"Челси” ярим ҳимоячиси Эден Азар "Суонси”га қарши Англия Кубоги ярим финал жавоб ўйинида тўп олиб берувчи болакайни тепгани учун тўғридан- тўғри қизил карточка билан жазоланди. Эслатиб ўтамиз ушбу ўйин нурсиз дуранг билан якунланди. Ўйин тугашига 10-дақиқа қолганда Азар "Суонси” дарвозаси ортида турган боладан тўпни олиб, дарвозабон вақтни чўзмаслиги учун уни тезроқ майдонга ўрнатмоқчи бўлди. Аммо болакай тўпни беришдан бош тортди. У майдонга ётиб олиб, тўпни гавдаси билан тўсиб олди. Азар бўлса оёғи билан болакайни қовурғасига тепди ва тўпни олиб қўйди. Бунинг натижасида бош ҳакам Крис Фой Азарни майдондан четлатди.