Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келадиган зиёратчилар сонини 20%га қисқартириш масаласида барча дунё давлатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам расмий мурожаат қилган эди.
Мазкур қисқартириш ушбу мавсумларда зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларидаги инфратузилмани тубдан ўзгартириш ишларини кенг кўламда давом эттираётганлиги билан боғлиқ эди.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг ахборот хизмати берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг 15 июнида икки томонлама шартномага кўра мамлакатимизда 5200 нафар зиёратчининг сафари билан боғлиқ барча режалаштирилган ишлар якунлангани ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган ўринларни сақлаб қолиш масаласида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири номига хат йўлланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маданият ва ахборот вазири Абдулазиз Муҳиддинхўжа ҳамда Ҳаж ишлари вазири Бандар бин Муҳаммад Хажжор билан квотани сақлаб қолиш юзасидан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистоннинг “Ҳаж-2013” мавсумида зиёратчилар сонини тўлалигича сақлаб қолиш масаласидаги уринишлари ўз самарасини берди.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Ҳаж мавсумида зиёратчиларимиз сонини сақлаб қолиш бўйича қилган мурожаатларимиз Саудия Арабистони Подшоҳи девонида кўриб чиқилгани ҳамда Ўзбекистондан Ҳаж зиёратига борадиганлар сонини 5200 нафар этиб белгиланганлиги тўғрисида Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлигидан хат олинди.
Шунга асосан ҳозирда барча зиёратчиларимиз ҳужжатлари белгиланган тартибда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига виза расмийлаштириш учун тайёрланмоқда.