Бу мақолани эркакларнинг «Нима қилай, бир томонда онам-у, бир томонда аёлим?» қабилидаги нолаларига бағишлаймиз, токи аёлларимиз ўзларининг арзимас ғавғолари билан оиланинг устуни тагига сув қўйиб, унинг бағрини пўкакка айлантириб қўйишлари мумкинлигини мулоҳаза қилсинлар.
«Жанжал сабаб фарзандимиз нобуд бўлди…»
Биринчи қаҳрамон: АМИР, 25 ёш.
Амир ёлғиз ўғил, опаси аллақачон турмуш қуриб кетган. Онаси ва хотини Зилола уйда ўтиришади. Йигит ҳар куни кечқурун ё онасидан, ё хотинидан дийдиё эшитади. Онаси меҳмон кутишни яхши кўради, бутун маҳалла кун давомида уларникига кириб-чиқиб юради. Зилола эса «домнинг қизлари»дан. Унинг учун бундай борди-келдидан фойда йўқдек. Хуллас, кун бўйи чиқиша олмаган қайнона-келин Амир ишдан қайтгач, бутун аламларини унга тўкиб-солишади. Бир куни ишдан чарчаб келди, ҳали малакаси кўп бўлмагани учун хатога йўл қўйган, дакки эшитганди. Доимгидек қайнона-келинлар "биринчи бўлиб ишонарли маълумот етказиш” пойгасини бошлашди. Аввалига она ўғли билан гаплашиб олишга улгурди: «Хотининг кетганингдан кейин телефонини кавлайверадиган одат чиқарди, пичирлашиб, кулишиб ҳаммомда гаплашиб ўтирибди!». Амир ғазаб билан ичкарига кирди, хотини йиғлаб, шишиб кетганди. Зилола уни кўриши биланоқ «Ойингиз телефонимни олиб қўйди, овқатимни атай тўкиб юборди», деб йиғлади. Амир «жонимга тегиб кетдинг ҳамманг» деб хотинига қўл кўтарди. Икки-уч тепкилагандан кейин яна алам билан ҳовлига чиқиб, «Ойи, телефон қани?» деб бақирди. Онаси қўрқиб телефонни берди. Амир уни деворга отиб чил-чил синдирди. Шу ҳолатда кўчага чиқиб кетди. Ўн дақиқадан кейин қўл телефонига онаси қўнғироқ қилди, титраб-қақшаб, «Ўғлим, келиннинг мазаси бўлмаяпти, етиб кел», деди. Келин шўрликнинг 4 ҳафталик ҳомиласи кўчиб қолган экан...
МУҲОКАМА: Қанийди, шу келингина оғирроқ бўлиб, Амирнинг севгисига ишониб, ўзига ортиқча баҳо бермасдан, ҳамма ҳолатни табиийдек қабул қилганида... Балки, бир йилдан бери интиқ кутаётган тўнғич фарзандидан жудо бўлмасди. Она ҳам мулоҳазали бўлиб ҳовлиқмаганида, тарбиянинг ерга урадиган усулидан фойдаланмаганида, Амирни бутун умр виждон азобига маҳкум қилган ҳаракатга мажбур этмасди. Бугун Амирга қийин, чунки онаси келиндан кечирим сўрамайман деяпти. Келиннинг ота-онаси эса бутун оилангиз билан келиб кечирим сўраб олиб кетсангиз, боради деган шарт қўйишган. Амир ишга боролмай, хотинининг тепасидан кетолмай ўтирибди. Онаси бўлган ишдан жуда сиқилса-да, худди ўғли онасини эмас, хотини танлагандек алам қилаяпти, ғурури ялиниб боришга йўл қўймаяпти...
