Статистика |
Hozirda saytda: 1 Mexmonlar: 1 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Aprel » 18 » Доно БОБОХОНОВА: “Ҳақиқий муҳаббатим саҳанада туғилган!”
02:33 Доно БОБОХОНОВА: “Ҳақиқий муҳаббатим саҳанада туғилган!” |
Бу актриса яратган образлар, уларнинг гап-сўзлари ва ҳатто нигоҳининг ўзиёқ юзимга табассум югуртирарди.
Ундаги соддалик, самимийлик, кўнгилчанлик доим мени ўзига тортгани учун ижодини катта қизиқиш билан кузатар ва суҳбатлашишни дилимга тугиб юрардим. Буни қарангки, ушбу актриса яъни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонова билан мулоқотимиз унинг аслида ҳам болалардек беғубор, самимий ва қувноқ эканлигини кўрсатди.
1-бекат: "4-синфлигимда парашютда учганман!”
Мен Қозоғистонинг Уйғур туманида Хитойга чегара бўлган Чунжа деган қишлоқда дунёга келганман.. Шунинг учун тилим уйғурчада чиққан. Оилада кенжа фарзанд бўлганим учун роса эрка эдим. Уруш энди тугаган, оғир даврлар сабаб онам фарзандларини олиб Тошкентга кўчиб келган. Бу пайтда ака, опаларим уйли-жойли бўлган, фақат кичик опам ва мен қолгандик.
Опам спортга қизиққани учун "Спорт устаси” даражасигача етди. Мени эса ўша пайтларда ҳам санъат ўзига тортган. Аммо ўзим тушунмаганман. Тинмай китоб ўқирдим. Эртак ўқисам, ундаги қаҳрамон ролини ўйнаб кўрардим. Лекин бу қимматга тушар, ҳар гал онамнинг бирорта кўйлагини ё кесиб, ё тешиб қўярдим. Кейин онам койирди.[JPG.uz-Saytdan olindi]
Қизиқувчанлигим сабаб кўп воқеалар бўлган. Эсимда, тўққиз ёшимда онам менга телевизор совға қилганди. Бу мен учун мўъжизанинг ўзгинаси эди. Бир куни унда парашютни кўриб қолдим. Киноларда кўрсатиб қолишарди-да. Бирдан "парашютда учиш қанақа бўларкан?” деган фикр миямга урилди-ю, синаб кўргим келди. Ўшанда тўртинчи синфда ўқирдим. Икки қаватли болахонамиз бўларди. Унинг пастки қаватига хашакларни ёйиб қўйиб, шартта иккинчи қаватга чиқдим. Сўнг қўлимдаги соябонни очиб, пастка сакрадим. Уша пайтда ҳис қилган оғриқ ва уқубатларни ҳозир эсласам...
Ўша-ўша "парашют”да учмайдиган бўлдим.
2-бекат: Биринчи муҳаббат
Мендаги санъатга бўлган қизиқишни кўриб онам ўн бир ёшимда балетга берган. Илк муҳаббатимни ҳам шу ерда учратганман. Ким билсин, бу муҳаббатми, ҳавасми? Нима бўлганда ҳам ўша даврга хос гўзал, болаларча беғубор бу туйғу мени асир этганида балоғат остонасида эдим. Биз билан бир бола ҳам балетга қатнарди. Энг чиройли ва маҳорат билан рақс тушадиган ҳам ўша эди. Ишонасизми, унга қарашга ҳам журъат этолмасдим. Рақс хонамиздаги катта кўзгу орқали рақсини томоша қилардим. У эса ҳеч нарсани сезмасди. Тўрт йил уни ана шу тарзда — меҳр, ҳавас ва иштиёқ билан кузатганман. Ўн еттига кирганимда илк бор кеча уюштирдик. Кечага янги кўйлак кийиб бордим. Шундоқ кириб боришим билан ҳалиги йигит менга қараса денг. "Сиз кимсиз? Қаердан келдингиз?” деса бўладими? "Мен сиз билан бирга шу ерда шуғулланаман”, десам ҳайрон бўлди. Шундан кейин менга эътибор бера бошлади. Табиийки, мен уялиб, тортиниб ундан ўзимни олиб қочиб юрдим.
