Ўзбекистон банкларида омонтга пул қўйиш операцияларини амалга ошириш ҳақидаги қўлланмага ўзгартиш ва тузатишлар киритилди. Янги тартибга кўра, банкларга пул қўйган жисмоний шахслар ўз маблағларини айни банкнинг бошқа шохобчаларидан ҳам олиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2012 йил 16 ноябр кунги 2205-1 рақамли қарорига мувофиқ Республика банкларида депозит операцияларини амалга ошириш ҳақидаги йриқномага ўзгартиш ва тузатишлар киритилди.
Банк ҳисоб рақамига пул қўйиш ва олиш жараёни осонлаштирилаётганини тасдиқлаган Тошкентдаги Микрокредит банки бўлим бошлиғи Ҳуршид Ҳакимов Озодликка янги тартиб 2012 йил 26 ноябрдан кучга кирганини маълум қилди.
- Битта бизнинг банкда эмас Республикадаги бутун банк тизимида омонатчи шу пайтгача ўз пулини қайси банкка қўйган бўлса, фақат ўша қўйган жойидан оларди. Энди, янги тартибга кўра, мисол учун, омонатчи Андижондаги банкка пул қўйган бўлса, Бухородан ҳам олиши мумкин. Бухорога қўйган бўлса, Қашқадарёдан ола билади. Шундай бўлди ҳозир,- деди Миркрокредит банки бўлим бошлиғи.
Ҳуршид Ҳакимовга кўра, омонатчи пул қўйган банк бошқа шохобчасидан пулини олиши учун иккита ҳужжат - омонат дафтарчаси билан шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиши шарт.
- Пул қўйган одам ҳеч нарса қилиши керак эмас. Ҳар бир банкда 20-25та омонат тури бор. Мижоз истаган омонат турига пул қўяди. Хоҳласа ўша банкдан, агар бошқа вилоятга борган бўлса, омонат дафтарчаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан ўша банк филиали бошлиғи номига ариза ёзади. Раҳбар виза қўйиб зудликда аризани ижро қилади, дейди Микрокредит банки расмийси.
Ўзбекистон Марказий банки жорий қилган янги тартиб хўжалик юритиш субъектларига таллуқли эмас.
Ҳакимов Ўзбекистонда бундай тартиб жорий қилишдан мақсад банк тизимига мижозлар ишончини янада мустаҳкамлаш, омонатчилар маблағлари бут сақланишини таъминлаш ва омонатчиларга кўпроқ қулайликлар яратишдан иборат эканини айтди.
Ўз маблағини Халқ банкига қўйган тошкентлик уй бекаси Манзура опа, Озодлик билан суҳбатда, омонат пулларини айни банкнинг бошқа бўлимларидан олиш тартиби жорий қилингани мижозларга қулайлик яратишини айтади.
- Пулимни Халқ банкига қўйганман. Икки йил бўляпти. Ўзига бориб қўярдик, ўзидан бориб олардик. Янги тартиб жорий қилингани жуда ҳам яхши бўлибди, халққа енгиллик бўлибди. Ҳамма пулимни қачон, қаердан оламан деб югуриб юрарди. Масалан, командировкага кетадиган бўлса, банкдан пул олиб кейин йўлга чиқиши керак эди. Энди яхши бўлибди. Одамла пул масаласини ўша борган жойида ҳал қилади. Масалан, мен ҳам Олмалиқ шаҳрига борсам, у ердаги Халқ банкига кириб пулимни олишим мумкин бўлса, жуда ҳам яхши бўлибди,- дейди Манзура опа.
Шу пайтгача ўзбекистонликлар омонат пулларини банкнинг қайси бўлимига қўйган бўлса, пулини фақат ўша жойидан олиши мумкин эди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 31та банк фаолият юритмоқда.