадими? — Ҳароратим ошмадию, сал-пал томоғим оғриди.
"Шифокор” Малика Ҳасанова хонанданинг аҳволи билан батафсил қизиқиб, саволларига жавоб олиб, "касаллик варақа”сини тўлдиргач: — 250 грамм қон топширишингиз керак, мабодо ҳушингиздан кетиб қолмайсизми? — (қўрқиб кетиб): Намунча кўп?! Мендан сал озроқ олишнинг иложи йўқми? — Эрталаб нонушта қилганмидингиз? — Йўқ...
Шундан кейин Қон маркази ҳамшираси қон олиш учун барча ускуналарни тайёрлади ва "булар ҳам ўша рейсданми?” деганча қовоғини уюб Достонни "тезроқ бўлинг” деб шоширди. Донорлик курсисига жойлашган Достонга Малика Ҳасанова "қон топширишга розиман деб, имзо чекишингиз лозим” деб касаллик варақасини узатди. Варақанинг "имзо” деган жойида "Достон Убайдуллаев "Даракчи” ҳазилига чув тушди” деган ёзув бор эди. Лекин тиббий ускунлар ва ҳақиқий донорлару, шифокорларни кўриб бироз ваҳимага тушган Достон Убайдуллаев, ёзувни ўқимасдан имзо чекиб берди!
Ручкани шифокорга узатиш учун бошини кўтарганида тепасида "Даракчи ҳазили” деган ёзувни кўтариб турган Алияга кўзи тушиб, бир муддат қотиб қолди. Кейин "Алдандимми?! Бўлиши мумкин эмас...” деди тутилиб. Кейин ҳам афсус, ҳам хурсанд (ниначи гриппи ёлғон бўлиб чиққанидан) бўлиб кулиб юборди.
Худди ростдан қон топшираётгандек "кушетка”да ётганича бўлаётган воқеаларни камерага туширган суратчиларимиз видеокамераларини кўтариб туриб келишганда эса, хонанда хандон отиб кулиб юборди.
Ижодий гуруҳ ва ушбу лойиҳани амалга оширишда бизга ёрдам берган Республика Қон маркази шифокорлари ҳам қарсак чалиб юборишди. "Ниначи операцияси” омадли якунланди. Дилфуза Собирова (Малика Ҳасанова) "Сизни чув тушуриш учун анча тайёрланишимизга тўғри келди. Ҳазилимиз бироз қалтис бўлгани учун, узр” дегач, Достонга мазкур лойиҳани амалга оширишда дўсти, Дубай сафарига бирга борган хонанда Абдурашид Йўлдошев ҳам ёрдам берганини маълум қилдик.
Достон Убайдуллаев: — Яқиндагина дўстим Абдували Ражабовни чув туширган эдим. Мана бугун ўзим унинг ўрнидаман. Қойил! Режангиз шу даражада пухта ўйланганки, ҳатто "балки ҳазилдир” деган гап хаёлимга ҳам келмабди. "Даракчи”нинг бу ҳазили бир умр эсимда қоладиган бўлди.
Лойиҳа устида ишлаганлар: Дилфуза СОБИРОВА, Алия ТУЛЕМБАЕВА, Ҳусан ҚОСИМОВ , Ғайрат УБАЙДУЛЛАЕВ
Лойиҳани тайёрлашда бизга яқиндан ёрдам берган Республика Қон маркази раҳбарияти ва ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Manba: Darakchi.uz
|
Категория: O'zbek yulduzlari |
Просмотров: 983 |
| Рейтинг: 5.0/7 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|