Япониянинг "Санфречче Хиросима" ва Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етди. Унда "қалдирғочлар"нинг қўли баланд келди. Осиё чемпионлар лигаси "G" гуруҳидан ўрин олган ушбу жамоалар хужумкор ўйин намойиш қилишди. Гарчи, тўп билан муомала қилишда мезбонлар кўпроқ устунликка эришган бўлсада, қарши хужумларда "Бунёдкор"нинг хавфли вазиятларни содир эта олди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқасида тошкентликларнинг янги аъзоси-украиналик ҳужумчи Александр Пишур боши билан зарба бериб ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда японлар босимни оширишга интилишди. Баъзи ҳолатларда, ҳимоячилар, баъзиларида Нестеровнинг аниқ ҳаракатлари жамоага оро кирди. 86-дақиқада эса "Бунёдкор"нинг навбатдаги қарши хужумидан кейин Фозир Мусаев ҳисобни 0-2га етказди. Шу тариқа вакилларимиз сафардан муҳим ғалаба билан қайтишди. Энди "Бунёдкор" 13 март куни Тошкентда Жанубий Кореянинг "Поханг стилерз" жамоасига қарши тўп суради. Осиё чемпионлар лигаси-2013 "G" гуруҳи 1-тур "Санфречче Хиросима" (Япония) - "Бунёдкор" (Тошкент) 0:2 Голлар: Александар Пишур-45, Фозил Мусаев-86.