Ўша куни Нодирбек Жумъа намозини ўқиш учун Кўкча масжидига борганди. Асосий қаватида жой тирбандлиги сабабли пастки қаватига тушишга мажбур бўлди. Аста-секин у ер ҳам гавжум бўлиб одамга тўлди. Суннат намозини ўқиётганида ёнидаги нотаниш йигит эътиборини тортди. Намоз вақтида чалғиш ёмонлигини билсада унинг ҳаракатлари ғашига тега бошлаганди. Аниқроғи – ҳаракатларидан чиқаётган овоз. Яъни ҳар сафар саждага бораётганда оёғининг қайсидир бўғини шақиллаб қўярди. Бу ўша йигитга боғлиқ нарса эмаслигини Нодирбек яхши тушунарди. Лекин ҳар сафар бу товуш уни намоздан чалғитарди. Эшитмасликка ҳаракат қилса ҳам иложи бўлмасди. Охири "Намунча шақилламаса!” деб юборди ичида. Бу вақтда фарз намози ҳам бошланиб бўлганди. Астағфируллоҳ, биринчи саждага бораётганида Нодирбекнинг тиззасидан "шақ!” этган овоз чиқса бўладими! Этлари жимирлаб кетди! Кейин саждадан тураётганида ҳам ҳудди шундай овоз эшитилди! Аллоҳнинг қудратини қаранг, ўша ондаёқ Нодирбекка жойида хатосини кўрсатиб қўйди. Бир масжидда имомнинг "Кимки бу дунёда бировнинг устидан кулса, ўзи ҳам бошидан шуни ўтказмагунча бу дунёдан ўтмайди” мазмунида айтган сўзлари ёдига тушди. Зудлик билан истиғфор айтди. Тавба қилди! Иккинчи ракатда саждага борганида эса тиззасидан товуш чиқмади. Ва намоз сўнгига қадар қайтарилмади. Ўзи билан ўзи оввора бўлиб ёнидаги йигитни ҳам унутиб юборди. Намоз сўнгида яна бир бор истиғфор келтириб, хато қилган оннинг ўзида кўзини очиб қўйганига Яратувчига шукрлар айтди. Шу-шу ҳаттоки ҳаёлда ҳам биров ҳақида хулоса чиқаришга шошмайди... ("Ҳ.С")