АЗИЗ АСРИМИЗНИНГ АЗИЗ ОНЛАРИ... Аристотель ёши етмишга етганда барбат чалишни ўрганибди. Шогирдлари, «Кексайганингизда барбат машқ қилгани уялмайсизми?», деб сўрашса, у шундай деб жавоб берибди. — Мабодо бирон йиғинда, одамлар барбат чалишни билса-ю мен кўзимни мўлтиллатиб ўтирсам, ўшанда уят бўлар эди. Ҳар қандай илму ҳунардан хабардор бўлиш, уни ўзлаштириш йўлида тортиш мумкин бўлган барча азиятларни бўйинга олиш яхши фазилатдир. Жоҳил кишигина бунинг маъносига тушунмайди. Тарбия — инсоннинг камол топиши ва ҳар томонлама етук шахс бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Фарзанд дунёга келмасдан олдиноқ унинг тарбияси билан жиддий шуғулланиш, комил инсон бўлишига катта ёрдам беради. Бу жараён ҳаётий тажрибаларда кўп бора синалган. Бўлажак она боласининг туғилиши арафасида нимага қизиқса ва ўша нарса билан астойдил шуғулланса, дунёга келажак фарзанд ҳам ўта қизиқувчан бўлади. Агар бола ёшлигида кўп китоб ўқиса, хорижий тилларни ўрганса, албатта, ўқимишли бўлади. Тарбиянинг бундай бошланғич усулини психологлар ҳам ижобий баҳолаганлар. Демакки, мантиқан олиб қаралганда, инсон туғилмасдан олдин бирор соҳага қизиқади. Туғма истеъдод, қобилият деган тушунчалар ҳам шундан келиб чиқади. Тескари жараён фанда мавжуд бўлиши билан бирга, ҳаётда ҳам учраб қоларкан. Яъни, ёшлигидан илм олишга ёки санъатнинг маълум бир турига қизиқиши ва иштиёқи баланд бўлган шахс бора-бора улғайгач бутунлай сустлашиб кетади. Бу ҳолат ё оилавий шароит ёки муҳит таъсирида бўлиши мумкин ёки аксинча, ёшлигида на китоб ўқишга, на бошқа бир соҳага қизиқмаган инсон кейинчалик, юқори синфга ўтгач аълочи бўлади. Омади кулса? олийгоҳга ўз билими ва иқтидори билан киради, келажакда катта лавозимларда ишлайди. Инсоннинг қай даражада тўқ ва фаровон ҳаёт кечириши бир томондан омадига, иккинчи томондан эса унинг ҳаракатига боғлиқ. Баъзи инсонлар ўз омадини қўлдан бой бериб қўяди, сўнг “олма пиш, оғзимга туш” қабилида таъмагирлик кўчасига киради. Қачон ким ёрдам қўлини чўзар экан деб бировнинг қўлига қарайди, содда қилиб айтганда, боқимандалик кайфиятига тушиб қолади. Бундай инсонлар порлоқ келажакни, мўмай даромад топиб, бой- бадавлат бўлишни фақат хаёл қилиб яшайдилар. Яна бир тоифа инсонлар борки, улар йўқдан бор қилишади. Ўзгаларнинг ёрдамини кутиб ўтирмасдан, ўз кучи ва билимига таяниб иш юритади. Бундай одамлар катта ҳаётга мустақил ва дадил қадам ташлай олади. Омад шундай сирли тушунчаки, унинг қачон келиб, қачон кетишини ҳеч ким аниқ билмайди. Ваҳоланки у тутқич бермайди. Омадга ишониб имкониятни бой бериб қўйиш вақтни ортга қайтариб бўлмаслик билан тенг. Негаки, ёшлик инсонга бир марта берилади. Ўша бебаҳо даврда у қимматли вақтини беҳуда сарфламасдан, ғайрат- шижоат билан илм ўрганиб, ютуқлар сари олға қадам ташлаши керак. Афсуски, орамизда тор доирада фикрлайдиган, яъни ютуқларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз