Бир дангаса бор экан, қачон қарама ётаркан. Ўртоғи унинг олдига бориб: — Оғайни, шундай ётишнинг ўрнига меҳнат қилсанг бўлмайдими? — Меҳнат қилсам нима бўлади? — Пул топасан. — Пул топгандан кейин нима қиламан? — Уй қурасан, уйланасан. — Кейинчи? — Фарзанд ўстирасан. — Ундан кейин-чи? — Кейин ётасан дам оли-и- иб... — А? Ҳозир мен нима қиляпман?! Кашфиётлар машҳурлик сари етаклайди. Айни кашф давридаги етукликка етишишнинг ўзи бўлмайди. бунинг замирида узоқ йиллик меҳнат, сабру тоқат ётади. Аммо... Кўпчилик меҳнатга бўйни ёр бермаслиги эвазига бу оламда хору зорликда ҳаёт кечиради. Аслида-чи? Аслида, яратган барчага бирдек, лаёқату иқтидорни тенг тақсим айлаган. Айтишади- ку, боланинг қобилиятсизи бўлмайди деб. Дангасаликнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари, зарарли томонлари ва уни қандай қилиб йўқ қилиш усуллари ҳақида фикр юритсак. Дангасалик жамият ривожланишига тўсиқ бўладиган иллат. Жамият ҳозирда дангасалар ва ишбилармонларга ажрамоқда. Кимки тиниб- тинчимасдан 24 соат ҳаракат қилса, яхши даромад топмоқда. Айрим корхоналарда эса одамлар 8 соатим ўтса бўлди-да деб, берилган вазифани яъни 1 соат кетадиган ишни 2 соатда битиришга, вақтни чўзишга ҳаракат этади. Бу эса уларнинг масъулиятни ҳис этмаслигидан далолат! Тур, ўрнингдан, нимага ўтирибсан десангиз, ҳозир ишни тугатдим, бир оз нафас олай дейди. Ёки кетганингдан кейин кўзингни шамғалат қилишга одатланади. Бундай илдиз отган қусурлардан қутулишнинг ягона чораси ишга бўйни ёр берадиганларни тарбиялаш зарур. Улар ўз иллатларини бир четга суриб, дангасалигига айбни давлатдан қидиради. Чунки ўзи дангаса-да, ишлагиси келмайди. Ҳаракат қилган мўмай даромад топиб, оиласи кам- кўстини тўлдиришга эришмоқда. Ризқ Аллоҳдан, ҳеч ким очидан ўлмайди, бу тўғри. Лекин Тангри таоло ҳам интилганга беради-да. Кўкдан чалпак тушишини кутиб ётувчиларнинг бири икки, рўзғори бут бўлмайди. Бежизга, сендан ҳаракат Аллоҳдан баракат дейилмайди!!! Дангасаликнинг энг ёмон зарари бу қалбга етказган зараридир. Ўзингнинг озгина қилган ишингдан кўнглинг тўлиб, «менга шу ҳам бўлаверади» деган фикр ўрнашиб қолади миянгга, ўзингдан кўнглинг тўлади. Истеъдодингга катта баҳо бериб юборадиган бўлиб қоласан. Ўз устингда ишлай олмайсан, тўғрироғи хоҳламайсан, гарчи аҳволинг яхши эмаслигини ўзинг сезиб турсанг ҳам. Нафсинг «шуниси ҳам ёмон эмас!» деб иссиқ ўриндан жилмасликни истайди... Бизнингча, дангасаликка ота-она қаромоғидагилар анча мойил. Ҳар куни кечаси эртанги куни қилинадиган ишларни аниқ ёзиб «режалаштириш», саҳар туришни, спорт билан шуғулланишни ҳаёт тарзига айлантириш шарт. Шундагина олдиндаги ғовларни енгиб ўтиш осонлашади. Хўш, дангасалик бу нима?! Танбаллик ҳар хил ишга нисбатан содир бўладиган ҳолат — масъулиятсизлик. Дангаса дегани — умуман ишлашни хоҳламайдиган текинхўр, боқибеғам. Дангасаликдан фориғ бўлиш энг аввало одамнинг ўзига боғлиқ. Инсонда масъулият ҳисси кучли бўлса, ҳар қандай ишёқмасликни енгиб, ўз мақсадига етишишга интилади. Буни болаликдан онгга сингдириш шарт ва зарур. «Бугунги ишни эртага қўйма» нақлига кўпчилик амал қилишни эп кўрмайди. Эриш туюлади, гўё. Сўнгги дақиқаларгача тоқатимиз тоқ бўлганидан ишни ортга сурамиз. Натижада на режалаштирилган иш амалга ошади, на бундан бирор фойда кўрамиз. Баъзилар ёшлик даврида масъулиятли бўлади-да, улғайгани сайин «дунёни сув босса-да, тўпиғига чиқмайдиган» даражада боқибеғамликка қўл беради. Ирода билан видолашади. Қачонлардир муҳим бўлган нарсалар ҳозир ўз аҳамиятини йўқотган ёки ўша нарсаларнинг аҳамияти маълум бир даражада пасайган. Ёки аксинча, бажарадиган ишдан қандай натижа келиб чиқишини олдиндан ҳис қилганча ҳаракат темпи ушлаб турилади. Эринчоқликнинг давоси бормикан ўзи? Агарда ялқовликнинг давоси бўлмаганда, дунё шунчалик юксак тараққиётга юз тутмасди. Даволаш услубларининг ижобий таъсир кўрсатмаслигига сабаб «дозаси» пастлигидадир. «Э-э-э... бўлди, ҳаммаси жонга тегди!» Бу чекиниш! Йўқ, яхши кунлар ҳали олдинда, дея интилганга омад кулиб боқади. Ҳамма нарсадан зерикиш бошлангандан энг яхши кўрган машғулотга берилиб шуғулланиш инсонни тинчлантиради, кайфиятини оширади. Келгусида муваффақият сари етаклайди. Германияда кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли бошқа бирон жойдаги ижарага олинган томорқадаги турли хил ишларга овуниб, «вақти чоғлик қилишни» хушлашади. Урфга айланган бу анъана нафақат тепса тебранмасликнинг олдини олади, балки саломатликка путур етишга йўл қўймайди. Ўзингизни «дангаса бўлиб кетаяпман» деб тергайсизми?! Демак сиздан курашувчанлик батамом дарз кетмаган. Иродага бўйсуниб, оқилона йўл танланса, ҳаммаси рисоладагидек якун топади. Ибн Аббос разиаллаҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўп одамлар алданиб, ундан унумли фойдалана олмайдиган икки неъмат бор — соғлиқ ва бўш вақт», дедилар. Дангасалик оқибатида йўқотилган вақтимиз жавобини қандай берамиз?! Ўйлаб кўрайлик?! Ҳаёт вақтлардан иборат, ким вақтини бекор ўтказса, ҳаётини бекор ўтказибди. Буюк салафлардан бири: «Эй Одам фарзанди, сен вақтлардан иборатсан, агар бир кунинг беҳуда ўтса сенинг бир қисминг кетибди», деган эканлар. Одам руҳий чарчаса, дангасалиги тутади. Ишга қўли бормайди, кўнглига чироқ ёқса ёримайди. Шундай вақтларда «чарчадим», деб қутуламиз, одатда. Гоҳида дангаса одам, аслида омади чопмаганидан эринчоққа айланади. Баъзан қизиқишни тўғри тақсимлаш қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини бахту омадга тўлдиради. Айримларнинг қизиқиши сўнганлиги уни янада оёғидан ортга тортади. Ўзи ёқтирган ишга шўнғиш эринчоқликнинг олдини олади. Унга қарши курашиб турмаслик, дангасаликка эрк бериш билан баробар. Мажбурлов орқали буни енгиш мумкин, албатта. Агар бирон иш қилишга иштиёқ бўлмаса, хона ўртасида тик туринг: мусиқа эшитманг, кино ҳам кўрманг, аммо дангасалик қилаётганлигингиз ҳақида ўйланг. Бу усул фойда беради. Донишмандлар бекор ўтиргандан кўра, бекор ишла дейдилар. Бу нақлга амал қилиш керак. Ҳеч нарса қилмай ўтиргандан кўра, фойдаси йўқдек кўринган ишларни (балки фойдаси кўпдир) қилган яхши... Бу вақтинча ўткинчи ҳолат. Кишида дангасалик ва ишчанлик ўрин алмашиб туради-да. Йўқ, дангасалик бу дард эмас, тарбияга ҳам боғлиқ эмас. Бу оддий ҳолат. Бекорчилик узунлашган сайин дангасалик чуқурлашади. Кўп ҳаракатда бўлсангиз, дангасаликдан асар ҳам қолмайди. Аксинча, бир жойда ўтира олмайдиган бўласиз. Қисқаси, кўп ҳаракат қилсангиз, тана ва онг шунга ўрганади. Нафақат онг танани бошқаради, балки тана ҳам бошқаришга қодир. Онг ва тана бир-бирини бемалол тарбиялашга қурби етади. Вазият ва хоҳиш ўзаро боғлиқ. Вазият тақозо қилса меҳнат ўз самарасини кўрсатади. Бекорчидан худо безор, ҳаракат қилинг, муваффақият қозонасиз! Юнус Эмре: «Дўстим бу дунёда энг аҳамиятли нарса масъулият ҳиссидир», — дейди. Масъулият, жиддият ва дард бўлмаса, ишда ҳеч унум бўлмайди. Масъулиятли, дардли инсон эса ишлашга шароит бўлмаган ерда ҳам тек ўтирмайди. Бир вақтлар ўқигандим, буюклардан бири қамоқхонанинг кичкина камерасида тек ўтириш ўрнига тинмасдан у ёқдан бу ёққа юришни одат қилган экан. Чунки, ҳатто фойдали тафаккур қилиш учун ҳам жаҳд ва бардамлик керак. Масъулият, жиддият, дард, диққат бир-бирига боғлиқ: улардан бири бўлган инсонда бошқа учтаси ҳам бўлади. Барча буюк зотлар ўз аҳллари учун дардланишган, вазифаларига жуда жиддият ва ўта катта масъулият билан қарашади, бутун диққатларини шу аҳлларига ғамхўрлик қилишга қаратишган. Xалқимизда «дарди йўқ эшак, ишқи йўқ кесак» деган қизиқ гап бор. Ҳозир кўпчилигимизда ҳақиқий дард йўқ, чин маънода ошиқ ҳам эмасмиз. Натижа ҳам шунга яраша-да... Сўзимизни қуйидагича якунлашни жоиз топдик: «Керакли нарсаларга аҳамият бериш буюк санъат ҳисобланса, кераксиз нарсаларга аҳамият бермаслик санъатларнинг шоҳидир».