Главная » 2013 » Yanvar » 28 » Бу мактубни хонамни йигиштираётиб,
05:36 Бу мактубни хонамни йигиштираётиб, |
"Ассалому алайкум, ойижон! Бу мактубни хонамни йиғиштираётиб, топиб олганингизни биламан. Ўтган куни сизни йўқлаб борганимда, аламли хотираларимга гувоҳ бу хонада ўтган кунларимни эслагандим... Балки, уни ўқиб, кўзингизга ёш келар, балки ношукур қизингиздан ранжиб, беайб "юзи қора” қоғозни минг бир изтироб билан парча- парча қилиб йиртиб ташларсиз... Қайдам... Сизнинг кўнглингиздан ўтганларни ҳеч қачон тушунолмаганман ахир... Бу мактубни ёзиб, сизга таъна тошларини отиш нияти кўнглим кўчасига яқин келгани ҳам йўқ. Ахир онамсиз-ку, сизга тик боқиб, исён кўтаришга ҳаддим сиғармиди...? Фақат ўша куни кўнглимдан ўтганларни сиз билан бўлишгим келди... Сизга сира эркалик қилмасдим. Баъзан нималардандир сиқилганимда кўнглингиз бузилиб кетарди. Ўшанда мени бағрингизга босиб, алла айтиб берардингиз. Овозингизда, аллангизда яхши кунга умид, бахтли келажакка ишонч ҳисси уфуриб турарди. Ва шу умид сабаб, сиз менга Яратгандан умрбод бахт ўтинишингизга ишона бошлагандим. Бу ишонч сўнгги нафасимгача ўз қучида қолади... Эсимда, кеч куз осмони сингари қора булутларга кўмилган саодатсиз кунларнинг бирида қаршингизда бошимни эгганча, қизариб-бўзариб Мансур акага кўнгил қўйганимни сизга ошкор қилгандим. Ундан кўра юрагимни қоқ иккига бўлиб, ожизгина, етимгина муҳаббатимни тириклай кўмиб қўйсам бўлмасмиди... Гарчи, йигирма уч баҳорни қаршилаган бўлсам-да, босилажак ҳар қадамим сиз томонингиздан ҳал қилинажагини яхши билардим-ку, ойижон?! Бошида ҳеч нима демадингиз. Фақат, кечқурун ҳуш кайфиятда ишдан қайтган дадамнинг шодлигини кўкка совуриб, нималар ҳақида гаплашганингизни билолмадим. Билганим шуки, ўша куни менинг қисматим, таъбирингизча, бахтли тақдирим ҳал қилиб бўлинган эди... Индамадим. Кўз ёшларимни яширишга етмаган кучим севгим учун курашишга етармиди? Ахир, дадам ўша куннинг эртасигаёқ айбсиз-айбдорим – Мансур аканинг ишхонасига бориб, уларга менинг исмимни айтишни-да таъқиқлаб қўйган бўлсалар... Албатта, Мансур ака аҳдида қатъий туражагини айтган бўлсалар керак. Чунки, ҳар сафар дастурхон кўтариб, эшигимизни қоқиб келган ойилари ноумид қайтганини иккинчи қават деразасидан йиғлаб кузатиб турган ожиза мен эдим... Ўшанда ёлғиз қиз бўлганим – айбимми, бой оилада туғилганим – тавқи лаънатимми, дея ўксингандим. Кечиринг, ойижон... Кўп ўтмай, дадам иккингиз сайлаган "оқ отли шаҳзода” билан учрашдим. Алдасам гуноҳ бўлади, Худога шукур, баъмани инсон экан. Ўқимишли, севимли иши бор, "энг муҳими” – бизнинг доирамиздан, бадавлат, баобрў... Кўнглимнинг кўзларини беркитганча сукут сақладим. "Сукут – аломати ризо” дейишди. Ҳатто ўзим ҳам билишни истамасдим мана шу сукут ортида қанчалар исённи яширганимни. "Ўзим ким эдим-у, кўнглим нима бўларди?!” – дедим... Тўйга бир куни қолганда Мансур ака қўнғироқ қилдилар. "Юр, Маъсума, бу ерлардан бош олиб кетамиз! Бу ерларда иккимизга битта дунёни тор қилишяпти!” – дедилар. Кўчага отланганимни кўриб, йўлимни тўсдингиз, она кўнглингиз билан нималарнидир сездингиз эҳтимол... Ёки кўчамиз бошида уларни кўриб қолганингизни мен сезмадимми... Ҳеч қаёққа кетмайсан! Турмушга чиқишни истамайман, ойи... Менинг ҳам орзу- ҳавасларим бор! Сизнинг орзу- ҳавасларингиз менинг бахтимдан устунми? Наҳотки, энг оғир кунларимда мени бағрига босиб, алла айтган аёл, мени