Мени излаб келибсан бекор, Кетгандин-ку ёнимдан нари. Аллақачон унутганман ёр, Ёлвормагин бекордир бари.
Сенинг айтган қўшиқларинга, Аллақачон ўйнаб бўлганман. Артиб олгин кўз ёшларингни, Ёлғонингдан жуда тўйганман.
Шукурларки вақтида англаб, Тузатибман хатоларимни, Кетганману, унутганим йўқ, Сендан кўрган жафоларимни.
Мендан кейин ўзгаси учун, Бахтдан битта қўрғон қурдингми? Айт мен берган ишқ муҳаббатни, Ўзгалардан бир бор кўрдингми?
Билганларим бир мени эмас, Юзтасининг бағрини ўйдинг. Кўзлардан қон оқизиб қўйиб, Барисини эрмакка йўйдинг.
Майли мени бахтсиз этганинг, Айт бирини бахтли қилдингми ? Қарғишлари - устингда булут, Ёғишини бир кун билдингми?
Муҳаббату-нафрат ораси, Бир қилчалик, чиқмас бир қадам. Чўкиб кетма нафратларимга, Тезроқ кетгин адашган одам.
Тоқатим йўқ сени кўрмоққа, Қайтиб олгин, ол гулингни, ол. Арзимайсан суҳбатларимга , Ялинаман кўзимдан йўқол
|