пул билан эришиш мумкин, деб нотўғри ўйлайдиган ёшлар ҳам кўп учрайди. Уларнинг айримларида қизиқиш бор-у, лекин дангасалик кайфияти устун туради. Баъзиларининг фикру хаёлини моддият, пул топиш ва унинг орқасидан ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин, деган алдамчи тушунча ўғирлаб қўяди. Кўпчилик ёшлар мактаб даврида пухта билим олмайди, китобни кўрса гуё душманини кўргандек ундан ўзини олиб қочади, устозларининг берган бебаҳо сабоғи қадрига етмайди, фанга бефарқ қарайди. Пойдевори саёз қилинган бино тез қулайди- да. Ўқувчи болалик чоғидан мукаммал билим олмаса, бирор соҳага йўналмаса келажакда аниқ қандай соҳани танлай олмай иккиланади. Бу ҳолат унинг ҳеч бир касб эгаллолмай, келажакда қийинчиликларга дуч келишига сабаб бўлади. Ўшанда ўткинчи омадга ишонган ёки ютуқларга пул билан эришиш мумкин, деб хом хаёл қилганлар қаттиқ янглишади. Айримларнинг катта пул ёки таниш-билиш эвазига нуфузли олийгоҳга ўқишга кириши, ҳеч кимга сир эмас. Ачинарлиси, ушбу даргоҳни унинг ўзи эмас, балки кимдир танлаб беради. Бироқ ота-она ёки дўст- биродорлар томонидан танланган соҳа уни мутлақо қизиқтирмайди. Талаба ўзи қизиқмаган ўқишни ҳам атрофидаги «халоскорлари» ёрдамида муваффақиятли тугатади. Энди уни олдинда яна бошқа йўл кутиб турибди. У соҳа бўйича ишлаши керак. Қўлида кимлардир бир неча йил кетма-кет ҳаракат қилиб кира олмаган олийгоҳнинг ям-яшил дипломи бор. Унинг учун иш ҳам тайёр. Отаси у ҳали талабалик пайтидаёқ иш ўрнини аниқлаб қўйган. Энди иш бошламаса бўлмайди. Қолаверса, фалончининг ўғлига фалон жойда ишлаш ҳам зап ярашади-да. Унга нисбатан атрофидагиларнинг муносабати ҳам, эътибори ҳам жойида. Бироқ уни бир нарса қийнайди. Атрофидагиларнинг унга нисбатан олдинги муносабатларига борган сари дарз кетаётганлиги ташвишлантиради. У бунинг сирини яхши билади. Обрўсининг пасаяётганига унинг ишнинг кўзини эмас, балки ўзини ҳам яхши билмаслиги сабаб бўлаётганлигини яхши билади. Бир пайтларда ота- онасининг пулига ўқиган, вақти келиб яна ўша халоскорлари томонидан ишга жойлашган фарзанднинг ишга жойлашгач кўзи мошдек очилади. У ўзида қобилият ва билим етишмаётганлиги туфайли ишнинг уддасидан чиқа олмаётганлигини англайди. Ҳамма нарсани пул ёки таниш-билиш орқали ҳал қилиб бўлмаслигини теран тушунади. У ёшлигини бесамар ўтказиб юборганлигига, ўтган қимматли вақтига ачинади. Бир сўз билан айтганда, ҳаёт ҳақиқати барча нарсадан устун туради ва у одамзотга қандай яшашни эслатади. Тўғри, пул, бойлик билан фаровон турмуш кечириш мумкин, бироқ бахт ва омадни, қолаверса, истеъдодни ҳеч қачон сотиб олиб бўлмайди. Бунинг иложи бор, деб тескари ўйлайдиганлар эса, бир умр вақтни бой бериб қўйганидан афсусланиб яшайди. Зеро, бахт бойликда эмас. Шоир айтмоқчи: Азиз асримизнинг азиз онлари, Азиз одамлардан сўрайди қадрин. Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрлар-ла, Безамоқ чоғидир умр дафтарин