У зўрға оёғини судраб босарди. Йўл-йўлакай ўз-ўзи билан гаплашиб борарди. Гоҳо йўтали тутиб қоларди. «Шу аҳволга тушиб қолишимни ким ҳам ўйлабди?..Эҳ, қанийди шу топда ана бу ердан иккитагина кулча нон сотиб ололсам! ..Иссиққина чойи билан бўлса янаям соз бўларди...»
Машиналар ёнидан қувлашмачоқ ўйнагандек ғизиллаб ўтиб борарди. Ана, ялтираб турган ҳаворанг машина. Гўзал бир хоним ҳайдаб боряпти. Сочлари шамолда ўйноқлайди. Машина секинлашгандек бўлди. Йўқ, фақат машинагина эмас, рулдаги хоним ҳам унга қарагандек туюлди. Яноқлари туртиб чиққан озғин чол ўзича хомхаёл қилди. «Маза қилиб бир кўнгилхушлик қилсам эди». Ҳалиги ялтироқ машина секинлашди. Эллик қадам нарида тўхтади. Очлик ва чарчоқдан ҳориган чол ўз йўлида давом этарди. Ҳаворанг машина ёнидан ўтаётганда рулда ўтирган аёл унга қараб қўйди. Йўқ, у янглишмаганди: хоним ҳақиқатан ҳам унга қараган эди. «Очликдан бошим айланиб қолган бўлса керак», — деб ўйлади чол. Ҳаворанг машина гоҳ олдинга юрар, гоҳ яна тўхтарди. Чол рулда ўтирган хонимнинг бу ғалати қилиғи сабабини билмоқчи бўлди. У йўлнинг ўнг томонига ўтди. Гўзал хоним энди унга машинанинг бошқа ойнасидан қараб турарди. «Ёшлигимда хушрўйгина эдим. Менга эътибор қилишарди», — деб ўйлади озғин чол. У яна йўлнинг чап томонига ўтди. Энди хоним унга ойнанинг чап томонидан қараб турарди. Чол машина билан бақамти келганда хоним унга ойнадан боқиб деди: — Эшикни очиб, машинага ўтир! Чол талмовсираб қолди. Аммо хонимнинг жилмайиб туришидан дадилланиб, машинага ўтирди. Машина хашаматли бир уй олдида тўхтади. Хизматкор аёл чолга ажабсиниб қараб қўйди. Улар дид билан жиҳозланган хонага киришгач, хоним чол ҳали ўтирмасданоқ амр қилди: — Ечин! — Хоним, лоақал ювиниб олай! — Ечин деяпман! Чамаси, аёл маишатни анча соғинган кўринарди. Чол йиртиқ, кир кўйлагини ечди. — Шимингни ҳам еч! У гўзал хонимнинг жозибали жуссасига қараб туриб очлиги ва чарчоғини ҳам унутди. «Хўш, бир гал омадим чопган бўлса нима бўпти?! Юракка буюриб бўлмайди, у айнан мени танлади!» — Иштонингни ҳам еч! — буюрди гўзал хоним... Кейин у қўнғироқ тугмасини босди. Чиройли хизматкор аёл кириб келди. Чол сергак тортди: «Энди буниси ортиқча” — деб ўйлади у. Гўзал хоним хизматкорга буюрди: — Тарбиячига айт, бу ерга болаларни олиб келсин! Хизматкор чиқиб кетди. Иштончанг қолган чол титраб-қақшарди. Совуқданми, ҳаяжонданми — билиб бўлмасди. Бир куни у қандайдир гўзал хоним ўзига хиёнат қилган эридан ўч олиш учун уйига дуч келган бир эркакни олиб келиб ётганини эшитган эди. «Мана бу хоним ҳам мендан ўч олиш қуроли сифатида фойдаланмоқчи» — деб ўйлади чол. Бунақа ишларга у ярарди. Хонага тарбиячи, хизматкор ва уч нафар бола кириб келди. Болаларнинг каттаси ўн яшар, кичиги тахминан олти яшар — икки қиз ва бир ўғил. «Хизматкор аёл билан тарбиячи-ку бир нави, аммо болакайларнинг кўз олдида...», — деб ўйлади чол. Чолнинг оёқлари қоқ таёқдай, қўллари чилвирдай нимжон, бўйни сомон парчасидай ингичка эди. Қовурғаларини санаса бўларди. Гўзал хоним тарбиячига мурожаат қилди: — Айсел бугун овқат едими? — Жуда озгина еди. Какаони ичмади, — дея жавоб қилди тарбиячи. — Кўксел-чи? — У мутлақо овқатланмади. — Алтан-чи? — Бир бўлак шоколад еди, холос. Гўзал хоним болаларга ўгирилди. У чолга қўлини бигиз қилиб деди: — Мана бу одамни кўряпсизларми? Агар овқат емасанглар, сизлар ҳам худди шунақа бўласизлар. Болакайлар чўчиб онанинг пинжига тиқилишди. Гўзал хоним эса чолга зарда билан хитоб қилди: — Энди кийиниб туёғингни шиқиллат!