3-бекат: "Мен сеҳрланган кун”
Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Аммо ўқишга паст баҳолар: "уч”, "тўрт” олиб зўрға киргандим. Роман-герман факультети талабаси эдим. Тил ўрганишга бўлган иштиёқим шу даражада кучли бўлганки, биринчи сессияни аъло баҳоларга ёпиб, домлаларнинг, деканнинг назарига тушганман. Ҳозир ҳам инглиз тилида бемалол гапира оламан. (Шу пайт гапининг исботи сифатида бир-неча фикрини инглиз тилида баён қилди). Лекин, бир воқеа сабаб бу ўқишдан воз кечдим. Театр институтида ўқийдиган бир дугонам бўларди. Сессияни ёпиб бўлгач, у билан кинога бормоқчи бўлдим. У ҳали имтиҳонларни топширмаганлиги сабаб кутиб туришимни айтди.
Йўлакда турганимда Раҳим Сайфуддинов деган домла кўриб қолиб, меҳр билан сўради: "Қизим, бу ерда нима қилиб турибсан?” Мен дугонамни кутиб турганимни билдирдим. У киши эса, "киринг ёнига”, деди. "Вой, кирса бўладими?” дея у кирган хонага қадам босдим. Улар этюд қилишаётган экан. Кўзим тушиши билан сеҳрланиб қолдим. "Мен шу ерда бўлишим керак. Мен истаган касб шу-ку!” дедим ўзимга ўзим.
Раҳим Сайфуддинов эса менинг кўзларим порлаб турганини кўрган экан. "Мен сизнинг кўзларингиз ёнганини кўрдим. Менга бир этюд қилиб беринг”, деб қолди. "Қанақа?” дедим завқим келиб. "Сиз онасиз, болангиз касал. Дорихонадан дори олиб келгунингизча болангиз ўлиб қолибди. Бир пастдан кейин қарасангиз у нафас оляпти. Сизга шундай туюлган экан. Мана шуни ўйнаб беринг”, деди у киши. Мен ўн саккиз ёшли қизман. Оналик туйғуси ҳали бегона. Аммо ўйнадим. "Қизим, сизнинг жойингиз шу ерда. Нима қилиб бўлса ҳам ҳужжатларингизни шу ерга олиб келинг”, деди Раҳим ака. Бу касб ўзимнинг излаганим, истаганим бўлгани учун рози бўлдим.
4-бекат: "Устозларни кузатардим”
Ўқиш билан бирга ишлай бошладим. Илк ишхонам Ўзбек давлат драма театри биноси бўлган. У пайтларда бу ерда Ҳамза номидаги (ҳозирги Миллий академик драма театри) театр фаолият юритарди. Ўқишим кечки бўлимда бўлгани учун мен директор ўринбосарига котибалик қилганман. Ўшанда улуғ санъаткорларимиз Сойиб Хўжаев, Шукур Бурхоновларни кузатишдан чарчамасдим.
Шукур Бурхонов вақти бўлганида ёнимга ўтириб эринмай турли воқеаларни ҳикоя қилиб берарди. Қаранг, актёрлик шу даражада қон-қонига сингиб кетган эканки, ҳатто ўша суҳбат чоғларида ҳам "қара, шунчалар берилиб кетганимдан қўлимдаги тукларим тикка бўлиб кетди”, деб қўлларига ишора қиларди. Ростдан ҳам шундай ҳолга тушарди у киши.
Сойиб Хўжаев ҳам ўта маданиятли ва ширинсухан инсон эди. Яна бир буюк режиссёр — Тўла Хўжаевни ёдга олмасам бўлмайди. У киши бирорта спектаклга репетиция бўлаётганда мени чақирарди: "Қизим, ишингни қўя тур, юр, мана бу ерда томоша қилиб ўтир”. Шу билан мен репитицияни томоша қилардим. Тўла ака эса ора-сира келиб менга қараб кетарди. Мен эса бу қилиғини тушунмасдим. У киши эса мен орқали спектаклнинг қайси жойи қандай таъсир қилаётганини биларкан. Мана, сизга маҳорат!
