Бу от кимгадир шумқадам, кимгадир ҳалоскор бўлиб туюлди. Аслида-чи? Азиз мухлислар! Эътиборингизга электрон почтамизга келган яна бир мактубни ҳавола этамиз. Мухлисимиз Н.Муҳаммад ўзи эшитган бир ривоятни бизга ёзиб юборибди... Бир қишлоқда ўртаҳол бир одамнинг чиройли оти бор эди. Бу отга кўпчилик ҳавас билан қарарди. Қишлоқдаги бойлардан бири бу отни катта пулга сотиб олмоқчи бўлди. Аммо эгаси уни сотмади. Қўшнилари унга: - Эй, сени қараю, бекор қилдинг, анча бадавлат бўлиб қолар эдинг, - дейишди. - Ҳукм чиқаришга шошилманглар, - деди отнинг эгаси. Орадан бир неча кун ўтгач, от боғланган ипини узиб, қочиб кетди. - Ана, - дейишди қўшнилари, - бир чақасиз қолдинг, гапимизга кирмадинг. - Хулоса чиқаришга ҳали эрта, - деб жавоб берди от соҳиби. Чиндан ҳам орадан кўп ўтмай унинг оти бошқа бир уюр от билан қайтиб келди. Ҳамма унга ҳавас билан қарай бошлади. - Қандай бахтлисан, бойликнинг ўзи қўлингга келди, - дейишди қўшнилари. - Раҳмат, лекин хулоса қилишга ҳали эрта, - деди от соҳиби. Орадан бир неча кун кейин ўғли тасодифан отдан йиқилиб, оёғи синди. Узоқ вақт даволанса-да суяк нотўғри битиб, чўлоқ бўлиб қолди. Қўшнилари ундан ҳол сўрагани киришди. - Шундай соппа-соғ йигит ногирон бўлиб қолгани яхши бўлмади-да, - дейишди улар. - Шундайку-я, бунинг ҳам бир ҳикмати бордир, - деди отаси. Ўша кунлари мамлакатга ёв бостириб кирди. Барча соғлом йигитлар аскарликка олинди. Кўпчилиги жангларда шаҳид бўлди. Чўлоқ ўғил эса уйда қолди. - Бахтинг бор экан, - дейишди қўшнилари унинг отасига, - ўғлинг ёнингда соғ-саломат қолди. - Бу бахтми, ёки бахтсизликми, айтолмайман. Чунки ҳаёт ҳали давом этаяпти, - деди хотиржамлик билан доно ота. Ҳурматли ўқувчи! Сиз ҳам ўзингиз билган, эшитган бошқа ҳикоятни биз билан ўртоқлашинг. У албатта ривоят бўлиши шарт эмас. Ўз ҳаётингиздаги бошқаларга сабоқ бўлувчи воқеани ҳам ёзиб қолдиришга эринманг. Унутманг, сиз ёзган биргина ҳикоя бошқа бир инсон учун хулоса бўлиши, уни яхши йўлга қайтариши мумкин. Эслатиб ўтамиз, ушбу рукндаги фикр, мулоҳаза ва воқеалар "Даракчи" газетасида чоп этилади.
|