ФАЛСАФА: Ҳамма йирик воқеаларнинг сабаблари ниҳоятда маиший ва кичик муаммолардан бошланади. Майда воқеаларни эркакнинг қулоғидан нари қилинг, йирик эркагингизнинг митти сабр косасини харсанг тошдан кўра ўша майда тошлар зич тўлдириб қўяди, тошиб кетиш тугул нақд ёрилади! Бу сабр косанинг синиқлари эса атрофдагиларни жароҳатлайди.
Ўғлини қизғанадиган қайнона
Иккинчи қаҳрамон: Дилшод, 32 ёш.
Дилшод отасидан қолган ёлғизгина ёдгор. Онаси бутун умр ўзини шу боласига бағишлаб, ҳамширалик қилиб, ҳалол меҳнат орқали вояга етказди. Ўғли ҳамманинг ҳавасини келтирадиган йигит бўлди, аммо онаси келин қилишда, ўғли хотин танлашда адашгандек... Гап нимада ўзи дерсиз? Қайнона ўғлини рашк қилади. Гулноранинг айтишича, онаси атай ётоқхонага қўшни хонага кўчиб олганмиш, деразадан пойлар эмиш, гапларини эшитишга ҳаракат қилармиш, овқат қилса, «бу боламга ёқмайди» деб ўзи бошқатдан тайёрлармиш. Дилшоднинг онаси жуда кўнгилчан, ўғлига ҳадеб келинни ёмонламайди, лекин уйига кириб олиб йиғлайди, сўнг қон босими ошиб кетади. Бир ҳафта олдин ёмон воқеа бўлди. Онаси ўғлим бунақа кир чойшабда ётмаслиги керак деб келиннинг уйидаги барча чойшаблар, ёстиқ жилдларни йиғиштириб олиб ювибди. Келин билан анчагина сан-манга боришибди. Дилшод ишдан келиб воқеадан хабар топгач, хотини олдида биринчи марта онасига бақирди: «Ойи, менинг ётган жойимдан кир қидиргунча ўзингизга эр топсангиз-чи, мендан бошқа ишингиз йўқлиги учун ҳам ҳар куни муаммо чиқарасиз!»
МУҲОКАМА: Ёлғиз ўғилга эрга тегаётган қизлар ҳамиша шу каби ҳолатларга тайёр бўлиши керак. Гулнора беш-ўн йилгина таниш бўлган эрини бошқа билан бўлишгиси келмайди-ю, жонидан бунёд қилган боласини у билан бўлишаётган, шу ўғлидан бошқа овунчоғи бўлмаган аёлга рақибалик қилишга нега бунча уринади? Ёши 50 дан ошган аёл ўзи пешона тери билан қурган уй, боққан боласи қолиб бир ҳафтадан бери синглисиникида яшаяпти. Заҳаргина, қаттиққина келин тушмагур эри билан бирга бориб кечирим сўрашга шошилмаяпти. Она ўғлига муҳаббатини бошқа ўзанга йўналтирса ёки набиралари билан ўзини овутса ҳам бўларди, лекин айтишга осон экан... Албатта, у тушуниб-тушунмай бир-икки ёш оиланинг ишига аралашган ва бу билан уларнинг тинчини бузгандир, лекин нияти баъзи қайноналар каби ёмон эмас. Онага ўзини хўрлангандек кўрсатиш ёқишини тан олиш керак. Чунки айнан шу йўл билан ҳар доим ўғлининг раҳмини келтириб, ўзига ён босишига эришарди. Ўғил ҳозир жуда қаттиқ уятда. Бугун онасини қайтармоқчи, лекин кейин ҳам вазият ўзгармаслигини сезиб турибди.
ФАЛСАФА: Биз буюмларга эгалик қила оламиз. Ҳатто жониворларга хўжайин бўла оламиз, лекин баъзан ўз боламизни фақат ўзимизга тегишли деб айта олмаймиз. Ҳар бир инсон аслида ҳаммага, шу билан бирга фақат ўзига тегишли. Кимнингдир юраги ва ҳаётидан чуқур жой эгаллаш учун мусобақалашиш шарт эмас. Айниқса, онанинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳар қандай шубҳалардан холи, унга мос тахт бор ва уни ҳеч қандай хотин ёки бола-чақа эгаллай олмайди!
