Чили президенти Себастьян Пиньера Сантьяго шаҳри районларидан биридаги эски уйларни бузиш бўйича расмий маросимда хижолат тортиб қолди.
Айрим маълумотларга кўра, давлат раҳбари харобалар уюмининг устига чиққанидан сўнг мувозанатни йўқотиб қўйган ва боши билан пастга қулаб тушган. Уни маҳаллий маъмурият раҳбари ушлаб олишга улгурган.
Президентга жиддий жароҳат етмаган. Бир неча дақиқадан кейин, журналистлар билан суҳбатда, Пиньера юз берган воқеа борасида ҳазиллашган. "Ҳаётда қулашлар бўлиб туради, асосийси – яна оёққа тура олишдир”, - дейди Чили етакчиси.
Бу орада, ижтимоий тармоқларда президентнинг қулаши акс этган кўплаб фотосуратлар пайдо бўлган. Уларда Пиньера қулаган пайтда бошини жиддий уриб олгани кўриниб турибди.
Айтиш жоизки, Чили раҳбари хавфли вазиятларга биринчи бор тушаётгани йўқ. Хусусан, 2010 йилда у Янги Орлеанга ташрифи чоғида сирпанчиқ нишаблик туфайли Миссисипи дарёсига қулашига сал қолганди.