Андижон вилоятида умумтаълим мактаблари ўқувчилари жамоат транспортидан бепул фойдаланишмоқда, касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчиларига эса имтиёзлар жорий этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда. Ушбу ташаббус, «Соғлом бола йили» давлат дастуридаги вазифаларни бажариш доирасида, андижонлик автотранспортчилар томонидан чиққан. Жамоат транспортини ўқувчилар учун текин ва имтиёзли қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинганидан сўнг, автобусларга бу ҳақда эълонлар жойлаштирилган. Таълим органлари томонидан эса ўқувчиларнинг жамоат транспортида бепул ёки имтиёзли ҳаракатланишларини таъминлайдиган бейжиклар тайёрланиб, тарқатилган. Вилоят автокорхоналари ўқувчиларни автобусларда бепул ёки имтиёзли ташиш билан боғлиқ акцияни ўтган йили бошлашган эди. Ўшанда бу ташаббус ўқувчиларга ҳам, уларнинг ота-оналарига ҳам маъқул келганди.