Белгиядаги магазинлардан бирига ичига 66 кг кокаин яширинган бананлар жойлаштирилган қутилар келтирилди. Уларнинг нарҳи 3 миллион еврога баҳоланмоқда. Кокаин шу йилнинг 4 феврал куни мамлакатнинг турли худудларида жойлашган Colruyt тармоғининг 6 та магазинида аниқланган. Гиёҳванд моддалар пластик пакетларга солинган бўлиб, қутиларнинг тагига яширинган бўлган. Ҳар бир магазинга тахминан 11 килограмм кокаин юборилган. Қутилардаги ушбу бананлар денгиз орқали Колумбиядан келтирилган. Юк кемаси Антверпен портига келиб тўхтатган. Colruyt савдо тармоғи вакилларининг таъкидлашларича, бу ишда дўкон ходимларининг қўли йўқ. Одатда, бундай воқеалар логистика тизимида наркотикларни хуфёна тарқатиш вақтида рўй бериб туради. 2012 йилнинг ноябрь ойида Белгия полицияси Эквадордан келган кема бортида яширинган саккиз тонна кокаинни топишга муваффақ бўлганди. 500 миллион еврога баҳоланган ушбу гиёванд моддалар пакетларга жойлаштирилиб, бананлар орасига солиб қўйилган бўлган.