Чет эл валюталарини энди фақатгина банк орқали, пластик карточкаларда сотиб олиш мумкин Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра… Қарорга кўра, 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб ваколатли банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақдсиз шаклда, уларнинг шахсий банк пластик карточкасидаги миллий валютани чет эл валютасидаги халқаро тўлов карточкасига ўтказиб бериш йўли билан сотиш механизми жорий этилади. Яъни, янги тартибга кўра эндиликда аҳолига нақд хорижий валюта сотилмайди. ХАЛҚАРО ТЎЛОВ КАРТОЧКАЛАРИНИНГ АФЗАЛЛИГИ НИМАДА? Бугунги кунда мамлакатимизнинг йигирмадан ортиқ ваколатли тижорат банки томонидан халқаро тўлов карточкалари муомалага чиқарилмоқда ҳамда улардан 233 мингдан ортиқ жисмоний шахслар кенг фойдаланмоқда. Ўзбекистондаги барча тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” ва бошқа нуфузли халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланиб, улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “СВИФТ” халқаро тизимига уланган. Халқаро тўлов карточкасидан фойдаланиш дунёнинг исталган мамлакатида товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни ўша давлатда муомалада бўлган валютада амалга ошириш бўйича ўз эгасига унинг банк ҳисоб варағидаги маблағларни тасарруф этиш имкониятини яратиши билан анча устунликка эга эканлигини кўрсатмоқда. Бунда мазкур ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши нуфузли, умумэътироф этилган халқаро тўлов марказлари томонидан кафолатланган. Шу билан бирга, халқаро тўлов карточкаларидан фойдаланиш, нақд валютадан фойдаланишдан фарқли равишда, маблағларнинг хавфсизлиги ва сақланишини кафолатлайди. Хусусан, тўлов карточкаси йўқолган тақдирда ҳам маблағлар банк ҳисобварағида сақланаверади ҳамда ундан фақат эгасининг ўзи фойдаланиши мумкин бўлади. ҚАЕРДА? КИМ ТОМОНИДАН? Чет эл валютасининг жисмоний шахсларга нақд пулсиз шаклда сотилиши билан боғлиқ барча операциялар ваколатли банкларнинг вилоят, шаҳар ва туман филиалларида очилган ҳамда аҳолига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича барча зарур техник ускуналар билан таъминланган махсус конверсион операциялар бўлимлари орқали амалга оширилади. НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Жисмоний шахслар чет эл валютасини сотиб олиш учун ваколатли банкларнинг конверсион операциялар бўлимига фақат қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари зарур: 1. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари учун ҳарбий билет); 2. Чет эл валютасини сотиб олиш учун белгиланган шаклдаги ариза; 3. Валюта айирбошлаш операциясини амалга ошириш учун банк ҳисобида етарли миқдордаги миллий валюта мавжуд бўлган шахсий банк пластик карточкаси. Банкнинг масъул ходимлари тез ва қисқа муддатда ариза берувчи – жисмоний шахснинг хорижда барча ҳисоб-китобларни чекланмаган ҳолда амалга ошириш имконини берувчи халқаро тўлов карточкасига чет эл валютасини ўтказиб бериш орқали валюта айирбошлаш операциясини амалга оширишга мажбур. ПЛАСТИК КАРТАСИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРЧИ? Чет эл валютасини сотиб олиш учун мурожаат қилган жисмоний шахсда шахсий банк пластик картаси бўлмаган ҳолларда, конверсион операциялар бўлимининг жавобгар ходими махсус бўлим ва ўрнатилган тартиблар орқали мижозга номига шахсий пластик карта очишни таклиф қилиши лозим. Шахс номига очилган банк пластик катасига миллий валютани ўтказиш ҳизмати тегишли банкнинг барча филиалларида амалга оширилади. МУРОЖААТ ҚИЛГАНИНГИЗДАН СЎНГ… Конверсион бўлимнинг жавобгар ходими томонидан жисмоний шахснинг хорижий валюта сотиб олиш учун ёзган аризаси кўриб чиқилгач, жисмоний шахснинг банк пластик картаси ҳужжат бўйича текширилиб, ҳақиқатда шахсга тегишли эканлиги аниқланади; Тўлов терминали орқали шахснинг банк пластик картасидаги маблағ миқдори аниқланиб, валюта операцияси учун етарли ёки йўқлигини текширилади (маблағ операцияни амалга ошириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пластик картани тегишли банкнинг исталган филиаллари орқали тўлдириш мумкин); Жисмоний шахс номига халқаро тўлов картаси очилади (ўзиники бўлмаган тақдирда); Тўлов терминали орқали шахснинг банк пластик картасидаги