Главная » 2013»May»2 » Beeline ва Ucell нархларни асоссиз оширгани учун жаримага тортилди
01:32
Beeline ва Ucell нархларни асоссиз оширгани учун жаримага тортилди
Beeline савдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи Unitel ва Ucell савдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи Coscom мобил алоқа операторлари келишган ҳолда абонент тўлови тарифларини оширишган. «Газета.uz» хабарига кўра, буни Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси аниқлаган. Қўмита сайтида бу ҳақдаги тегишли хабар 30 апрель куни рус тилида чоп этилган.
«Билайн» 2013 йилнинг 20 январида асосий тариф режаларида кунлик абонент тўловини 2 центдан 3 центга оширганини маълум қилган. Айни вақтда, 2013 йилнинг 25 январь куни Ucell асосий тариф режаларида кунлик абонент тўловини 2 центдан 3 центгача оширганини эълон қилган.
Йил бошидан бери Beeline ва Ucell’нинг деярли барча талабга катта бўлган тариф режаларида (Ucell’да — «Оддий», «GAP», «Янада кўп суҳбат», «Осон ҳисоб», Beeline’да — «Зўр-Зўр», «О!», «Алло!», «Оддий!» и т. д.) абонент тўловлари миқдори оширилган, дейилади қўмита хабарида.
Қўмитанинг алоҳида қайд этишича, 2012 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон мобил алоқа операторлари (Ucell, Beeline) бир вақтда 1 цент миқдорида кунлик абонент тўловини жорий этишган. Ўтган йилнинг апрель ойидан абонент тўлови операторлар томонидан 2 центгача оширилган. Шундай қилиб, ҳар иккала оператор томонидан 2012 йилнинг апрелида ва 2013 йилнинг январида кунлик абонент тўловлари бир вақтда оширилган. Айни вақтда, икки оператор орасида нархни ошириш муддати кўп бўлмаган (биринчи ҳолатда – 20 кун, иккинчи ҳолатда – 5 кун).
«Beeline ва Ucell томонидан абонент тўлови ва алоҳида тарифларнинг нархлари асоссиз, бир вақтда ва синхрон тарзда оширилиши юқорида номлари зикр этилган мобил алоқа операторлари ўртасида қисқа вақт ичида рақобатни чекловчи ва нархларни сунъий оширилишига сабаб бўлувчи келишилган ҳаракатлар амалга оширилганидан далолат беради ҳамда бу Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни 11-моддасининг тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади», – дейилади қўмита хабарида.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддаси бузилиши бўйича Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликларнинг бузилишини кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия томонидан Beeline ва Ucell’га қарши иш очилган ва унинг якуни бўйича компаниялар тегишли жарималарга тортилган.
Қўмита хабарида мобил алоқа операторлари қачон жаримага тортилгани ва қанча жарима тўлагани ҳақида ахборот берилмаган.
Бундан ташқари, қўмита Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар Давлат қўмитасига Мобил алоқа хизматини кўрсатиш Қоидаларининг мобил алоқа операторлари томонидан тарификацияларни ўзбек сўмларида белгилаш бўйича қисмини қайта кўриб чиқишни ҳам тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритишни тавсия қилган.