Ўзбекистонга илк марта ва ҳозирча фақат бир маротаба метеорит тушгани 2001 йилнинг 9 июлида расман қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, физика-математика фанлари доктори Шухрат Эгамбердиев маълум қилди.
Унинг айтишича, ўша куни Бухоро вилояти Когон тумани аҳолиси тонг отишидан олдин ғалати шовқин эшитган. У гўё самолёт овозига ўхшаган. Одамлар шу пайт осмонда учиб ўтаётган ёниб турган жисмни кўришган. Жисм бирданига қўрқинчли товуш чиқариб, портлаб кетган ва ерга қулаган. "Кейинчалик у бизнинг институтимиз тасарруфига ўтди. Халқаро экспертиза жараёнида бу ҳақиқатдан ҳам ерга ёд бўлган жисм экани аниқланди. Унга "Бухоро метеорити” деган расмий ном берилди. Бугунги кунда у Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланмоқда. Метеоритнинг ҳажми у қадар катта эмас. Оғирлиги – салкам 5 килограммга тенг”, - деди Шухрат Эгамбердиев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 феврал куни Россиянинг Урал худудига метеорит тошининг тушиши оқибатида юзлаб иншоотлар шикастланган, мингдан зиёд киши тан жароҳатини олган.