миллий валютани операция амалга оширилаётган кундаги курс бўйича ҳисобланиб, чет эл валютасига айирбошлаб, шахс номига очилган халқаро тўлов картасига ўтказиб берилади; Жисмоний шахс – резидентга сотиб олган чет эл валютаси тўғрисида тегишли маълумотнома берилади. Мазкур маълумотнома чет эл валютасини шахснинг халқаро тўлов картасига ўтказиб берилганини тасдиқлаш учун хизмат қилади. СОТИШ УЧУН-ЧИ? Мамлакатимиз аҳолиси ва чет эл фуқароларидан чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби ўзгармасдан қолади. Яъни, ваколатли банклар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ваколатли банклар ва уларнинг филиаллари биноларида, аэропортларда, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, божхона постларида ҳамда бошқа жамоат жойларидаги айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб оладилар. 2013 йилнинг 1 февралидан жорий этилаётган чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш тартиби фақат жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган валюта айирбошлаш операцияларига татбиқ этилиб, юридик шахслар учун жорий халқаро операцияларни амалга оширишда чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. ДИҚҚАТ: Мазкур қарорда кўзда тутилган қоидаларни бузганликда айбланган шахслар жавобгарликка тортилади. “ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ” САМОЛЁТЛАРИДА НИМАЛАР ТАҚИҚЛАНДИ? Ўтган ойнинг 29 санасида Ўзбекистон Республикаси парвоз ҳавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг “Йўловчининг ҳаво кемаси ичидаги юриш-туриш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳаво кемаси (самолёт) ичида кетаётган йўловчи қуйидагиларни бажаришга мажбурдир: Мазкур қоидаларни, ҲК командирининг ёки экипаж аъзосининг ҳаво кемаси командири номидан берган парвоз ва ҲК ичидаги одамлар хавфсизлигини, мол- мулк бут сақланишини, ташиш шартномасини ижро этиш билан боғлиқ хизматлар курсатиш тартиби ва имкониятини таъминлашга доир фармойишларини бажаришга; ҲК саҳнида учиш талонига, шунингдек зарур булган ҳолларда парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҲК экипажи аъзоларининг курсатмасига мувофиқ жойлашишга; юкларини махсус ажратилган жойларга жойлаштиришга; “Камарларни тақиш” таблоси ёқилиши билан хавфсизлик камарини тақишга ва у ўчмагунча ечмасликка. ТАҚИҚЛАНАДИ! Гиёҳванд моддаларни, тамаки маҳсулотларини (носвой ва бошқаларни ҳам) истеъмол қилиши, шунингдек электрон сигаретлардан фойдаланиши; Ташувчи томонидан истеъмол қилиш учун таклиф қилинган белгиланган меъёрдан ташқари, шунингдек бож олинмайдиган савдо дуконларидан сотиб олинган алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиши; Учувчилар кабинасига кириш; ҲК экипажи аъзоларининг хизмат вазифаларини бажаришларида уларга тўсқинлик қилиши ёки уларнинг ишларига аралашиши; ҲКни юриш, кўтарилиш ва қўниш вақтида электрон ва алоқа воситаларидан фойдаланиши; ҲКнинг мол-мулкини (пледлар, ёстиқлар, идиш-товоқлар, ошхона жиҳозлари, электрон воситалар, қутқариш нимчалари ва бошқаларни) олиб кетиши ва шикастлаши; жамоат тартибини бузиши ва заруратсиз атрофдагиларни безовта қилиши; ҲК экипажи аъзоларининг тегишли кўрсатмаларисиз авария-қутқарув жиҳозларини ишлатиши; ҲК экипажи аъзоларининг рухсати ёки курсатмаларисиз бошқа жойларга ўтириши. ДИҚҚАТ: ҲК ичидаги юриш-туриш қоидалари йўловчи томонидан парвоз хавфсизлигига таҳдид туғдирадиган ёхуд шахсларнинг ҳаётига ёки соғлигига ва мол-мулкига тахдид туғдирадиган тарзда бузилса, у билан тузилган ташиш шартномаси ташувчи томонидан ташиш йўналишининг исталган манзилида бекор қилиниши мумкин. ЙЎЛОВЧИ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚЛАРГА ЭГА? Йуловчи ҲК экипажи аъзоларидан ташиш шартномаси шартларида белгиланган хизматларнинг кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир. Йуловчи жамоат тартибини бузаётган, узини ёки бошқа шахсларни заруриятсиз безовта қилаётган ҳамда шаъни ва кадр- қимматига путур етказаётган, мол- мулкига ёки соғлигига ёхуд ҳаётига таҳдид туғдираётган йўловчига таъсир кўрсатиш талаби билан ҲК экипажи аъзоларига мурожаат қилиш, шунингдек худди шундай ҳаракатлар қилаётган ҲК экипажи аъзолари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.