Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон дўконлари расталарида кўпчиликнинг севимли ичимлиги ҳисобланган Coca-Cola жуда танқис маҳсулотлар сирасидан ўрин олди.
Ичимлик мавжуд дўконлар ҳам уни жуда қиммат нархларда сотаётганлиги барчага маълум. Ҳозирда 1,5 литр ҳажмдаги ичимликнинг бозорлардаги нархи 7000 сўмни ташкил қилди.
Бу борада кўпчилик орасида турли фикрлар оралади, компания ёпилганлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳам шулар жумласидандир.
Компания вакилининг бизга берган маълумотларига кўра, айни дамда компаниянинг сотувида Burn қувват ичимлиги, BonAqua минерал суви ҳамда Fuse tea яхна чойи мавжуд. Coca-Cola, Fanta, Sprite каби газланган ичимликлар эса компанияда олиб борилаётган профилактика ишлари сабабли ишлаб чиқарилмаяпти.
"Бозорда ичимлик нархининг ошиб кетиши ҳам айнан шу сабабдан юз берган. Ҳозирда сотувдаги ичимликлар одамлар қўлларида қолиб кетган маҳсулотлардир", - дея изоҳлади компания ходими.
Бизга берилган маълумотларга кўра, завод жорий йилнинг апрел ойигача профилактика ишларини тамомлаб, фаолиятини аввалги режимда давом эттиради.
Бугунги кунда Coca-Cola компанияси дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатида 2 800 дан ортиқ ичимликлар ишлаб чиқарилади. Coca-Cola компанияси 5 тадан 4 та энг машҳур алкоголсиз ичимликлар брендига эга. Coca-Cola дунёдаги энг қиммат бренд бўлиб, у Ер юзининг 94% аҳолисига таниш. Компанияда бутун дунё бўйлаб 90 мингдан ортиқ юқори малакали ходимлар фаолият юритади.