Главная » 2013»Oktyabr»2 » Ҳар куни тановул қилиниши керак бўлган 6 та маҳсулот
09:47
Ҳар куни тановул қилиниши керак бўлган 6 та маҳсулот
Соғлом овқатланиш соҳасининг мутахассислари вақти-вақти билан фойдали хусусиятларга эга маҳсулотлар рейтингини эълон қилиб туради. Бугунги суҳбатимиз ҳаммамизнинг кундалик рационимизда бўлиши керак бўлган маҳсулотларга бағишланади.
Юрак-қон томир касалликлари ва ортиқча вазн инсониятнинг энг катта душманлари экани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис мутахассислар айнан шу хасталикларга қарши туришда бизга ёрдам берадиган озиқ-овқат маҳсулотларини жуда қадрлайди. Хўш, бу қандай маҳсулотлар экан?
Помидор. Витаминларга бой, таркибида ликопин моддаси мавжуд – у турли саратон касалликлари ривожланишининг олдини олишда ёрдам берадиган антиоксидант ҳисобланади.
Яшил баргли сабзавотлар. Таркибида кўп миқдорда витаминлар ва минераллар мавжуд бўлиб, улар саратон ва юрак касалликларига қарши курашишда ёрдам беради. Шунингдек, баргли салат, исмалоқ ва шовул диабетнинг олдини олиши исботланган.
Сабзи. Ушбу сабзавот организм томонидан А витаминига айлантириладиган бета-каротин моддасига бой. У кўриш қобилиятини яхшилаш ва асрашга ёрдам беради. Агар сабзи кўзлар саломатлиги учун проифлактика чораларга қўшимча равишда истеъмол қилинса, саратонга қарши курашда ҳам кўмаклашади.
Қатиқ. Қатиқни истеъмол қилиш иммун тизимини мустаҳкамлайди ва саратон касаллиги ривожланишидан ҳимоя қилади. Унинг таркибидаги тирик бифидобактериялар овқат ҳазм қилиш тизими учун жуда фойдали, улар микрофлора мувозанатини ушлаб туради ва иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Ёнғоқлар. Ажойиб қувват манбаи, уларнинг таркибида кўп миқдорда оқсил, клетчатка, антиоксидантлар мавжуд. Ҳар куни бир сиқим ёнғоқ истеъмол қилар экансиз, узоқ умр кўришга умид қилишингиз мумкин.
Дони бутун маҳсулотлар. Дони бутун маҳсулотларнинг фойдаси ҳақида мутахассислар мунтазам равишда гапиради. Уларнинг баъзиларида инсон организми "ёқтирмайдиган” глютен оқсили бўлиши мумкин. Ана шу моддани кўтара олмайдиган кишилар донни тўғри танлашлари керак. Масалан, улар сули дони ёки жигарранг гуручни тановул қилишлари мумкин.