Статистика |
Hozirda saytda: 14 Mexmonlar: 14 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Mart » 5 » ҚАЛБАКИ ДОРИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
12:25 ҚАЛБАКИ ДОРИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! |
Маълумотларга кўра, дори-дармон воситаларини харид қилиш бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларидан кейинги ўринда туради. Аммо саломатликни сақловчи дори воситалари ҳамма вақт ҳам кутилган натижага олиб келавермайди. Айтиш жоизки, юртимиз тиббиёт тизимида аҳолини сифатли дори- дармон билан таъминлаш, четдан келтирилаётган тиббий воситаларни назорат қилиш ва қалбаки дори тарқалишига қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ҚОНУНИЙ АСОС Республикамизда фармацевтика фаолияти «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонун ва бир қатор қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солинади. Ушбу Қонуннинг 14-моддасига кўра, дори воситалари, тиббий буюмларни экспорт ва импорт қилишнинг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланган ягона тартиби амал қилади. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини, шунингдек республикамизда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини юртимиз ҳудудига импорт қилиш тақиқланади. Шунингдек, Республикамиз дунёдаги тараққий этган фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириши билан бир қаторда, дори воситаларини назорат қилиш бўйича МДҲ давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллайди. Шунга қарамай, афсуски, тиббий саводи саёз, ўз соғлиғига бефарқ инсонлар ҳам учрамоқда. СИФАТИГА КИМ КАФИЛ? Ҳусен Тангриев, Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати катта инспектори Ҳар хил шароитларда ва белгиланган меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда ташиладиган, олиб келинадиган дорилар шифо ўрнига касалликни янада кучайтириб юбориши мумкин. Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтиради. Кўп ҳолларда эса ўзимиз билиб-билмай дори қабул қилиб, соғлигимизга зарар етказамиз. Бирор танишимизга таъсир қилган «мўъжизавий» дори ҳақида эшитсак, уни излашга тушамиз. Ўша дорини сотишга махсус рухсати борми, қўллашга яроқлими, бунга қизиқмаймиз ҳам. Республикамиз божхоначилари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда шу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора- тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Маълумот: Ўтган 2012 йил давомида божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига оид ҳолатларнинг аниқланиши натижасида 99.4 минг капсула ва 31 минг донадан ортиқ психотроп таблеткалар ушлаб қолинди. МИСОЛЛАРГА МУРОЖААТ Андижонлик божхоначилар Қўрғонтепа туманининг қўшни давлатга чегарадош ҳудудида фуқаро Н.Жумаеванинг қинғир қилмишларига нуқта қўйишди. Қарангки, ушбу фуқаро 18.2 млн. сўмлик 830 тўплам дори воситаларини қўшни давлатдан яширин йўллар билан юртимизга олиб киришга уринаётган пайтда фош қилинди. “Келес” темир йўл божхона постида “Новосибирс-Тошкент” йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида, йўловчилардан бири фуқаро А.Бекмуҳамедов қиймати 1,6 млн.сўмлик 3 турдаги дори воситаларини божхона баённомасида қайд этмасдан туриб, яширинча олиб киришга урингани аниқланди. Худди шу рейсдаги бошқа йўловчи – Н.Эргашев эса ҳеч иккиланмай “қадамини катта ташлабди”. У қиймати салкам 21 млн. сўмлик 19 турдаги дори- дармон воситаларини божхона баённомасида ҳам, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳам маълум қилмасдан, олиб ўтишни кўзлаган экан. “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан сохта “фармацевт”лардан яна бири – Н.Аҳмадалиеванинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. “Деҳли-Тошкент” йўналиши бўйича парвозини якунлаган ушбу йўловчи қиймати 23,4 млн. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган “Супрастин” дори воситасини ноқонуний тарзда олиб киришга уринганди. ДИҚҚАТ! ОГОҲ БЎЛИНГ Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ноқонуний дори бозорининг бир йиллик товар айланмаси 30 млрд . АҚШ долларини, яъни қонуний дори бозорининг 5-7 фоизини ташкил этади. Қалбаки дори-дармонлар ҳар йили дунёда 1 миллион га яқин инсоннинг умрига зомин бўлади. Қалбаки дори воситалари бозорининг 42 фоизини антибиотиклар, 18 фоизини психотроп моддалар ташкил этади. Шунингдек, даволовчи косметика ва биологик фаол қўшимчалар (БАД)ни ҳам қалбакилаштириш ҳолатлари кўп учрайди. AIPM — Фармацевтик корхоналар халқаро ассоциацияси маълумотига кўра... Саломатлик учун хавф туғдирувчи қалбаки дори воситалари асосан Ҳиндистон, Хитой ва Таиланд да ишлаб чиқарилади ва турли йўллар орқали бошқа давлатларга экспорт қилинади. Шунингдек, Россия бозорида сотилаётган қалбаки дори воситаларининг 40 фоизи давлатнинг йирик фармацевтик корхоналарида ишлаб чиқарилади. Бундан келиб чиқадики, Россия ҳам юқоридаги давлатлар рўйхатида. СЎНГГИ СЎЗ Инсон учун саломатлик доим биринчи ўринда. Аммо жонингиз дарддан азоб чекканда, малҳам излайсизу, қаршингизда турган инсон эса малҳам деб қўлингизга оғу тутқазса, бундан ёмони йўқ. Шу боис, бугун истеъмолчи сифатида ҳар биримиз ҳушёрликни оширсак, дори воситаларини кўр-кўрона қабул қилишдан олдин, албатта шифокор билан маслаҳатлашсак ҳам ўзимизнинг, ҳам яқинларимизнинг соғлиғини сақлаган бўлардик.
ovoza.com
|
Категория: Foydali maslahatlar |
Просмотров: 968 |
| Рейтинг: 5.0/1 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|