Иккинчи курслигимда эса Миллий театр ҳозирги жойига кўчиб, аввлги бинода "Ёш гвардия” номи билан Ўзбек давлат драма театри очилди. Ўшанда Мурод Ражабов биринчи курсда ўқирди. У мени шу янги очилаётган театрга ишга боришимни айтди. Мен рус мактабда ўқиганим учун ўзбек тилида яхши гапира олмасдим. Шу камчилигим туфайли қўрқиб келганман. Аммо устозимиз, режиссёр Эргаш Масафаев мени ишга олган. Шу тарзда театрга қадам қўйганман. Илк ролим Ой бўлган. Эргаш ака, "Доно ойдан тушган, шу учун тили шунақа шу рол унга жуда мос”, дея шу ролни берган.[JPG.uz-Saytdan olindi]
5-бекат: Муҳаббат ва осмондан ёғилган пуллар
Ҳаётимдаги ҳақиқий муҳаббат ҳам шу ишхонада, саҳнада дунёга келган. "Ўн саккиз ёшлилар” спектаклига тайёргарлик кўраётгандик. Мен қўлимдаги дўппини йигитга олиб боришим, муҳаббат билан боқишим керак эди. Дўппини олиб бораман, режиссёрга ёқмайди. "Муҳаббат йўқ, қарашларинг жонли эмас”, деб жаҳли чиқиб режиссёр кетворди. "Ўзимиз тайёрланамиз”, дея шундай дўппини олиб бориб унга қарадим-у... Исамат Эргашевни шу ҳолатда, ўша дақиқаларда севиб қолганман. Муҳаббатимиз шу тарзда туғилди. Тез орада тўйимиз бўлди. Уч фарзанд: Дилёр, Наргиза, Жайхунларнинг ота-онасига айландик. Лекин, тақдиримизда йўлларимиз айро тушиши бор экан. Ҳар бир рўзғорда бўлгани каби бизда ҳам келишмовчиликлар бўлди. Катта ўғлим ўн икки ёш, кичик ўғлим икки ёш бўлганида биз ажрашдик. Бу менга жуда катта зарба бўлган. Тушкунликка тушиб оқсай бошлаганимдан Худо суяб, омад бера бошлади. "Бозор кўрмаган йигит”даги каби халқ оғзига тушган ролларим ўша пайтда менга қувват берган.
Болаларни ёлғиз оёққа турғаздим. Уйлантирдим, узатдим. Шукрки, уларнинг ҳаёти кўнглимдагидек. Келин танлаётганда ҳам ўғилларимнинг кўнглига қараганман. Бой-камбағал демабман. Келиним мебелсиз келгани учун тўйларидан сўнг ерда ухлашарди. Уларга каравот олиб беришни жуда истардим. Айни сўм-купон вақтлари эди. Маошимни олишга борсам, мукофот пули ҳам бериб қолишди. Купон эмасми, бир сумка пул бўлди. Ҳисоблаб кўрдим, каравотга ҳам, рўзғорни юритишга ҳам етади. Дарров фарзандларим учун кароват харид қилдим. Юк машинасига ортдим. Ҳайдовчига "шу каравотнинг устида ўтириб кетсам майлими?” дебман. Ҳайдовчи рози бўлмади. "Ётиб кетаман, ҳеч ким кўрмайди”, дея базўр кўндирдим. Каравотда ётиб, осмонни томоша қилиб кетяпман. Севинчим ичимга сиғмайди. "Ўғлим ва келинимга каравот олдим, қандай яхши. Осмон мусаффо, ҳамма нарса чиройли”, дедим ичимга сиғмай. Шу пайт осмондан пуллар ёғилса денг. Чирпирак бўлиб, пириллаб шунақа чиройли учиб тушяптики. Ҳайратдаман! Ён-атрофда кўп қаватли уй ҳам йўқ! Аланглаб қарасам, ўзимнинг пулим сумкамдан шамолга учиб чиқяпти! (Мириқиб кулди). Жон ҳолатда кабина томонга югурдим. Афсус, кабинани урай десам, қўлим етмади, бақирсам, шамол овозимни орқага олиб кетади. Хуллас, уйга пулларсиз келдим. "Пулларим учиб кетди”, десам ҳеч ким ишонмайди. Ўшанда қўшнилардан қарз олиб ҳайдовчини рози қилгандим.
6-бекат: Энг оғир зарба
Энг оғир зарба бу ўғлимдан айрилган куним бўлса керак деб ўйлайман. Дилёр қирқ уч ёшида бу дунёдан кўз юмди. Саратон хасталигига чалинган экан. Аммо шифокорлар нотўғри ташхис қўйгани боис, жуда кеч билдик. Жуда кеч... (Кўзлари ёшланди).
Ҳеч ким "болам”, демасин! Мен бутун дунёдан совугандек бўлдим. Охири қизим Наргиза койиб берди: "Ойи, бунақада ўзингизни олдириб қўясиз. Биз фарзанд эмасмизми? Биз бормиз-ку! Биз учун ўзингизни қўлга олинг!”
Унинг гапларидан сўнг ишлашга, овунишга уриндим. Фильмлардан тушган таклифларни қайтармадим. "Тилим қурсин” фильмидаги қаҳрамоним ўзимга ҳам ёқди. Яна бир неча фильмларда рол ижро этдим. Театрни эса ҳеч қачон тарк этмасам керак!
Наргиза УСАНБОЕВА суҳбатлашди
|
Категория: Shou biznes olami |
Просмотров: 1209 |
| Рейтинг: 5.0/1 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|