«Онам иккинчи турмушимдан ҳам норози»
Учинчи қаҳрамон: Акмал, 35 ёш.
Мухлиса – Акмалнинг иккинчи турмуши. Биринчи хотини онаси билан келишолмагани учун битта бола билан ажрашишган. Акмал иккинчи бор уйланганда ўзига-ўзи сўз берганди. Энди аёлларнинг гапига кирмайман, онамни ҳам, хотинимни ҳам битта қошимни уйсам, жим бўладиган қиламан деганди. Қўлидан келмаяпти. Икки йилдан бери Мухлиса хомиладор бўлолмаяпти. Устига-устак Мухлиса аввалгисидан ҳам тилли-жағли чиқиб қолди. Айниқса, ўғлининг боласи борлигини, келини қайнонаси туфайли кетиб қолганини гап орасида қистиради. Акмал боласидан хабар олгани борса ҳам жанжал қилади. Акмалнинг Мухлисага бошидан кўнгли йўқ, фақат яна ажрашмай деб тишини-тишига қўйиб яшаётганди. Лекин онаси кечагина: «Ўғлим, биринчи хотининг яхшироқ эди, набирамни ҳам кўп соғиняпман. Бу аёл сенга хотинлик қилмоқчи эмас, бутун умр қийналгандан кўра ҳозир жавобини бер, агар биринчи хотининг рози бўлса, қайтариб олиб келардим, тиз чўкиб кечирим сўрардим».
МУҲОКАМА: Бир қараганда ҳаммаси осон ҳал бўладигандек, лекин Акмал яна икки ўт орасида қолди. Чунки у яхши тушунади: бировларни синаб, тақдирини ўйинчоқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Нима қилса экан? Хотини кечирармикин, кейин қайнонаси билан ҳаёти изга тушиб кетармикин? Мухлиса-чи? Биринчисининг қадрига етиш учун сени олгандим, қариқизликдан қутқардим, энди кетавер дейдими? Ҳамма аёллар билан гаплашиб кўриши керак. Мухлиса ҳам бундай ҳаётдан хурсанд эмаслиги аниқ, балки бахтини бошқадан топиб кетар, аввалги аёли ота уйида ўтириб тавбасига таянгандир, онаси ҳам энди босиқроқ ва мулоҳазали бўлгандир. Айниқса, ўғлини уйга қайтаришни шундай хоҳлаяптики...
ФАЛСАФА: Одамни қийнайдиган энг ёмон нарса – аросат. Олдингда икки йўл турса, на у ёқлиқ, на бу ёқлик бўлолмайсан, ёнингда икки одам икки тарафга тортқиласа, кимга ён босишни, ишонишни билмайсан, оқибатда ҳаётингни йўлга қўёлмай саросар бўлиб юрасан... Ҳаётни мураккаблаштириш ёки осонгина яшаш ҳар кимнинг ўз қўлида. Бунинг учун қатъий ва жиддий қарорлар қилишдан олдин миллион марта ўйлаб кўриш керак.
Шундоқ экан, азиз аёллар, эркакларимизнинг қўллари ва оёқлари югурик бўлиб қолмаслиги, уларнинг ҳаётидаги, қалбидаги ўрнимизни йўқотмаслигимиз учун тилимизни тийишимиз, сабрни либос қилишимиз, яқинларимиз ҳаётини боши берк кўчага олиб кирмаслик учун иложи борича ақллироқ бўлишимиз керак... Ахир эркак учун она кўрсаткич бармоқ бўлса, сиз жимжилоқсиз, қай бирини тишлашидан қатъий назар, бир хилда оғриқ сезади.
Азиза ҚУРБОНОВА sugdiyona gazetasi
|