Главная » 2013»Fevral»16 » Астероид ва метеорит таҳдиди ёҳуд тарихда қолган 15 февраль
21:34
Астероид ва метеорит таҳдиди ёҳуд тарихда қолган 15 февраль
2013 йил, 15 февраль куни махаллий вақт билан соат 07:20да Россиянинг Урал ҳудудига метеорит тушди. Тутунли "дум” ҳосил қилган самовий жисм Челябинск осмонида, 5-10 км баландликда оловли шарга айланиб, бўлиниб кетган ва бунинг оқибатида кучли портлаш содир бўлган. Роскосмос маълумотларига кўра, унинг тезлиги сониясига 30 км.ни, ерга тушган қолдиқларининг катталиги 20 см.ни, оғирлиги эса 1 кг.ни ташкил қилган. Метеорит Шимолий Қозоғистон, Россиянинг Тюмен, Курганск, Свердловск ва Челябинск областлари траекторияси бўйлаб ҳаракатланган. Табиий офатдан унинг марказига яқин жойлашган Челябинск области айниқса, катта зарар кўрган. Хусусан Челябинск лок-бўёқ заводи, мактаблар, касалхоналар жиддий шикастланган. 100 минг квадрат метр майдонда жойлашган кўп қаватли ва бошқа иншоотларнинг эшик ва дераза ойналари синиб, чилпарчин бўлган. 1,200 киши турли даражада жароҳат олган. Уларнинг 300 нафарга яқини болалардир. 60 га яқин киши касалхоналарга ётқизилган.
Россия ФВВ раҳбари Владимир Пучковнинг маълум қилишича жума куни навбатчи телефонларига аҳолидан 4153 та мурожаат келиб тушган. У шунингдек орган ходимларининг шу каби фавқулодда ҳолатларга тайёргарлигини янада ошириш мақсадида қўшимча чоралар кўрилишини таъкидлаб ўтган. Воқеа жойига Россия ФВВ нинг 20 минг ходими етиб келган, ҳарбийлар махсус объектларни кучли назорат остига олган, Челябинск областидаги барча таълим муассасалари вақтинча ёпиб қўйилган. Жума кунга режалаштирилган оммавий тадбирлар бекор қилинган.
НАСА агентлиги маълумотларига кўра, метеоритнинг Ер атмосферасига киргандаги катталиги 17 метр, оғирлиги 10 минг тонна бўлган. Инфротовушли стнациялардан олинган маълумотларга кўра, метеоритнинг ер атмосферасидаги парвози 32,5 сония давом этган ва шундан сўнг у портлаб кетган. НАСА дан хабар беришларича, портлаш кучи дастлаб тахмин қилинган 0,5 мегатоннадан анча катта бўлиб, Хиросимада портлаган атом бомбасига қараганда 30 марта кучлироқдир. Челябинск области маъмурияти меторит келтирган молиявий зарар камида 1 миллиард рубль деб баҳолади. Лекин ушбу сумма яна ошиши мумкин. Россия ФВВ маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 2962 иншоот: 34 та тиббиёт, 11 ижтимоий ҳимоя, 361 та таълим ва мактабгача таълим муассасаларига шикаст етган.
Шанба 16 февраль куни метеорит тушган бўлиши мумкин бўлган жойларда, хусусан диаметри 8 метр келадиган Чебаркўлдаги муз ёриғида текширув ишлари олиб борилди, бироқ ҳеч қандай қолдиқ топилмади. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу метероит 16 февралга ўтар кечаси Ерга рекорд даражада яқин масофадан учиб ўтган катталиги 45 метр келадиган DA14 астероидига умуман алоқаси йўқ.
АҚШнинг Калифорния штати аҳолиси ҳам ўша куни худди Россияда кузатилган воқеага гувоҳ бўлган, деб хабар беради NBC. Жумладан, Ньюарк, Уолнат-Крик, Сент Хелена ва Сакраменто шаҳарларида кечки пайт оловли шар учиб ўтганини кўришган. NBC Сан-Францискода автомобил камераси тасвирга туширган кадрни эфирга узатган. Унда номаълум жисм бир неча сония давомида ёниб учгани ва кейин ғойиб бўлгани тасирвланган.
Астроном Жералд Маккиганнинг таъкидлашича ҳар йили саёрамизга умумий оғирлиги 15 минг тонна келадиган осмон жисмлари тушади. Уларнинг кўпи ё атмосферада ёниб кетади ёки океанларга чўкиб кетади. Шунинг учун биз уларни пайқамаймиз, дейди олим. НАСА рекатив харакатлар лабораториясининг ерга яқин коинот жисмлари тадқиқот дастури аъзоси Пол Чодас (Paul Chodas)нинг айтишича, Россияга тушган метероит ҳодисаси ҳар 100 йилда бир марта рўй бериши мумкин. - Шу пайтгача ерга кўплаб метеоритлар келиб урилган ва уларнинг орасида бунданда каттароқ талофатларга сабаб бўлганлари ҳам анчагина, - дейди Чодас.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йилнинг октябрь ойида Калифорния осмонида ҳам оловли жисмнинг учиб ўтганига гувоҳ бўлинган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, унинг қолдиқларидан бири уйлардан бирининг томига тушган экан. Коинот тошининг оғирлиги бор-йўғи 63 граммни ташкил қилган.
DA14 АСТЕРОИДИ ЕР БИЛАН "САЛОМЛАШИБ” ЎТДИ Тасодифни қарангки, Россияга метеорит тушган куни кечаси Ер сайёраси ёнидан жуда яқин масофа оралиғида катталиги футбол майдонидек келадиган "2012DA14” астероиди учиб ўтиши кутилаётганди.
Табиийки, метеоритларнинг ушбу астероидга алоқаси борми, деган саволлар пайдо бўлди. Бироқ бу икки осмон жисмлар ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлиги маълум қилингач, кўнгил анча хотиржам тортди. Зеро Ерга яқинлашаётган астероид анча катта ва ерга урилган тақдирда дахшатли талофатларни келтириб чиқариши мумкин эди. Олимлар астероиднинг ҳаракатланишини Австралиядаги обсерваториядан кузатиб туришди. Ердан чамаси 27 680 километр наридан учиб ўтган гигант тошни бинокл ёрдамида ҳам кўриш мумкин бўлди. Чунки бу космик ўлчовлар учун жуда яқин масофа бўлиб, у ҳатто сунъий йўлдошлар ҳаракатланадиган худуддан ҳам яқинроқ тепаликдан учиб ўтди.
2012 йилда Испаниядаги Ла-Сагра обсерваторияси олимлари томонидан кашф этилган 2012 DA14 астероидининг катталиги 15 қаватли уйдек келади. Унинг оғирлиги 130 минг тонна, тезлиги соатига 28,1 минг км, сониясига 7,82 кмни ташкил қилди.
Олимларнинг қайд этишича катта ҳажмдаги астероидлар Ерга ҳар 40 йилда бир маротаба яқин келади. Уларнинг ерга тушиши билан боғлиқ ҳалокатлар ўртача ҳар 1200 йилда рўй беради.
NASA маълумотларига қараганда, айни дамда Ер орбитасида 1,3 мингта ҳавф туғдириши мумкин бўлган астероидлар мавжуд бўлиб, улар ердан унча узоқ бўлмаган масофада ҳаракатланмоқда.