Главная » 2013»May»5 » «Билайн» ва Ucell жаримага тортилгани ҳақидаги хабар давлат қўмитаси сайтидан олиб ташланди
12:16
«Билайн» ва Ucell жаримага тортилгани ҳақидаги хабар давлат қўмитаси сайтидан олиб ташланди
30 апрель куни Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий сайтида рус тилида «Билайн» ва Ucell мобил алоқа операторлари жаримага тортилгани ҳақида хабар чоп этилган эди. Қўмитанинг ўша хабарларига асосланиб, жумладан, Kun ҳам маълумот берган эди.
Бундан ташқари, худди шу куни қўмита сайтида Ўзбекистон алоқа бозорида устун мавқе ўрнатилгани, унга кўра «Билайн» мобил алоқа операторининг мамлакат алоқа бозоридаги улуши 50 фоиздан ошгани ҳақида алоҳида хабар берилган эди.
«Газета.uz» интернет-нашрининг ёзишича, 1 май, чоршанба куни қўмита сайтидаги ҳар иккала хабар ҳам ҳеч бир тушунтиришларсиз олиб ташланган. Интернет-нашр маълумотларига кўра, ушбу ахборотлар муддатидан аввал эълон қилинган. «Қўмитадан ва мобил алоқа операторлари томонидан батафсил маълумотлар берилгунига қадар, [«Газета.uz»] таҳририяти ушбу хабарларни ўз сатйидан олиб ташлашга қарор қилди», – дейилади интернет-нашр хабарида.
Давлат қўмитаси сайтида 30 апрель куни эълон қилинган, 1 май куни эса ҳеч бир тушунтиришларсиз олиб ташланган хабарлардан бирида Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги «Билайн» ва Ucell мобил алоқа операторлари келишган ҳолда абонент тўлови ва асосий тариф режалари нархларини оширганлиги учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди. Хабарда жарима миқдори кўрсатилмаган эди.
Маълумот ўрнида, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддасига асосан, Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар монополияга қарши органнинг қароридан норози бўлган тақдирда, қарорни бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга ёхуд қарорни бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан юқори турувчи монополияга қарши органга мурожаат қилишга ҳақли; ариза берилганлиги монополияга қарши органнинг қарори ижросини ариза кўриб чиқиладиган вақт мобайнида тўхтатиб туради.