Жорий йилда мамлакатимиздаги ўнлаб бозорлар, жумладан “Бешёғоч” деҳқон бозорида реконструкция, қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур бозор ҳудуди ва автотураргоҳ майдони кенгайтирилиб, қайта қурилди. Кириш жойлари ва йўлаклар тартибга солинди. Гўшт, балиқ, гул савдо расталари замонавий услубда қайта жиҳозланди. Бозор ҳудудида кўплаб турғун савдо дўконлари қурилди. Савдо расталари сони 780 тага етказилди. Бозорда ташкил этилган замонавий лаборатория қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини доимий назорат қилиб бориш имконини беради.
– Бундан ташқари, гўшт ва қандолат маҳсулотлари сифати бузилмасдан сақланиши учун ҳозир уч юздан ортиқ витринали махсус музлатгич ва совутгичлар харид қиляпмиз, – дейди “Бешёғоч” деҳқон бозори бош муҳандиси Обид Ражабов ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Косиблар ва чархчилар учун барча қулайликка эга дўконлар қурилмоқда. Ободлик, саранжом-саришталикни таъминлаш мақсадида маиший чиқиндиларга ажратилган махсус майдонча қуриб битказилиш арафасида.
Харидорларга янада қулайлик яратиш мақсадида Жиззах ва Тошкент вилояти фермерлари етиштираётган қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг доимий ярмаркаси йўлга қўйилди.