дунёга келтирган, ҳаёт берган инсон бугун мендан ўша ҳаётни қайтариб олаётган бўлса?! – эшикка йўналдим. Агар ҳозир кетсанг, берган оқ сутимга рози эмасман! Жойимда таққа тўхтадим. Наҳотки... Кўз ўнгимда эндигина ёруғ дунё юзини кўрган жажжи фаришталар намоён бўлди. Улар туғилибоқ шундай қарзни бўйнига олишини ўйлаб, дунёга "ёруғ” дея таъриф берганимдан оғриниб кетдим. Ойижон, берган оқ сутингизни юзимга солишингизни, бахтсизлигимга кафил қилишингизни билганимда, бу қарзни бўйнимга олмаган... Астағфируллоҳ... Яна бир бор кечиринг ўринсиз таъналарим учун... Дадам ўша куни "йигитлари”га айтиб, Мансур акани дўппослатганларини кейин билдим. Оғир жароҳатлар сабаб бир ойдан узоқроқ беҳуш ётган эканлар... Мен-ку, тақдиримга таслим бўлдим, лекин Мансур акада нима гуноҳ?! Ўзимни оппоқ либос ҳукмига топширарканман, бахтсизликка йўғрилган "бахтим”ни тантана қилиб, шодон рақсга тушишингизни томоша қилиб ўтирардим. Табриклар, тилаклар... Сохталиги сезилиб турган дил изҳорлар... Қаҳратон қишдан мерос қолган муз каби "шаҳзодам”га илимаган кўнглим... Қора денгиз бўйида ўтган "Асал ойи”... Яқинда Мансур акани кўчада кўриб қолдим. Икки бўлак ёғочни дўст тутганча ҳаёл суриб ўтирардилар... Муҳаббат деган дарддан қолган ягона асорат – ҳеч кимни эслай олмасдилар энди. Ҳатто, умр китобининг қайсидир саҳифасида Маъсума исмли бир қиз бўлганини билмасдилар ҳам... Балки, шундай бўлгани яхшидир... Мана, сиз истаган бахтга эришдим ҳам. Ҳеч кимдан камим йўқ. Фақат, кўнглим олдида бир қарзим борки, ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Бу қарз юкини оналик бахти ювиб кетса ажабмас. Лекин, мен сиз менга ҳадя қилган бахтни фарзандларимга раво кўрмайман. Уларга оқ сутимни қарз эмас, ҳаёт ўрнида ҳадя қиламан. Токи кун келиб, менинг олдимдаги қарзини узиш учун кўнглидан қарздор бўлиб қолмайди. Шуни ўйлашнинг ўзиёқ менга сиз ҳадя қилган бахтдан кўра юксакроқ бахт бераётгандек, назаримда. Демак мен сиз кутгандан кўра саодатлироқман, мен бахтлиман, ойижон! Қизингиз Маъсума.” Жон ойижон, мен бахтлиман, гарчи кўнглим вайрона, Гарчи, уни эзиб-янчиб, оловларга отдингиз, Гарчи, бугун бахтли севги тақдиримга бегона – Ҳеч бўлмаса, ҳавас деган дарддан ором топдингиз... Жон ойижон, қаранг, менга тиллолардан тахт келар, Юрагимнинг фарёдини босиб кетди ёр-ёрлар... Ахир, менга юксак бахтни сиздан бўлак ким тилар? Сиз фотиҳа бермас толе қай бир тақдирда порлар?! Жон ойижон, айтолмасам яхши экан севгимни, Мендан маъзур – туйғуларим кўммоқдасиз кўнглимга... Изнингизсиз маҳрам дея айта олурман кимни, Журъатим йўқ, ижозатсиз из босмасман йўлимда... Жон ойижон, мен қайдан ҳам билар эдим – меҳрингиз, Оқ сутингиз менга берган бир умрлик қарз, дея... Мана, бугун бахт қасрига маликаман... Севгимсиз – Сиздан ҳадя тилло тахтни қабул қилмоқ фарз, дея... Жон ойижон, бўйимгача зар-зебарга кўмилдим, Соғинч деган етим туйғу азобини ютяпман... Бахтмикин шу – бағрингизда қўғирчоқдек туғилдим, Ва сиз чизган харитадан юриб яшаб ўтяпман... Жон ойижон, мен бахтлиман, гарчи, ишққа қотилман, Гарчи, энди алам, афсус гулларини термайман – Фарзандларим бахти учун тиллоларга интилмам, Фарзандимга сиз истаган БАХТни раво кўрмайман!!! Жон ойижон... Мен бахтлиман... Дунёдаги энг бахтсиз...
|
Категория: Sevgi dunyosi |
Просмотров: 682 |
| Рейтинг: 5.0/3 |
Всего комментариев: 1 | |
|
|
|
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|